Туркий халқлар асрлар давомида жўғрофий жойлашув, сиёсий воқелик ва тарихий жараёнларга қарамасдан, маънавий, маданий ва қадрият жиҳатдан ўзаро боғлиқ бўлган катта бир миллатдир. Ўғуз, қарлуқ, қипчоқ лаҳжаларида гаплашувчи туркий дунёга мансуб халқлар тарихий меросга, умумий тил илдизларига, тарихий тажрибага, миллий урф-одатларга ва эътиқодларга эгадир. Улар ўртасидаги маънавий бирликваумумий қадриятлар бугунги кунда Туркий дунёнинг интеграцияси ва ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевордир.
Тарихий мерос келажак учун умумий таянч бўлиб, турк халқлари умумий тарихий илдизларига, қадимги давлатчилик анъаналарига ва буюк қаҳрамонлар меросига эгадир. Уч минг йиллик тарихга эга туркий давлатчиликнинг асосчиси деб баҳоланадиган Алп Эр Тўнга (Афросиёб) ушбу йирик миллатнинг муштарак қаҳрамони саналади. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас”, “Ўғузнома”, “Деде Қўрқут” каби миллий достонлар ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз, турк, озарбойжон ва бошқа туркий халқларнинг маънавиятида улкан ўринни эгаллайди. Миллий қаҳрамонлар – Билга ҳоқон, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ҳукмдорлар барча туркий халқлар учун адолат ва ватанпарварлик ўрнагидир. Ўртоқ ҳам муштарак тил, ёзув ва дунёқараш туркий халқларнинг асосий маънавий бирлигини таъминловчи омиллардан бири бўлиб, туркий тиллар гуруҳига мансубдир. Туркий тиллар орасида фарқлар бўлса-да, уларнинг асосий лексик, грамматик ва фонетик тузилиши ўхшаш бўлиб, бу халқлар ўртасида ўзаро алоқа ва тушунишни осонлаштиради. Масалан, қозоқ, қирғиз, ўзбек, озарбойжон ва турк тили ва бошқаларда бир қатор сўзлар ёки иборалар бир-бирига жуда яқин. Умумий дунёқараш қадимдан ушбу йирик миллатнинг табиатга эҳтиром, катталарни улуғлаш, меҳмонга ҳурмат, бағрикенглик, анъанавий оилавий қадриятлар ва фидокорлик руҳи, энг асосийси миллий ғурур ва ватанпарлик туркий халқларнинг маънавий коди ҳисобланади. Қадимги туркий тили(VIII-X асрларда) Ўрта Осиё, Жанубий Сибир, Шарқий Туркистон, Мўғулистон ва бошқа ҳудудларда яшаган туркий қабилаларнинг умумий тил сифатида фаол қўллаган лисони бўлган. Қадимги ёзув маънавий мероснинг рамзи бўлиб, Ўрхун-Енисей ёзувлари (VII-VIII асрлар) биринчи туркий алифбо асосида битилган ва туркий тилдаги деворий ёдгорликлардир. Бу ёзувлар орқали туркий халқлардаватанпарварлик, халқпарварлик, аждодларга садоқат, адолатпарварликвабирлик ғояларикенг тарқалганини кўриш мумкин. Бу ёзувлар нафақат тил, балкитурмуш тарзи, ахлоқий қарашлар, ижтимоий муносабатларни ҳам тасвирлайди. Ҳоқония туркчаси XI-XIII асрларда қарлуқ, ўғуз ва уйғур диалектларининг уйғунлашуви асосида шаклланиб, Марказий Осиёда туркий халқлар орасида расмий ва адабий тил сифатида хизмат қилган. Айнан шу тилда ёзилган асарлар орқали туркий дунё ўз маънавий қиёфасини намоён этган. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий каби ҳоқония туркчасида асарлар битган олимлар туркий дунё маънавий бирлигининг асосчилари ҳисобланади. Уларнинг асарлари туркий тил ва маданиятнинг илмий, ахлоқий ва фалсафий асосларини белгилаб берди. Ҳоқония туркчаси эса бир неча асрлар давомида туркий халқларнинг буюк маънавий меросини сақлаб қолган асосий адабий восита бўлиб хизмат қилган. Ўзининг асарларини туркийчада битган Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Атоий, Алишер Навоий, Хусайн Байқаро, Бобур, Шайбонийхон, Убайдуллахон каби машҳур исмлар киради. Бугунги кунда кўпчилик чиғатой туркийчасида ёзилган асарлар, девонлар ва бошқалар Европа давлатларидаги кутубхоналарда сақланади. XV асрнинг иккинчи ярмига қадар ижод қилган туркий адабиёт намоёндалари сифатида Саккокий, Лутфий, Атоий, Ҳайдар Тилба, Юсуф Амирий, Аҳмадий, Яқиний, Сайдий Аҳмад Мирзо, Гадоийларни киритиш мумкин.
