Ўзбекистонда тиббиётда янги йўналиш – робот-жарроҳлардан фойдаланиш йўлга қўйилди

Ўзбекистонда аҳолини сифатли тиббий хизматлар билан ҳар томонлама қамраб олиш йўлида соғлиқни сақлаш тизими кенг кўламли модернизация қилинмоқда. Жумладан, сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробарга ошди. Шифохоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, янгилари қурилмоқда. Тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида жойларда скрининг текширувлари ташкил қилинмоқда.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг меҳнати учун муносиб ҳақ тўлашни ташкил қилиш ва уларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2022 йил 1 июндан бошлаб олий ва биринчи малака тоифаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ойлик лавозим маошларига 15 фоиз, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун 10 фоиз, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг ойлик маошлари 15 фоизга оширилди. Шунингдек, шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа, унинг маошига устама қўшиб берилиши ҳам тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Муҳими, тиббиёт ходимларининг иш сифатига қараб, маоши ҳам пропорционал равишда ўсиб бориши уларни янада яхшироқ ишлашга ундамоқда. Масалан, олий тоифали хирург шифокор юқори технологияли операцияларни амалга оширса, ва яна илмий даражаси мавжуд бўлса, 12,3 млн сўм (1000 долларгача эквивалентида) ойлик олади.Худди шундай, оилавий шифокорлик пунктида ишловчи олий тоифали шифокор илмий даражаси мавжуд бўлса, устамалар билан бирга12,7 млн сўм (1000 доллардан ортиқ эквивалентда) маош олади.Агар ушбу даражадаги шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа, унинг маоши 14,7 млн сўмни (1150 доллардан ортиқ эквивалентда) ташкил этмоқда.

Соҳа вакилларининг ойлик иш ҳақлари кўтарилгани соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатилаётган хизматлар даражасини оширишга олиб келмоқда.Шу билан бир қаторда, ёшларда соҳага булган қизиқишни ошириб, тиббиёт тизимини бошқа соҳаларга нисбатан рақобат даражасини кўтаради. 

Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва янги биноларни қуришга катта эътибор қаратилмоқда. 2024 йил Инвестиция дастури доирасида 147 та тиббиёт муассасида 1,3 трлн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ўтган ярим йил давомида 36 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Юртимиздаги даволаш муассасаларининг салоҳияти ва имкониятларини жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган юксак даражага олиб чиқиш соҳадаги трансформация жараёнларининг бош мақсадларидан бири сифатида белгиланган. Шу боисдан бугун илғор ва замонавий шифо масканларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Болалар миллий тиббиёт маркази, Миллий тиббиёт маркази, Катталар ва болалар учун мўлжалланган гематология илмий-амалий тиббиёт марказлари – сўнгги йилларда қад ростлаган ана шундай муассасалардан. Қолаверса, ҳозирда барча қулайликларга эга бўлган нефрология ва онкология тиббиёт марказлари янги бино ва мажмуаси ҳам барпо этилмоқда. Алоҳида эътибор тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам қаратилмоқда.Қувонарлиси, тиббиётдаги бундай ўзгаришлар нафақат пойтахт ёки вилоят марказлари, балки Ўзбекистоннинг энг чекка ва олис ҳудудларига қадар етиб бормоқда.

Ҳозирда тиббий ёрдамнинг барча соҳалари ва даражаларида инновацион ечимлар, янги диагностика ва даволаш усуллари қўлланиб келинмоқда. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида охирги уч йил давомида 15 та янги услубдаги нейрожарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди.Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида эса магнит резонанс томографияси (МРТ), мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ), ангиографик рентген, баллон катетерлар, диагностик ва ўтказувчи-катетерлар, стентлар, эндоваскуляр технологиялардан фойдаланган ҳолда беморларга аниқ ташхис қўйиляпти.Марказнинг интервенцион кардиология бўлимида юрак ва  буйрак томирларини стентлаш, оёқ томирларни ангиопластика, уйқу томирларини стентлаш, бачадон миома ва простата бези эмболизацияси каби бир қанча юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Натижада,биргина 2023 йилда марказда 1776 та мураккаб ва ноёб операциялар муваффақиятли ўтказилди.

