Юксак ривожланган демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган ҳар бир давлатнинг вазифаси ўз фуқароларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан иборат бўлади. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ҳуқуқий тарбия асосий ўринни эгаллайди. Шу сабабдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзининг барча чиқишларида ҳуқуқий маданиятнинг аҳамиятига, уни юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари сифатида аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида «Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!» деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш белгилаб берилди.
Ушбу Фармонга кўра, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши лозимлиги белгиланди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланишича, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1000 тага етказиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчилар улушини 3 баробарга ошириш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш режалаштирилган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантиришда истиқлол туфайли қарор топган янгича ҳуқуқий тафаккур ва халқимизнинг юксак маънавий салоҳияти янгиланган Конституциямизда мафкуравий пойдевор сифатида ўз ифодасини топди. Конституциямиз, бир томондан, ижтимоий ҳуқуқий онгнинг юксак ифодаси бўлмиш ҳуқуқий тизимнинг, ҳуқуқий мафкура ва маданиятнинг бевосита маҳсули сифатида вужудга келди, иккинчи томондан эса, аҳолининг ҳуқуқий онги, янгича тафаккури ва маданиятини шакллантириш, уларни ижобий йўналтириш ҳамда юксалтиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Янгиланган Конституциямизда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Чунончи, унинг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги, 51-моддада фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақлилиги, 52-моддада эса, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши мустаҳкамланди.
Ҳозирги вақтда жамиятимизда учрайдиган ҳуқуқий саводсизликни енгиб ўтиш, қонунга ҳурмат муносабатини тарбиялаш, ўзбўлармончилик ва коррупцияга муросасиз бўлишга эришиш зарурияти сезилмоқда. Ўзибўларчилик, ҳуқуқий саводсизликнинг илдизи билан қуритиш бўйича барча ишларнинг муҳим таркибий қисмини фуқароларнинг ҳуқуқий тарбияси эгаллайди. Ҳуқуқий тарбия – бу инсонда ҳуқуқ ҳақида маълумотга эга бўлиш ва ҳуқуқий масалалар бўйича формал билимларнинг оддий йиғиндиси эмас, балки уларга қонунчиликнинг асосий қоидаларини онгли равишда ўзлаштириш, олинган билимларни шахсий ишончга айлантириш, қонунда белгиланганларга қатъий риоя қилиш, кейинчалик уни бажаришни ички эҳтиёж ва одатга айлантиришдир.
Ҳуқуқий тарбияда бадиий адабиётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио, матбуот катта роль ўйнайди. Ҳуқуқий онгни тарбиялаш бутун жамиятнинг маданий ҳаёти, давлат ижтимоий функциясининг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳуқуқий онгни тарбиялашнинг асосий йўналишлари бўлиб ўқув ва тарбиявий ишлар жараёнида амалга ошириладиган ҳуқуқий ўқитиш, оммавий ахборот воситалари, деворий газеталар, маърузалар, давра суҳбатлари, йиғилишлар, оғзаки ташвиқот, тематик кечалар орқали ҳуқуқий билимларни тарғибот қилиш, ҳуқуқий талабларни бажаришга мажбур қилиш кабилар ҳисобланади.
Тарбиявий ишлар бутун жамият ва давлат манфаатларига жавоб берадиган энг умумий юридик тамойил ва талабларни тушунишга қадар шахснинг индивидуал ҳуқуқий онгини юксалтиради.
Ўз ҳуқуқини биладиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ва онгли муносабат билан ёндошадиган, шахсий манфаатини мамлакат ва ҳалқ манфаати билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин, билимли ва баркамол профессионал кадрларни тарбиялаш вазифаси янги Ўзбекистонни барпо этишдаги энг долзарб масалалалардан бири ҳисобланади.
Ҳар бир мутахассис ўз соҳаси ва касбига доир ҳуқуқий ҳужжатларни яхши билиши ва уни ҳимоя қила олиши зарур. Шунинг учун профессионал кадрларни ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий билимлар билан қуроллантириш демократик ҳуқуқий давлат барпо этаётган мамлакатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Токи, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқи, ўз бурчи ва масъулиятини билмас ва англамас экан, уни ўзининг ҳаётий эҳтиёжи сифатида қарамас экан, бизнинг пировард мақсадимиз бесамар кетаверади.