Урф-одатлар ва анъаналар бирлиги туркий халқларни ўзаро бирлаштириб турувчи омиллардан бири бўлиб, туркий халқлар орасида кўплаб умумий урф-одатлар сақланиб қолган: Наврўз – баҳорнинг келиши, янгиланиш ва яшариш рамзи сифатида барча халқларда туркий минг йиллар давомида байрам қилинади. Ҳашар, кўмак, жамоавий ёрдам қишлоқларда бир-бирига ёрдам бериш, биргаликда уй қуриш, ариқ қазиш каби анъаналар умумийдир. Туркий халқларнинг оғзаки ижод маҳсули бўлган ва ҳозирда бахши ва оқинлар томонидан кўйланадиган достонларда ватанпарварлик, мардлик, садоқат, адолат каби умумий қадриятлар ёритилган. Меҳмондорчиликда “меҳмон отангдек улуғ” мақолида келтирилганидек, ҳар бир туркий халқда меҳмонга очиқ эшик, дастурхон ва ҳурмат маданияти авлоддан авлодга ўтади. Шунингдек, туркий дунё халқларининг катта қисми Ислом динига эътиқод қилади. Ислом уларнинг маънавий дунёқараши, ахлоқий меъёрлари ва турмуш тарзида муҳим ўрин тутади. Ислом қадриятлари туркий халқларнинг миллий қадриятлари билан уйғунлашиб кетган. Шу билан бирга, исломдан аввалги тангричилик, табиатга эҳтиром, космогоник қарашлар ҳам баъзи туркий халқлар маънавиятида сақланиб қолган ва бугунги кунда илмий-этнографик изланишларда қайта баҳоланмоқда.
Оила ва жамият тузилишидаги умумийлик ҳам туркий қадриятлардаги муштаракликка ишора қилади. Туркий халқларда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида улкан аҳамиятга эга, унда оталар, оқсоқолларнинг ўгити, оналарнинг кайвонийлиги муҳимдир. Туркий жамиятлардаги катталарга ҳурмат ва эҳтиром, оналар ва аёлларни муқаддас билиш, буюк аждодларнинг руҳини улуғлаш, қариндош-уруғчилик муносабатларига катта эътибор ва меҳр, авлодлар орасида “насл шарафи”ни сақлаш одати ёки уруғини билиш каби қадриятлар туркий дунёда барқарор оилавий ва маънавий муҳитни таъминлаб келган.
Маданият, санъат ва адабиётдаги уйғунлик аввало туркий халқлар адабиётидаги умумий мавзулар бўлган ватанпарварлик, муҳаббат, эзгулик ва адолат учун кураш асосий ўринни эгаллашида кўринади. Алишер Навоий, Маҳтумқули, Абай, Юнус Эмре, Низомий Ганжавий, Чингиз Айтматов ва бошқалар барча туркий халқлар томонидан умумий маънавий мерос сифатида қадрланади. Деярли барча туркий халқларда мавжуд бўлган “никоҳ тўйи”, “бешик тўйи”, “суннат тўй”, “ёш тўй” каби бошқа ритуал маросимлар ҳам бирдек маънавий қадриятга эгадир. Миллий мусиқа асбоблари дутор, қўбиз, дўмбира, най, доира ва бошқалар, халқ рақслари ва қўшиқлари, миллий кийимлар ва ҳунармандчилик анъаналари туркий халқларни бирлаштирувчи умумий маданий бойликлардир. Миллий ўйинлар хусусан, кураш, камондан ўқ отиш, кўпкари каби этноспорт ўйинлари деярли барча туркий халқларда севиб ўйналади, улар орқали маънавий ва жисмоний тарбия соҳасида бирликни кўрсатади. Туркий халқларнинг эртаклари, афсона ва асотирлари, мақол ва маталларидаги умумий қаҳрамонлар, ўхшаш сюжетлар маънавий яқинликни яққол кўрсатади. Насриддин Афанди, Алдар Кўса каби персонажлар шунга мисол бўла олади.
