Ўзбекистон – шиддатли ва орқага қайтмайдиган ислоҳотлар мамлакати. Мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш сиёсати янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳаракатлар стратегиясида устувор вазифалардан бири деб белгиланган.
Стратегик ривожланишда “Ўзбекистон-2030” режамизга кўра, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш бўича кенг қамровли чоралар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсий иродаси ўлароқ, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача Гендер стратегияси ишлаб чиқилди. “Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисидаги “, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” шунингдек, барча ҳуқуқий актларнинг мажбурий гендер экспертизасидан ўтказиш ва гендер аудитини киритиш тўғрисида қонун нормалари қабул қилинди. Шундай қилиб барча давлат идораларида гендер ёндашувни ўрганиш механизми жорий этилди ва Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоатчилик назорати сифатида мониторинг амалга оширилиши йўлга қўйилди. Айни пайтда, оиладаги зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Сўнгги 5 йил ичида гендер тенглигига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 40 дан кўпроқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Инчинун, бу соҳадаги қонунчилик такомиллашиб, хотин –қизларнинг имкониятлари кенгайиб бормоқда. 2023 йилда Ўзбекистоннинг Сайлов Кодексига сайловларда сиёсий партиялардан депутатликка номзодлар кўрсатишда аёллар улуши 40% фоиздан кам бўлмаган миқдор белгилаб қўйилди. Шунингдек пропорционал сайлов тизимида депутатликка номзодлар рўйхатидаги ҳар бешта номзоднинг 2 таси хотин –қизлардан бўлиши лозимлиги қонунчиликда ўз ифодасини топди. 2019 йилдан бери Олий Мажлис Сенатида хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш,гендер тенглиги ва оила масалалари бўйича гендер комиссияси фаолият олиб бормоқда. Хотин –қизлар ва оила масалалари бўйича Кўмита қайтадан мустақил равишда фаолият юрита бошлади. Барча даражаларда 9 мингдан зиёд хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи лавозимлар жорий этилиб, улар маҳалла тизимига қадар шакллантирилди. Зўравонликка учраган хотин қизларга ёрдам қилиш мақсадида реабилитация марказлари ишлай бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан бошланган тизимли чоралардан: камбағалликни қисқартириш мақсадида “аёллар дафтари”нинг жорий этилиши, аёллар ўртасида ишсизликни камайтиришга қаратилган чоралар, хотин қизлар татбиркорлигини қўл лаб-қувватлаш, аёллар учун имтиёзли кредитлар тизимининг яратилиши мамлакат миқёсида ўз самарасини берди. Ундан сўнг, хотин –қизларнинг қатор касбларни танлашдаги чекловлари олиб ташланди, барча вазирлик ва идораларда гендер масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди. Натижада, парламентда аёллар улуши 33% фоизга етди, татбиркорлик соҳасида уларнинг улуши икки баробарга ошиб 25% ни,сиёсий партияларда 44%, олий таълимда 40% га кўтарилди. Биргина 2023 йилда аёлларнинг 279 минг бизнес лойиҳалари учун 13 триллион сўм кредитлар ажратилди, 57 мингга яқин аёлларга 300 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. “Аёллар дафтари” тизими асосида 994 минг аёлнинг муаммолари ечилди, давлат бу мақсадларга 1триллион 234млн. сўм ажратди. Маҳаллаларда хотин қизларнинг аҳволини ўрганиш натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 690 минг оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилди. 2024 йилда “Ёшлар дафтари”га кирган 8 минг хотин –қизларимизга ўз бизнесларини бошлаш ва ускуналар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш ва 10 минг хотин-қизларимизга имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилган. 50 мингдан ортиқ ёш хотин-қизларимизга ўз бизнесларини йулга қўйиб олишлари учун “Бизнес марафон” лойиҳасини ишга тушириш ва унда тажрибали мутаххасисларни жалб қилиб,уларга ёрдам бериш мўлжалланган.
Таълим сохасида гендер тенглигига катта эътибор берилмоқда.Гендер ёндашуви ўқув дастурлари ва қўлланмаларга киритилмоқда, STEM–таълимга, айниқса қишлоқ жойларида қизларнинг IT технологияларини ўзлаштиришларига аҳамият берилмоқда. 2023-24 ўқув йилларида эҳтиёжманд оилалардан 1914 қизлар олий таълимга қўшимча давлат грантлари орқали қабул қилинди. 181500 қизларга имтиёзли таълим кредитлари берилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан эҳтиёжманд ,етим талабаларга ва ота-онакўмагисиз ўқиятган 2 минг талабага 14 млрд сўм контракт маблағлари қоплаб берилди.
Хотин –қизларнинг билим олишга бўлган имкониятлари ва шарт-шароитларининг кенгайиши,уларда замонавий касблар ва билимларни эгаллашга туртки бўлди. Жумладан, “Бир миллион дастурчилар” таълим лойиҳасининг 47% қизлар ташкил этмоқда. Қулай шароитларнинг яратилиши аёллар салоҳиятини янада тўлақонли намоён қилиш имкониятини берди, масалан, сўнгги 7 йилда 5 мингдан ошиқроқ хотин –қизларимизга фан докторлари илмий унвонлари берилди,Ўзбекистон олий ўқув юртларида 14 мингдан ортиқ хотин-қизларимиз илмий изланишлар олиб бормоқдалар.
Гендер тенгликка эришиш – глобал вазифа бўлиб,у БМТнинг ва кўплаб бошқа минтақавий ташкилотларнинг кун тартибида турибди. Ўзбекистон бу борада фаол халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундай ҳамкорлик БМТнинг “Хотин қизларнинг камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги 1979 йилги конвенция доирасида,1995 йилги Пекин Ҳаракатлар Платформаси доирасида, Ўзбекистоннинг аёлларнинг аҳволи тўғрисида мунтазам тақдим этаётган миллий маърузаларида, Ўзбекистоннинг Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда намоён бўлмоқда.
Сўнгги йилларда гендер тенглиги йўналишида Марказий Осиё давлатлари билан мулоқотлар ва ҳамкорликка катта эътибор берилмоқда. Бир неча бор Марказий Осиё лидер аёлларининг Форумлари ўтказилди,2024 йилда эса Осиё аёллар Форуми ўтказилиб,унда 40 дан ошиқ мамлакатлардан ва халқаро ташкилотлардан вакиллар гендер тенглигига эришишнинг долзарб масалалари юзасидан мулоқотлар ва маьрузалар қилиниб,Самарқанд Декларацияси қабул қилинди.
Лола Саидова,
юридик фанлар доктори, профессор