Ўзбекистонда мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш, мулкдорлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 300 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.Шу билан бирга, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш асосларини такомиллаштириш борасида қатор ташкилий чоралар амалга оширилди.
Биринчидан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди;
Иккинчидан, мамлакатимизда хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик субъектларини амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди;
Учинчидан, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари кучайтирилди, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизими яратилди, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг имкониятлари кенгайтирилди;
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида юридик ва жисмоний шахслар ўзларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштириш имкониятлари яратилди;
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида давлат тасарруфидаги мулкларни хусусийлаштириш, яъни иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди;
Олтинчидан,2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсадига эришиш учун хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш чоралари кўрилмоқда;
Еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.
Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар доирасида тизимнинг шаффофлигини таъминлашда ахборот технологиялари жорий этилмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг 1 январидан эътиборан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказишга йўналтирилган ягона “UZKAD” интеграцияланган ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилди. Тизимга кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган бошқа барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилиниб, реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш жорий қилинган.
Халқаро тажрибадан маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида “Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги алоҳида қайд этилган. Франциянинг 1789 йилдаги “Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари декларацияси” хусусий мулк кафолатларини белгилаб берган конституциявий аҳамиятга эга бўлган биринчи ҳужжат ҳисобланиб, унда хусусий мулк инсоннинг табиий ва ажралмас, муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқи сифатида кўрсатилган. Германия Конституциясида мулк ва мерос ҳуқуқлари кафолатланиши, уларнинг мазмуни ва чегаралари қонунлар билан тартибга солиниши, Данияда хусусий мулк дахлсиз эканлиги, ҳеч ким ўз мулкидан воз кечишга мажбурланиши мумкин эмаслиги, фақат жамоатчилик фойдаси учун талаб қиладиган ҳолатлар бундан мустаснолиги, Индонезияда ҳар бир инсон шахсий мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга ва бундай мулк ҳар қандай томон тарафидан ноҳақ тортиб олиниши мумкин эмаслиги, Грузияда эса хусусий мулкка бўлган умумий ҳуқуқни бекор қилиш тақиқланиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилган конституциявий ислоҳотлар натижасида 2023 йилнинг 30 апрелида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида“инсон — жамият — давлат” тизими инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар билан мустаҳкамланди. Жумладан, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги конституциявий норма даражасида кафолатланди, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланди. Қолаверса, Асосий Қонунимизнинг 68-моддаси иккинчи қисмида ер хусусий мулк бўлиши конституциявий даражада белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш ва ҳимоя қилишда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузилишини олдини олиш борасида профилактик чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада аҳолининг мулкий муносабатларга оид ҳуқуқий билимларини мунтазам ошириб бориш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг мулкий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо муросасиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд орқали ҳимояланишга бўлган ишончини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, фақат барча давлат органларининг конституциявий қонунийликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўғрисидаги умуминсоний принципларнинг амалга оширилишини кафолатлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида халқаро андозаларга жавоб берадиган ислоҳотларимизни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, турли тўсиқлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, ўзига тегишли бўлганмол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш – бу ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим мезони бўлиб қолади. Бу борада янгиланган Конституциямизда белгиланган концептуал нормалар ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларини тадрижий йўл билан такомиллаштиришга ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Рустам Хатамов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент