Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, таълим, қонун устуворлигини таъминлаш, чегараларни бошқариш, жиноятчиликка қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали муҳим ҳамкор мақомига эга бўлмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалар жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми Ўзбекистондан Европа Иттифоқи ҳудудига товарлар экспорти учун имтиёзли шарт-шароитларни таъминловчи GSP+ имтиёзлар тизими туфайли барқарор ўсиб бормоқда.
Шундай қилиб, кейинги йилларда савдо-иқтисодий соҳада сезиларли ўсиш кузатилмоқда. 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг деярли ўндан бир қисми (9,2 фоиз) Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келди, бу 5,8 миллиард долларга тенг.
Бу кўрсаткич, масалан, 2020 йилда томонлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил этган кўрсаткичлар билан солиштирганда анча салмоқли. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига экспорти таркибида тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хомашёси, Европа Иттифоқидан импортда эса машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва кимё маҳсулотлари устунлик қилади.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ичида Германия Ўзбекистон учун сармоявий, савдо-иқтисодий шерик сифатида алоҳида аҳамиятга эга. 2024 йил январ ойи ҳолатига кўра, Германиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 100 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Германия инвестицияларининг умумий ҳажми 2017 йилдан буён 11 баробар ошди. Кейинги олти йилда Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони қарийб уч баробарга ошган бўлса, 2024 ймл апрель ҳолатига кўра бу кўрсаткич 220 тага етди.
Ўзбекистоннинг яна бир йирик савдо-иқтисодий ҳамкори Франциядир. 2024 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Франция ва Германия Ўзбекистон билан энг йирик савдо айланмаси бўйича етакчи ўнталикка кирди, иккинчи ўнталикка эса Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан Литва, Чехия ва Италия кирди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил июнь ойида Италияга давлат ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шундай декларация Венгрия билан 2021 йилда имзоланган эди.
Албатта, Европа Иттифоқи мамлакатлари Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлиб, ўсиб бораётган савдо-иқтисодий ва сармоявий кўрсаткичлар мамлакатимиз иқтисодий манфаатларига хизмат қилади.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги тобора муҳим ҳамкорига айланиб бормоқда. Жорий йилнинг апрель ойида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолаган бўлиб, у Европа Иттифоқи иқтисодиёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт ва бошқалар каби муҳим хом ашёлар соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкорликнинг бошланишини белгилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда икки томонлама алоқалар билан бир қаторда, ҳамкорликнинг энг самарали усули бўлган минтақалараро ҳамкорлик соҳасида ҳам ижобий жараёнлар кузатилмоқда.
Марказий Осиёнинг ўзидаги интеграцион жараёнлар минтақалараро муносабатларни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади, бу Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган яхши қўшничилик сиёсати ва 2017 йилдан буён амалга оширилган ислоҳотлар туфайли амалга ошди. Дунёдаги геосиёсий беқарорлик шароитини ҳисобга олганда хавфсизлик соҳасида минтақалараро ҳамкорлик алоида аҳамиятга эга.
Самарали ҳудудлараро ҳамкорликнинг намунаси сифатида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматини келтириш мумкин. Мазкур формат доирасида ҳар йили вазирлар учрашувлари мунтазам ўтказилади. Бундай учрашувнинг сўнггиси 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган бўлиб, уда Евроиттифоқ ва Марказий Осиё давлатларининг биринчи расмий саммити санаси муҳокама қилинган.
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи расмий саммити Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш имконини берувчи муҳим воқеадир. Бу воқеа, экспертларнинг фикрича, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги олдинги учрашувларга нисбатан алоҳида ўрин тутади.
Маълумки, саммитни жорий йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бу Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистон юритаётган сиёсатни эътироф этишидан далолат беради. Қайд этилишича, тадбирда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари олий раҳбарияти иштирок этади. Саммитда Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакилларининг иштирок этиши мазкур тадбирнинг аҳамиятини кўрсатади. Қайд этилишича, тадбир давомида одатда “Ўрта йўлак” деб аталадиган “Транскаспий халқаро транспорт йўналишини” (ТХТЙ) ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Европа Иттифоқи ушбу мақсадлар учун 10 миллиард АҚШ долларига яқин сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Шимолий коридорга муқобил бўлган ушбу транспорт йўналишининг ривожланиши жаҳондаги логистика занжирларини сезиларли даражада тиклайди ва мустаҳкамлайди.
Шундай қилиб, бу вазиятда «Ўрта йўлак»га қизиқиш ортиб бормоқда. Бундан ташқари, бу тенденция Яқин Шарқдаги вазият билан ҳам боғлиқ бўлиб, бу Боб ал-Мандеб бўғозидаги кемалар қатновига бевосита таъсир қилади.
Тегишли стратегик қарорлар билан “Ўрта йўлак” минтақавий савдони кучайтиришга ва йўналиш бўйлаб мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилашга ёрдам беради. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, коридор, шунингдек, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги йўналишларнинг мустаҳкамлиги ва диверсификациясини таъминлаб, мамлакатлар ва таъминот занжирларини геосиёсий зарбалардан ҳимоя қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Саммит доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув (КШҲК) билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан келишув якунига етказилган, Қирғизистонда ҳужжатларни имзолашга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда, Тожикистон билан эса Европа Иттифоқи музокараларни бошлашга ҳозирлик кўрмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида инвестициявий ҳамкорлик, товарлар, хизматлар савдоси ва интеллектуал мулк соҳаларида ўзаро ҳамкорлик доирасини Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини киритилиши туфайли сезиларли даражада кенгайтирадиган КШҲБни имзолаш бўйича якуний қарор қабул қилиниши эҳтимоли мавжуд. Шундай қилиб, янги келишув Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликнинг тўлақонли механизмини яратади.
Бундан ташқари, саммитда жаҳондаги геосиёсий келишмовчиликлар фонида Марказий Осиёда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ниҳоятда муҳим бўлади. Шунингдек, Афғонистон масаласи, минтақавий барқарорлик ва ҳамкорлик масалалари саммит кун тартибидан жой олишини тахмин қилиш мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши ҳар икки томон учун ҳам янги имкониятлар очади. Хусусан, Европа томони учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудуди транспорт-логистика занжирларини барқарорлаштириш ҳамда муҳим хомашёлар сотиб олишнинг муқобил имкониятини яратади. Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи янги ташқи бозорларни излаш, жаҳон ҳамжамиятининг диққатини сув ва иқлим муаммолари ва минтақавий хавфсизлик масалаларига қаратиш, шунингдек, ташқи сиёсатдаги шерикларни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Бунёд Тиллаходжаев,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси