Ўзбeкистондаги янги сайлов тизими:қонунчилик ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда нималар ўзгаради?
Сайловга доир барқарор ҳуқуқий маданиятни шакллантирмасдан туриб, эркин жамият ва давлатни шакллантириб бўлмайди. Сайловлар халқ ҳокимиятининг асоси эканлиги умум-эътироф этилган ҳақиқатдир. Мамлакатда эркин сайловларнинг мавжудлиги демократик бошқарув режими ва республика бошқарув шакли тамойилларидан бири бўлиб ҳисобланади.
МДҲга аъзо давлатларда “Демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқ ва эркинликлари стандартлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 9-моддаси 1-бандига мувофиқ: «Ҳақиқий сайловларда халқнинг эркин ифодаланган истак-иродасини аниқлаш ва унинг бевосита амалга оширилиши таъминланади». Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон Республикасининг сиёсий тизимида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган муҳим ўзгаришлар рўй берди. Ана шундай ўзгаришлардан бири сайлов қонунчилигига киритилган янгиликдир. Гап Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловларнинг Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини мажоритардан мажоритар-пропорционал(баъзан аралаш деб аталади)га ўзгартириш ҳақида бормоқда. Иккита классик электорат формула (мажоритар ва пропорционал)ларни бирлаштирган аралаш сайлов тизими турли қитъалардаги бошқа қатор давлатларда: Европа Иттифоқи давлатларидан (Болгария, Венгрия, Германия, Италия ва бошқалар) тортиб, Узоқ Шарқ давлатлари (Япония ва бошқалар)да ҳам қўлланилади.
Мажоритар-пропорционал сайлов тизимига ўтишдан мақсад нима?
Биринчидан, бу тизим овозларни тўлиқроқ ҳисоблашга ёрдам беради ва мамлакатдаги реал сиёсий вазиятни аниқроқ акс эттиради.
Иккинчидан, парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ҳудудлари вакиллигининг янада мутаносиблигига эришилади.
Учинчидан, партиялар ва номзодлар ўртасидаги муносабатлар формати ўзгаради, чунки партиялар ҳақиқатан ҳам таниқли, обрўли ва сайловчилар билан фаол ишлашга қодир номзодларни топишга эътибор қаратишга мажбур бўлади.
Тўртинчидан, янги давлат сиёсатчиларининг пайдо бўлиши учун платформа яратади.
Аралаш сайлов тизимлари уч турга бўлинади:
- пропорционал вакилликнинг (пропорционал-мажоритар)
устунлигига асосланган;
- мажоритар тизимнинг устунлигига асосланган
(мажоритар-пропорционал);
- пропорционал ва мажоритар тизимлар тенглигига асосланган тизим.
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида пропорционал ва мажоритар тизимлар тенглигига асосланган тизимга ўтиш мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 67-моддаси 2-қисмида Қонунчилик палатаси депутатларининг етмиш беш нафари бир мандатлик сайлов округлари бўйича, етмиш беш нафари эсаягона сайлов округидаги сиёсий партиялар учун овозлар сонига мутаносиб равишда партия рўйхати бўйича сайланади, деб белгиланган. Одатда, бундай тизимлар билан сайлов куни сайловчига у махсус номзодга овоз берадиган ва партия учун овоз берадиган алоҳида бюллетень тақдим этилади. Бу борада ҳар бир давлатнинг ўз амалиёти шаклланган. Масалан, Германияда участка сайлов комиссияси биттадан сайлов бюллетенини беради, унинг бир томонида бир мандатлик округ номзодлари, бошқа томонида ерликлар рўйхатлари бўлади, Россияда эса сайлов участкаларидаги сайловчиларга иккита бюллетень берилади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 31-моддаси 3-қисмида «Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади», бу бир мандатлик сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайловларни тавсифлайди.
Сайлов кодексининг 31-моддаси 4-қисмида «Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловида сайлов бюллетенига унда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси уларнинг сайловда иштирок этиши учун рухсат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади» деб белгиланган. Демак, Қонунчилик палатасига сайловда икки хил сайлов бюллетенлари тайёрланади. Бу меъёр сиёсий партиялар учун жиддий синов бўлиб, ноаниқликни бартараф этиш, партиявий йўналишлар равшанлигини аниқлаш мақсадида уларнинг сиёсий дастурини ишлаб чиқишда машаққатли меҳнат қилишлари керак бўлишини назарда тутади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 401-моддасида Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, бир мандатлик депутатликка номзодлар томонидан партия рўйхатини қайд ва эълон қилиш тартиби белгиланган. Ягона сайлов округи бўйича номзодлар рўйхатини қайд ва эълон қилиш ғояси тўғри. Сайловчи партиялар рўйхатида кўрсатилган номзодлар асосида партия ҳақида ўз тасаввурини шакллантиради. Шу билан бирга, энг муҳим вазифа – мандатларни рўйхат доирасида тақсимлаш методикасини шакллантириш керак.