Сўнгги йилларда тизимдаги ижобий ўзгаришлар натижасида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида трансплантация бўлими ўз фаолиятини бошлади. 2023 йилда 100 нафарга яқин миелом ва лимфома касаллигига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралар трансплантацияси амалга оширилди. Мазкур амалиётдан сўнг 70 фоиз беморларда оғриқлар камайиб, ҳаёт сифати яхшиланди.

Ўзбекистонда сил касаллигининг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича сезиларли натижалар қўлга киритилган. Ушбу хасталикка қарши курашиш учун масъул бўлган тиббиёт муассасалари инфекцион назорат қоидаларига биноан тўлиқ реконструкция қилиниб, илғор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.Бирламчи тиббий-санитария муассасалари қошида “Астма ва сурункали обструктив ўпка касаллиги мактаблари” ташкил этилиб, уларда беморларга ҳаёт сифатини яхшилаш, касаллик зўрайишини олдини олиш чоралари ўргатилмоқда.Чақалоқларни касалликка қарши эмлаш 99,8 фоизга етказилди.2023 йилга келиб туберкулёз билан касалланиш кўрсаткичи 2010 йилга нисбатан 45 фоизга, ўлим кўрсаткичи эса 87 фоизга камайишига эришилди. 2024 йил июнь ойида БМТнинг “Сил касаллиги бўйича юқори даражадаги йиғилишида олинган мажбуриятлар ижроси” мавзусидаги нуфузли халқаро анжумани айнан Ўзбекистонда ўтказилиши ва унда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда эришган ютуқлари эътирофидир.

Ўзбекистондажаҳон тиббиётидаги янги йўналиш — робот-хирургдан фойдаланиш йўлга қўйилган. Бундай робот ускуналар дунёнинг саноқли давлатларида бор, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам. Кореяда ишлаб чиқарилган “Revo-i” русумли ушбу роботнинг асосий афзаллиги шундаки, унинг жарроҳлик асбоблари кичик ўлчамли ва инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади. Робот тўртта “қўл”га эга. Уларнинг бирига камера ўрнатилган бўлса, қолганлари кесиш, тўқималарни олиб ташлаш ва чок қўйиш каби амалиётларни бажаради.“Темир-хирурглар” ёрдамида ўтказиладиган операциялар кам инвазив ҳисобланиб, жарроҳ роботни махсус консоль ёрдамида бошқаради ва барча жараёнларни экран орқали майда деталларда кўриши мумкин.Шунингдек, робот-хирург ёрдамида бажариладиган онкологик амалиётлар ўсимта яна такрорланмаслиги учун уни бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунларига ва бемор ҳаётида муҳим бўлган бошқа органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайишини тезлаштириши билан катта аҳамиятга эга.Ушбу робот технологияси асосида бажариладиган операциянинг муваффақиятли ўтиши, энг аввало, шифокорнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Жарроҳлик амалиёти хирургдан юқори даражадаги аниқлик ва диққатни талаб этади. Бизда мазкур роботдан фойдаланиш бўйича муайян тажриба тўпланган. Мутахассисларимиз Корея ва бошқа хорижий мамлакатларда мазкур технология бўйича малака ошириб келган.

Бугунги кунда рақамли технологиялар давлат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларидаги ислоҳотларни жадаллаштириш имконини берувчи асосий восита, тараққиёт “локомотиви”га айланган. Соғлиқни сақлаш тизимини рақамли трансформация қилиш — муҳим ва зарур қадам. Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда тиббиёт соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича салмоқли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, жорий қилинаётган “Электрон поликлиника”, “Электрон стационар” ва “Электрон рецепт” тизимлари 2024 йил охиригача тўлиқ йўлга қўйилиши кутилмоқда. Яқинда ишга туширилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг “Вазиятлар маркази” эса ушбу тизимларни ўзаро интеграция қиладиган асосий платформа вазифасини бажаради. Натижада, соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилади.Марказ жойлардаги ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб, унда республикадаги 1700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг маълумотлар базасини реал вақт режимида кўриш ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд. 

