Бош консулхонада Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон байроғи – фахримиз, ғуруримиз» мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Унда Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги «Пахтакор» ўзбек этномаданий бирлашмаси аъзолари ва оқсоқоллари ҳамда ушбу вилоятда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар иштирок этди.
Бош консул ўз нутқида ватандошларимизни Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун билан самимий табриклади. Ўзбекистон байроғи шонли тарихимиз, миллий қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуларни ўзида мужассам этганини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимиз байроғи хориждаги ватандошларни қалби ва онгида жонажон Ўзбекистонимиз билан ғурурланиш туйғусини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида урғуладилар.