www.iift.uz сайти орқали 2024 йил 25 апрелгачаTXИФ-2024 учун онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.
Жорий йилнинг 2-3 май кунлари учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXIF-III) бўлиб ўтади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, TXИФ– бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим тадбир ҳисобланади. Анъанага мувофиқ, унинг дастурига давлат раҳбари даражасидаги ялпи мажлис, турли масалалар муҳокамасига бағишланган экспертларнинг 50 дан ортиқ учрашувлари, жумладан панель мунозаралари, давра суҳбатлари ва б2б музокаралари киритилган.
Форумнинг ҳар бир иштирокчиси ҳамкорлар билан манфаатлар кесишадиган нуқталарини топиши, муайян инвестиция лойиҳаларини ўрганиши, ўнлаб йўналишларда рўй бераётган сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиши ва истиқболли таклифларни қабул қилиши мумкин бўлади.
Форум кун тартибида дунёдаги иқтисодий турбулентлик фонида барқарор ўсиш суръатларини намойиш этаётган, босқичма-босқич Марказий Осиёнинг ҳақиқий инвестиция марказига айланиб бораётган Ўзбекистоннинг салоҳиятини намоён этиш алоҳида ўрин тутади. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, жумладан, салмоқли имтиёз ва преференциялар, инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатланган ҳимояси инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда.
Форум миқёси ва географияси йилдан-йилга ошиб бормоқда:
– TXИФ –2022 (биринчи форум) форумига 56 давлатдан 2 мингдан ортиқ йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрди.
–TXИФ – 2023 эса ўз майдонида 70 мамлакатдан 2500 иштирокчини жамлади. Форум натижаларга кўра, 11 миллиард долларлик 164 ҳужжат имзоланди.
2024 йилда Тошкент сайёрамизнинг барча қитъаларидан янада кўпроқ меҳмонлар – инвесторлар, расмийлар ва таҳлилчиларни қабул қилиши кутилмоқда.
www.iift.uz сайти орқали 2024 йил 25 апрелгача онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.
“Дунё” АА.