Бугунги кунда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, тиббиётни халққа янада яқинлаштириш, юқори технологик ихтисослашган тиббий ёрдамни туманлар даражасига тушириш, ортиқча оворагарчилик, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали беморларга қулайликлар яратишга қаратилган. Телеббиёт ана шу вазифаларни амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, шунингдек “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясида соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий ахборот технологиялари, шу жумладан телеббиётни жорий этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Уларга доирасида бугунги кунда республикадаги фаолият кўрсатувчи 25 та ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий таълим муассасалари қошидаги клиникаларда телетиббиёт технологияси йўлга қўйилди. Бунинг натижасида АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Япония каби хорижий давлатларнинг етакчи мутахассислари иштирокида онлайн консилиум, маслаҳатлашувлар, семинар ва конференциялар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида мураккаб жарроҳлик амалиётларини онлайн трансляция қилиш имконияти яратилди. Телетиббиёт технологиясини янада кенгроқ жорий этиш бевосита рақамли инфратузилма билан боғлиқ. Шу боис, ҳозир ахборот тизимлари учун ягона стандартларни белгилаш, даволаш-профилактика масканлари, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини зарур компьютер ускуналари билан жиҳозлаш, уларни ягона корпоратив тармоққа улаш ишлари олиб борилмоқда.

Президент Ш.Мирзиёевнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йилдаТошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди.Унинг барча мавжуд 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича, жами 19 та таълим дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим халқаро стандартларига мос деб топилди.

Шунингдек, БолалармиллийтиббиётмарказиJCIсертификатиниолди.Буэсамарказтиббийхизматсифативабеморлархавфсизлигибўйичаэнгюқорихалқаростандартларгажавобберадидегани. Тиббиёт муассасасида тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар хавфсизлиги, тегишли даволаш усуллари ва бошқарув энг юқори сифатга етганидан далолат беради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 14 та лаборатория мажмуалари “ILAC MRA” халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши туфайли 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд” сертификатини олган.2024 йилда эса ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге томонидан Ўзбекистонда вирусли гепатитнинг В турисифатли эмлаш натижасида элиминация қилинганлиги бўйича сертификат топширилди.Энг муҳими, Ўзбекистонда вакциналарнинг сифати ва самарадорлиги халқаро стандартлар асосида назорат қилинади ва барча соғлиқни сақлаш муассасаларида юқори даражада таъминланган.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида асосий ғоялар сирасидааҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тиббиёт тизимини ташкил қилиш ҳам акс этган. Бу борада аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, 2030 йилгача ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш; тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш; онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш; сил касаллиги билан касалланиш даражасини 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш; 30 – 69 ёшдаги аҳоли орасида онкологик касалликларни профилактик кўрикларда, эрта босқичларида аниқлаб, 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичларини 2 баробар ошириш, 1 йилгача ўлим кўрсаткичини 2 баробар камайтириш устувор вазифалар саналади. Шунингдек, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга қисқартириш, чақалоқларда ирсий касалликлар бўйича селектив скрининг текширувлар қамровини камида 50 фоизга ошириш ҳам муҳим.

Соғлиқни сақлаш соҳаси олдига юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш даражасини 70 фоизга етказиш, катта ёшдаги (40 ёш ва ундан юқори) аҳоли орасида қандли диабет ва артериал гипертония касалликларининг эрта босқичида аниқлаш кўрсаткичини 2 баробарга ошириш, 30 – 69 ёшдаги аҳоли орасида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан юрак-қон-томир, қандли диабет, сурункали респиратор касалликларидан ўлимни 30 фоизга камайтириш вазифалари ҳам қўйилган. Ҳар йили 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз тиббий профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, катта ёшдаги (40 ёш ва ундан юқори) аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 2 баробар ошириш борасида ҳам амалий фаолият олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 2030 йилгача барча тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш 100 фоизга етказилади.

Элмира Боситхонова,

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари