Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) “GALLUP” тадқиқот ва консалтинг ташкилоти томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида тайёрланаётган йиллик Жаҳон сўровнома (Gallup World Poll) бўйича ҳисоботини таҳлил қилди.
Gallup 2005 йилдан бери ҳар йили 160 мамлакат ўртасида (ҳар бир давлатдан 1000 киши) дунё бўйлаб сўров ўтказиб келмоқда, бу 15 ёшдан ошган дунё аҳолисининг 98%ини ташкил қилади.
Gallup World Poll 100 саволдан иборат ва қуйидаги Индексларни ўз ичига олади:
- Қонун ва тартиб;
- Озиқ-овқат ва уй-жой;
- Институтлар ва инфратузилма;
- Яхши иш ўринлари;
- Фаровонлик.
Gallup ушбу ҳисоботида Ўзбекистонни постсовет Евроосиё минтақасидаги мамлакатлар билан таққослаб боради.
Фаровонлик кўрсаткичлари
2022 йилда фаровонлик индекси (0 дан 10 баллгача) 6,0 баллни ташкил этди, ушбу индекснинг минтақадаги ўртача кўрсаткичи эса 5,7 баллга тенг. Шундай қилиб, Ўзбекистон постсовет Евроосиё минтақаси мамлакатлари орасида энг яхши натижалардан бирини кўрсатган.
Постсовет Евроосиё минтақаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Беларусь, Молдова, Украина каби давлатларни ўз ичига олади.
2022 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг 39%и ҳозирги кунда ўз фаровонлиги ошиб бораётганлигини таъкидлаган, бу минтақавий ўртача 30%дан сезиларли даражада юқори.
Ҳаётдан қониқишни аниқлаш учун «Ҳаёт зинапояси» деб номланган сўров натижаларидан фойдаланилади. Респондентлардан 0 дан 10 гача зинапоянинг қайси поғонасида эканлиги сўралади, бу ерда 0-поғона энг ёмон ҳаётни, 10-поғона эса энг яхши ҳаётни англатади.
Ўзбекистон аҳолисининг атиги 2%и ўз ҳаётларида қийинчиликларга дуч келаётганликларини қайд этишган, бу минтақавий ўртача кўрсаткичдан 6%га паст.
Ўзбекистон фаровонлик кўрсаткичлари бўйича минтақа мамлакатлари орасида энг яхши натижани кўрсатган.
Шу билан бирга, Gallup баҳолашларига кўра, пандемия давридан сўнг аҳолининг фаровонлиги энг тез тикланган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонликлар келгуси 5 йилдаги фаровонлигини 8,7 балл деб баҳолаганлар. Хусусан, келажакдаги фаровонлигини кутиш борасида Ўзбекистон минтақада энг яхши натижани кўрсатган, минтақанинг ўртача кўрсаткичи эса 7,4 баллни ташкил этган.
Респондентларнинг 86%и ҳозирги пайтда турмуш даражаси яхшиланаётганлигини билдиришган ва ушбу кўрсаткичнинг минтақадаги ўртача даражаси 40%ни ташкил этган.
Сўровда қатнашган Ўзбекистон аҳолисининг 80%и ҳозирги молиявий ҳолатидан қониқаётганлигини билдиришди, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, минтақа учун ўртача кўрсаткич 60%ни ташкил этган.
Ўзбекистонликларнинг 44%и жорий даромадларида яхши ҳаёт кечираётганликларини билдиришган бўлса, минтақадаги ўртача 33% бўлган.
Яхши иш ўринлари
Ўзбекистондаги ишчиларнинг 34%и ўз ишларидан қониқишларини билдиришган. Бу эса ўз навбатида, минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, минтақа учун ўртача 27%ни ташкил этган.
“GALLUP” ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, иш жойларидан кўнгли тўлмайдиган ишчилар глобал иқтисодиётга 8,8 трлн. доллар ёки жаҳон ЯИМнинг 9% миқдоридаги харажатларни келтириб чиқаради
Ўзбекистондаги ишчиларнинг 15%и ўз иш жойларида стрессга тушишлари мумкинлигини таъкидлашган бўлиб, бу минтақадаги кўрсаткичдан минтақада 24%ни ташкил қилди.
2020 йилдан бери ҳозирги даврда иш топишнинг энг яхши пайти деб ҳисоблайдиганларнинг улуши 17%га ошган ва 2022 йилда сўровда қатнашганларнинг 63%и буни қайд этишган. Бу эса ўз навбатида, минтақадаги энг юқори кўрсаткич, ўртача кўрсаткич эса 38%ни ташкил этган.
Икки йил давомида ўзбекистонликларнинг мамлакат иқтисодиётини яхшиланаётганлигига ишончи 7%га ошиб, 82 фоизга етди. Бу кўрсаткич минтақада ўртача 51%ни ташкил этган.
Институтлар ва инфраструктура
2022 йилда ўзбекистонликларнинг 92% мамлакат ҳукуматига ишонишларини билдиришган, бу эса аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончининг ўртача кўрсаткичи 68%ни ташкил этган минтақа мамлакатлари орасида энг яхши натижалардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда суд тизими фаолиятига ишонувчиларнинг улуши икки йил ичида 10%га ошган ва 2022 йилда 74%ни ташкил этган. Бу кўрсаткич минтақада ўртача 45% бўлиб, сезиларли даражада паст.
Минтақа аҳолисининг ўртача 55%и молия институтлари ва банкларга ишонишларини таъкидлашган бўлса, Ўзбекистонликларнинг 82%и банк-молия тизимига «жуда катта» ишонч билдиришган.
Ўзбекистонликларнинг 94%и болалар ва ёшларга «катта» эътибор қаратилмоқда деб таъкидлаган бўлсалар, бу ҳам минтақадаги ўртача кўрсаткич 76%га нисбатан юқори натижа.
Ўзбекистон аҳолисининг 93%и мамлакатда билим олиш ва ўсиш учун барча имкониятлар мавжудлигини билдиришган, минтақадаги бу кўрсаткич 68%ни ташкил этган.