Сайлов натижаларини аниқлаш масаласидаги ўзгаришлар ҳам қизиқарлидир. Бир мандатлик сайлов округидан сайланадиган депутатликка номзодлар мажоритар сайлов тизимининг нисбий кўпчилиги бўйича аниқланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддаси 5-қисмига биноан, энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади. Бундай тизим жуда самарали,икки ёки ундан ортиқ номзодлар бир хил миқдорда овоз олган ҳоллар эса бундан мустаснодир. Нисбий кўпчиликнинг мажоритар тизими 43 мамлакатда, шу жумладан АҚШ ва Британия, Миллатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган бир қатор давлатларда парламент палаталарига (ёки иккала палатага) сайлашнинг ягона тизими сифатида қўлланилади.
Ягона сайлов округи бўйича сайланган сиёсий партияларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 961-моддасида етти фоизлик тўсиқ белгиланган. Бунда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг етти фоиз овозини олгансиёсий партия депутатлик мандатига эга бўлади.
Нима учун қонун чиқарувчи бу тўсиқни ўрнатди? Унинг мавжудлигининг сабаби нимада? Ушбу масала бўйича турли фикрларни ўз ичига олган юридик адабиётларда уни жорий этишнинг қуйидаги сабаблари қайд этилган:
- Тўсиқ сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланган партияларнинг парламентдаги депутатлик ўринларини тақсимлашда сайлов участкаларида юз берган «шовқин», хатолик ёки тасодифийлик даражасида иштирок этишини қисқартириш мақсадида киритилган, одатда, бу фуқаролар овозлари умумий сонининг қарийб икки фоизини ташкил қилади. Бу қиймат сайловчилар гуруҳининг беқарорлиги, тасодифийликнинг юқори даражаси ва сайловга таъсир этувчи бир қатор бошқа омиллар туфайли мақбул деб ҳисобланади.
- Тўсиқ парламент ичидаги ортиқча фракцион бўлинишларга йўл қўймаслик учун қўлланилади, бу унинг номарказлашуви ва унинг ишини фалажланишига олиб келиши мумкин.
- Тўсиқ, муҳим қарорлар қабул қилишда, жумладан, ҳукуматни шакллантиришда кичик партияларнинг негатив фаоллиги ва таъсирини истисно қилиш учун киритилган. Бу таъсир, кичик партиялар, якуний қарор қабул қилишда муҳим роль ўйнайдиган фракцияларни тузиши мумкинлигига, ва уларни йирик партиялардан устун келишига олиб келиши мумкин.Масалан, бундай ҳолат Исроилда 2019-2022 йиллардаги сиёсий инқирозга олиб келиб, 3,5 йил ичида Кнессетга ўтказилган бешта навбатдан ташқари сайловларда кўринади.
- Бундан ташқари тўсиқ, мандатларни тақсимлашда иштирок этувчи партияларга ўз вазифаларини самарали амалга ошириш учун фаол фракцияларга эга бўлиш имкониятини таъминлаш мақсадида ҳам жорий этилган.
Хўш, бу тўсиқ хорижий мамлакатларда қандай? Нидерландияда – 0,67%, Исроилда – 3,25%, Россияда – 5%, Қозоғистонда – 7%, Миср ва Лихтенштейнда – 8%, Туркияда – 10%. Шу билан бирга, бундай тўсиқ умуман йўқ қатор давлатлар ҳам бор: биз буни Португалия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Швеция ва бошқа баъзи мамлакатларда кўрамиз.
Хулоса.
Ижтимоий-сиёсий ҳаёт ўз механизми орқали партиялараро рақобат тузилишига таъсир кўрсатади, партиялараро рақобат эса, ўз навбатида, партия тизими ичидаги ислоҳотлар омили ҳисобланади. Буларнинг барчаси биргаликда сайлов тизимидаги ўзгаришларнинг асосидир. Биз интилишимиз керак бўлган ўзгаришлар мавжуд. Ишончимиз комилки, келажакда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар, олдимизга сайлов ҳуқуқи соҳасини ривожлантириш ва амалиёт билан экспертлар томонидан таклиф этилаётган янги ғоялар билан тўлдириш вазифасини қўяди.
ГулчехраМаликова, ю.ф.д.,
профессор,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
бош илмий ходими