Ўзбекистон яшил энергетикани ривожлантиришни рағбатлантирмоқда

Охирги 6-7 йилда Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиёт, хусусан, “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича дадил қадам ташланди.

Сўнгги 5-6 йил ичида умумий қуввати 20 630 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станциялари (қуёш фотоэлектр станциялари қуввати – 7 минг 630 мегаватт ва шамол электр станциялар қуввати – 13000 мегаваттни ташкил қилади)ни қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 38 табитим имзоланди. Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти томонидан 29 та қарор имзоланди.

Жумладан, умумий қуввати 1700мегаваттга тенг бўлган 7 та қуёш фотоэлектр, умумий қуввати 900 мегаваттга тенг бўлган 3 та шамол электр станцияси лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Мазкур инвестиция лойиҳалари Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar”, “Tepelen Group AG”, ва “Solar Power Shine”, Франциянинг “Total Eren”, “Voltalia”, Хитойнинг “Gezhouba Overseas Investment Group”, “China Datang Overseas Investment” ҳамда “Universal Energy” компаниялари томонидан амалга оширилади.

Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 21 млрд 121 млнАҚШ долларини ташкил этиб, уларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига бажарилади.

Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда 7 та вилоятда умумий қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.

2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистондаги илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Худди шунингдек, 2022йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлади.

2023 йил декабрь ойида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 220 мегаватт қувватли қуёш, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида 200 мегаватт, 2024 йил 2 май куни яна 100 мегаватт қувватли қуёш, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида 2023 йил декабрь ойида 200 мегаватт, 2024 йил 2 май куни яна 100 мегаваттқувватли қуёш, 2023 йил декабрь ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 457 мегаваттқувватли ва 2024 йил 2 май куниТошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида умуми қуввати 200 мегаваттбўлган қуёш ишга туширилган.

Ушбу ишга туширилган “яшил” электр станциялар орқали

3 млрд кВтсоат электр энергияси ишлаб чиқарилди

2024 йил 30 август куни ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 млрд кВтсоатни ташкил қилди.

Айтиш жоизки, шу пайтгача қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 2 млрд 677,8 млн кВтсоат,шамол электр станцияси томонидан эса 322,2 млн кВтсоат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

➖ 983,3 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖ атмосферага 1 млн 291,1 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.

Мазкур ҳажмдаги электр энергияси 1 мнн 875 мингта хонадоннинг 8 ойлик ёки 1 млн 250 мингта хонадоннинг бир йилликижтимоий нормасини ташкил қилади.

Ушбу кўрсаткичлар йил якунига қадар мазкур электр стансиялар ва янги генерация қувватлари (“яшил” станциялар) ҳисобидан 5 млрд 740 млн кВтсоатга етиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2024 йилда умумий қуввати 2600 мегаватт бўлган 10 та, жумладан, Навоий вилоятининг Томди, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманларида, қолаверса, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида ҳам қуёш ҳамда шамол электр станциялари фойдаланишга топширилади.

2025 йилдаБухоро вилоятининг Қоровулбозор, Пешку, Ғиждувон ва Олот туманларидаумумий қуввати 3 минг 150 мегаваттга тенг бўлган 7 та қуёш ва шамол ҳамда 2030 йилгача Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 9 минг 300 мегаваттга тенг бўлган 9 та шамол электр станцияси ишга туширилади.

Таъкидлаш керакки, тизимли ишлар натижасида 2026 йилга бориб, Ўзбекистонда умумий қуввати 5000мегаватт,  2030 йилга бориб эса 18000 мегаваттдан ортиқ бўлганқуёш ва шамол электр станциялари иш бошлайди.

Мазкур “яшил” лойиҳалар ишга туширилгач, 2030 йилга бориб йилига йилига 50 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилиб, бунинг натижасида йилига қарийб 15 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Бундан ташқари атмосферага 21 млн тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинади. Бу 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келади, дегани.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Июль ойида қуёш панел ўрнатиб, ундан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортган қисмини давлатга сотган 3 минг 759 нафар фуқарога 1 млрд 399 млн 564 минг сўм тўлаб берилди

Жорий йилнинг январь — июль ойлари давомида 4 минг 986 нафар жисмоний шахс ўз хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариб, истеъмолдан ортган 4 млн 815 минг 922 кВтсоатлик қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотган.

Ҳар бир кВт⋅соат электр энергияси 1000 сўмдан сотиб олинадиган ушбу ҳажм жами 4 млрд 815 млн 922 минг сўмни ташкил қилган ва тегишли сумма Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ” мобил иловаси орқали юқоридаги фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилган.

Биргина июль ойида қуёш панел ўрнатиб, ундан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг истеъмолдан ортган қисмини давлатга сотган 3 минг 759 та хонадонга 1 млрд 399 млн 564 минг сўм тўлаб берилган. Мазкур субсидия маблағлари солиқ органлари томонидан ҳар ойда “Солиқ” мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар (июль ойининг субсидияси 25августгача) фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Жисмоний шахсларнинг қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини онлайн сотиб олишлари учун платформа – https://energymarket.uz/ишга туширилди.

Ушбу қурилмаларни икки хил усулда харид қилиш мумкин. Биринчиси, 3 йил муддатда фоизсиз (0%) бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда. Тўлиқ сотиб олганда эса истеъмолчига қувватига қараб давлат томонидан компенсация берилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

Матбуот хизмати