Ўзбекистон дипломатлари Қозоғистонда вақтинчалик меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олди

АКТАУ, 29 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси маълумотига кўра, хорижда вақтинча меҳнат қилаётган ватандошларимизга муносиб шарт-шароит яратиш ва улар билан тизимли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қозоғистоннинг “Интер Строй Групп”“Мерей Азия Строй” ва “Абилай” корхоналарига вақтинчалик ишлаш учун келган 200 нафарга яқин ўзбекистонлик фуқаро Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида қозоғистонлик иш берувчилар билан биргаликда кутиб олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Консулхона масъул ходими Мангистау вилояти Актау шаҳри 19- ва 34-кичик туманларда жойлашган “Ондасин строй” корхонаси томонидан олиб борилаётган қурилиш объектига 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистондан вақтинчалик ишлаш учун келган 135 нафар ватандошимиз ҳолидан хабар олди. “Ондасин строй” ва “Интер строй групп” қурилиш объектларида ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашилди. Қозоғистонлик иш берувчиларнинг айтишича, айни пайтда мазкур қурилиш объектларида 300 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Мулоқотда ватандошларимиз қурилиш объектларида меҳнат меъёрлари яхши йўлга қўйилгани, иш ва дам олиш вақтлари иш берувчи ва ишчилар ўртасида келишилган ўзаро ички тартиб асосида белгилангани, ойлик маошлар ўз вақтида берилаётгани, ишчилар иш берувчи томонидан озиқ-овқат билан тўлиқ таъминланганини маълум қилди.

Қозоғистондаги қурилиш объектларида меҳнат қилаётган фуқароларимиз ўзларининг ҳалол меҳнати билан Актау шаҳри 19-кичик тумандаги 9 қаватли иккита турар жой ва 34-кичик тумандаги 1 минг 200 ўринли йирик таълим даргоҳини қуриб фойдаланишга топширганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистоннинг Актаудаги Бош консулхонаси ходими иш берувчилар ва ишчиларга ҳозирда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳот жараёни, меҳнат миграцияси соҳасидаги янгиликлар, “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти, меҳнат мигрантларига яратилаётган имкониятлар тўғрисида маълумот берди.

Ватандошларимиз консуллик-ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Суҳбат давомида ватандошларимиз Қозоғистон меҳнат миграцияси бўйича қонунчилик меъёрлари, меҳнат муҳофазаси ва карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақирилди.

https://dunyo.info/cyrl/site/inner/ozbekiston_diplomatlari_qozogistonda_vaqtinchalik_me%D2%B3nat_qilaiotgan_vatandoshlarimiz_%D2%B3olidan_habar_oldi-2PB