Қозоғистон қурилиш обеъктларида меҳнат қилаётган мигрантлар яратилган шароитлардан мамнун

АКТАУ, 21 март. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистоннинг Актаудаги Бош консулхонаси ходимлари  Наврўз байрами арафасида мазкур шаҳарнинг 18 кичик туманида жойлашган «Мерей Азия Строй ЛТД» корхонаси қурилиш манзилларида меҳнат қилаётган ватондошлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур қурилиш ташкилотида бугунги кунда ўзбекистонлик 138 нафар мутахассис вақтинча меҳнат қилмоқда.

Консулхона вакиллари иш шароити, иш берувчи ва ишчилар ўртасида ўрнатилган ҳуқуқий муносабатлар билан яқиндан танишди.  «Мерей Азия Строй ЛТД» корхонаси  раҳбари К.Кочкаров бу ҳақда сўзлаб берди.

Меҳнат мигрантларини безовта қилаётган масалалар ўрганилди, уларнинг саволларига жавоб берилди ва консуллик хизматлари кўрсатилди.  

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегараларнинг очилиши, авиақатновлар тикланиши, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш масалаларида тушунтиришлар берилди.