Актауда Ёшлар куни нишонланди

Актау шаҳрида “30 июнь — Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Актаудаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ш.Есенов номидаги Каспий технология ва инжиниринг университетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда Манғистау вилоятида фаолият юритаётган “Пахтакор” ўзбек этно-маданий бирлашмаси вакиллари фаол иштирок этишди. Меҳмонларга талабалар томонидан тайёрланган миллий рақс ва жонли ижрода қўшиқ чиқишлари тақдим этилди ҳамда ёшлар ўртасида савол-жавоб ўтказилди.

Тадбир дастурида Ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг вакили онлайн тарзда қатнашди ва ёшларга табрик сўзларини йўллади. Шунингдек, келгусида ёшлар билан алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида бир ёш талабамиз Актау шаҳридан ассоциация координатори сифатида сайланди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон миллий меросига оид китоблар ва расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Бу кўргазма ёшларга мамлакатимизнинг бой маданий меросини янада яқинроқ таниш имконини берди.

Тадбир дўстона рухда ўтди ва фаол иштирок этган ёшлар ҳамда ватандошлар эсдалик совғалар билан тақдирланди. Дастур якунида иштирокчиларга байрамона миллий дастурхон ёзилди.