Ҳуқуқий маданият – бу жамият ҳаётига ҳуқуқни сифатли татбиқ этишдир. У кундалик турмуш муаммо ва масалаларини ҳал этишда ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланишда, ҳалқ эҳтиёжларини қондиришда ўзига хос бир барометдир. Ҳуқуқий маданият жамият умумий маданиятининг таркибий қисми сифатида жамиятни онгли равишда бошқаришни, ўз олдимизга қўйган дастурий вазифаларни амалга оширишда, инсонларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг туб моҳиятини тўлақонли англаган ҳолда фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш учун ҳамжиҳатликда фаолият юритишини таъминлайди.
Шу сабабдан, жамият тараққиётининг ҳозирги ҳолати ҳуқуқий муносабатлар барча иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлигини ҳар томонлама ошишини талаб этмоқда. Ҳуқуқий маданият ҳуқуқий билим, ҳуқуқий эхтиёж ва изохий амалий фаолият мажмуи сифатида жамият ва давлат олдида турган вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантиришни ривожлантиришда умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўламини янада кенгайтириш, аҳолининг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмаларни тайёрлаш ва хонадонларга бепул тарқатиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, умумтаълим муассасалари сони сўнгги 5 йилда 660 тага ошиб, 2023-2024 ўқув йили бошига фаолият юритаётган умумтаълим муассасалари сони 10 750 тани ташкил этган.
Нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони ҳам ортиб бормоқда. Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023/24 ўқув йили бошига Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 293 тани ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2018/2019 ўқув йили бошига нисбатан 235 тага кўпайган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда кундалик турмушда кўп учрайдиган масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари ва янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини уйма-уй юриб тарғиб қилиш, шунингдек, ҳуқуқий маълумотларни етказишга қаратилган флаер, буклет ва бошқа тарқатма материалларни оилаларга бепул тарқатиш, ёшлар ва ота-оналар ўртасида никоҳ ёши, алимент тўлаш шартлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва унинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш, маҳаллаларда аҳоли орасидаги турли муаммоли масалалар, хусусан, миграция, моддий ёрдам, ер олиш, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, алимент, ишга жойлашиш, таълим олиш ва бошқалар бўйича ҳуқуқий ахборотни буклет, флаер, лифлет ва плакатлар шаклида аҳолига етказиш, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролик низоларини кескин камайтириш ҳамда аҳолида, айниқса, тарбияси оғир бўлган фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотиш мақсадида судлар томонидан маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотларни тизимли равишда ташкил қилиш ва сайёр суд мажлислари ўтказиш кўламини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» ва «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича тизимли ўргатиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва ўргатилишини ташкил қилиш, янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмалари тизимини яратиш, бунда умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчилари учун ҳуқуқий билимларни содда ва кўргазмали ўргатишга қаратилган ўқув қўлланмаларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари орасида ҳуқуқ фанидан республика миқёсида танловларни ташкил қилиш ва ўтказиш, ёшлар онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланишини ташкил қилиш, видеороликлар ишлаб чиқиш, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида ҳуқуқ фанидан олимпиадалар ўтказиш, тарбияси оғир вояга етмаганларга кучайтирилган ҳуқуқий таълим бериш ва тарбиялашга оид махсус дастурларни қўллаш, диний экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга қаратилган махсус видеороликлар тайёрлаш, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ахборот-кутубхона фондларини юридик адабиётлар билан бойитиб бориш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига ҳам дадил кириб бормоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бир қатор хусусий телестудияларнинг кўрсатувлари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларига узатилмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ўз хабарларини 10 та хорижий тилда тарқатмоқда.
Кейинги вақтда юртимизда китобхонликни оммалаштиришдек эзгу ишга нашриёт-матбаа соҳаси ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтириш, уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан алоқасини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий мавзулар бўйича таълим берувчи педагог-ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича магистрлик ва докторлик диссертациялари тайёрлаш кўламини кенгайтириш, бунда оиладаги можаро ва зўравонликлар ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини комплекс тадқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратиш долзарб вазифалар сирасига киради.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий билимини янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларида Ҳуқуқшунослик кафедрасини ташкил этиш, ушбу кафедрада Ҳуқуқшунослик, Конституциявий ҳуқуқ, Инсон ҳуқуқи каби фанларни мукаммал ўргатишни йўлга қўйиш, телерадио каналларда инсон ҳуқуқи рукни остиди туркум кўрсатув ва эшиттиришларнинг тизимли тарзда ташкил этиш, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқи, Ҳуқуқшунослик, Конституциявий ҳуқуқ фанларидан ўқув машғулотларини олиб борувчи педагогларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча педагогика университетларида Ҳуқуқшунослик факультетини очиш ва уларда ҳуқуқшунос-педагог кадрларни тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.
Муҳаммади Усмонов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори