Конституция куни муносабати билан хориждаги юртдошларимиз табрик йўлламоқда

ОҚТОВ, 7 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Оқтов шаҳридаги “Пахтакор” ўзбек этно-маданий бирлашмаси раиси Рустам Тиллабоев ўз табригини йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

— 8-декабрь – Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ва истиқболининг ҳуқуқий асоси ва халқни давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи сифатида эътироф этган ҳужжат қабул қилинган тарихий, сиёсий ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга кундир.

Мамлакатимиз халқини ва хорижда бўлиб турган барча ўзбекистонликларни юртимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори, барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Манғистау вилоятидаги барча юртдошларимиз номидан ўз табригимни йўллайман.

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси — Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, эзгу ниятларига мос Бош қомусга эга бўлган давлат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Ўзбекистоннинг ушбу юксак марраларни забт этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, юксак маънавияти ва интеллектуал қобилияти билан ибрат бўлаётган ватандошларимизга муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламан.

https://dunyo.info/cyrl/site/inner/konstitutsiya_kuni_munosabati_bilan_horizhdagi_yurtdoshlarimiz_tabrik_yollamoqda-BSq