Хўжалик фаолиятидаги бирлик ҳам, хусусан, деҳқончилик ва чорвачиликдаги умумий яқинликлар, йилқичилик ва отларнинг ардоқланиши, ҳунармандчиликнинг алоҳида тармоқлари – кулолчилик, гиламдўзлик уларда юксак тараққий этгани буни кўрсатади. Миллий таомларнинг барча туркий халқларда ном ва тайёрланиш услуби жиҳатидан яқинлиги, нонни ва неъматларни улуғлаш каби қадриятларнинг бирлигидан далолатдир.
Мустаҳкамликни таъминловчи замонавий ташаббуслар сифатида сўнгги ўн йилликларда Туркий давлатлар ўртасида маданий ва маънавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор ташкилотлар фаолият юритмоқда. Турк Давлатлари Ташкилоти (ТДТ), TÜRKSOY, Халқаро Турк Академияси каби ташкилотлар туркий халқлар маданиятини асраш ва ривожлантириш, туркий давлатлар ҳамкорлигида маданий, таълимий ва сиёсий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, умумий тарих, адабиёт ва тил бўйича илмий тадқиқотларни илгари суриш каби мақсадларни илгари сурмоқда. Ёш авлодлар учун яратилажак умумий туркий тарих, адабиёт ва география дарсликлари туркий дунёга оид маънавий бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туркий халқларнинг маънавий бирлиги ва умумий қадриятлари бугунги ва келажакдаги ҳамкорликнинг асосидир. Ҳар бир туркий миллат ўзлигини сақлаган ҳолда, умумий тил, тарих, урф-одат, дин, маданият ва ахлоқий мезонлар атрофида бирлашмоқда. Бу бирлик нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик, балки маънавий юксалиш учун ҳам замин яратади. Маънавий бирлик моддий тараққиётнинг асоси, юксак маънавият эса юксак давлатчилик белгисидир. Турк халқлари асрлар давомида ўзаро тили, маданияти, тарихи ва анъаналарига кўра яқин бўлган, кенг Евроосиё минтақасида тарқалган улкан цивилизация ва инсоний мерос эгаларидир. Бугунги глобаллашув даврида туркий давлатлар ўртасидаги яқинлашув, интеграция ва ҳамкорлик нафақат тарихий эҳтиёж, балки стратегик заруратга ҳам айланмоқда. Туркий бирлик ғояси туркий тилли халқларнинг умумий манфаатлари, муштарак келажаги ва муштарак цивилизацион асосларига таянган ҳолда бирлашиш йўлида муҳим концептуал платформа ҳисобланади.
Маданият ва санъатдаги уйғунлик қалблар бирлигини тараннум этади. Халқ оғзаки ижоди, мусиқа, ҳунармандчилик, миллий фестиваллар, кино ва театр каби маданий йўналишлардаги алоқалар халқлар қалбини яқинлаштиради. Туркий халқлар санъати ва меъморчилиги умумий эстетик дунёқарашнинг юксак ифодаси бўлиб, бу борада қўшма маданий тадбирлар, туркий маданият форумлари ва мусиқа фестиваллари туркий бирликни оммалаштиришда муҳим воситадир. Тилда, тарихда, географияда, маданиятда ва сиёсатдаги муштаракликни институционал ва маданий механизмлар орқали мустаҳкамлаш орқали туркий давлатлар минтақавий ва глобал миқёсда барқарор куч сифатида шаклланиши мумкин.
Феруза ДЖУМАНИЯЗОВА
ЎзР ФА Шарқшунослик
институти, PhD, доцент