Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2-3 ноябрь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил 3 октябрда Нахичеван шаҳрида (Озарбайжон) Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг IX саммитида таъсис этилган. 2021 йил 12 ноябрда Истанбулда (Туркия) бўлиб ўтган VIII саммит давомида ушбу тузилмани “Туркий давлатлар ташкилоти” (ТДТ) деб қайта номлашга қарор қилинган эди.
Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзолари, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи давлат мақомига эга.
Давлат раҳбарлари кенгаши ТДТнинг олий органи бўлиб, ўз фаолиятини ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари шаклида амалга оширади. ТДТ долзарб халқаро муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилайди ҳамда ташкилот фаолиятини кўриб чиқади. ТДТ йиғилиши йилига бир маротаба ўтказилади.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон Ташкилотга раислик қилган эди. Раислик йили 2022 йил 11 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммити билан очилганди. Экспертлар ва ТДТ аъзоларининг фикрига кўра, тарихий саммит натижалари ташкилотни ривожлантиришда янги бобни очиб берди: жумладан, савдо ва божхона тартиботларини соддалаштириш, шунингдек, Инвестиция жамғармасини яратиш тўғрисидаги муҳим шартномалар имзоланди.
Давлатимиз раҳбари мазкур саммитда сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси”ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқлар ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш нияти эканлигини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон раҳбари ташкилот фаолиятини чуқур таҳлил қилиш асосида туркий давлатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида 30 дан ортиқ йирик тадбирлар, жумладан, мамлакатларимизнинг иқтисодиёт, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, космос, энергетика ва махсус хизматлар вазирликлари ва идоралари раҳбарларининг учрашувлари ўтказилди. Уларда ТДТни институционал ислоҳ қилиш, “янги иқтисодий имкониятлар макони”ни яратиш, ўзаро транспорт боғлиқлигини ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот биринчи марта тантанали равишда топширилди.
Ўтган йил давомида Ўзбекистон Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. Шу билан бирга, ТЮРКСОЙ тузилганининг ўттиз йиллиги тантанали равишда нишонланди.
Ўзбекистон аввалбошданоқ туркий тилли давлатлар, жумладан, Туркия билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришнинг фаол иштирокчилари ва ташаббускорларидан бири бўлган. Бироқ, 2000 йилдан бошлаб республика туркийзабон мамлакатлар саммитларида қатнашишни чеклади ва кейинчалик ўз иштирокини тўхтатди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 сентябрь куни Чўлпон-отада (Қирғизистон) бўлиб ўтган VI саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши ТДТ билан ҳамкорлик тарихидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Бу Ўзбекистон раҳбарининг саммитда илк бор иштирок этиши эди.
Ўшанда ТДТ билан алоқалар бўйича аниқ ташаббуслар, шу жумладан, Хивани Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш (2020 йил) ва ТДТ Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларидан бирини тегишли бизнес-форумни ташкил этиш (2019 йил) билан бирга Тошкентда ўтказиш таклифи илгари сурилган эди.
2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Нахчиван битимини (2009 йил 3 октябрь) ратификация қилди ва ҳужжат депозитарийига – Туркия Республикасига расмий хабарнома юборди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши билан Туркий кенгашга аъзо бошқа давлатлар фаолиятида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Бу ТДТнинг минтақавий ташкилот сифатидаги роли ўсиб бораётганидан далолат беради.
2019-2023 йилларда бўлиб ўтган ТДТ саммитларида Ўзбекистон Президенти томонидан ТДТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 52 та аниқ-равшан ташаббус илгари сурилди. Бугунги кунга қадар 35 та ташаббус амалга оширилди ва 7 таси якуний босқичда. Амалга оширилаётган ташаббуслардан 10 таси Ташкилотнинг Самарқанд ва Анқара саммитларида тилга олинди.
Амалга оширилган ташаббуслар қаторида Ёш тадбиркорлар форуми таъсис этилгани ва унинг биринчи учрашуви 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилгани, транспорт ва божхона тартиб-қоидаларини рақамлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши, 2021 йил июнь ойида ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-учрашуви ўтказилиши, Қўқоннинг 2022 йилда “Туркий дунё сайёҳлик пойтахти” деб эълон қилиниши, аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг 1-йиғилиши ва 2022 йил июль ойида Тошкентда Биринчи Туркий агрофорумнинг ўтказилиши, 2022 йил июнь ойида Бухорода IV Ёш етакчилар форуми ўтказилиши ва бошқаларни санаш мумкин. Шунингдек, 2023 йил 16 март куни ТДТнинг Анқарадаги навбатдан ташқари саммити чоғида Туркий инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди ва ҳозирги пайтда аъзо давлатлар шартнома кучга кириши учун зарур бўлган ички тартиб-қоидаларни амалга оширишмоқда.
ТДТнинг Самарқанд саммитида Президент Шавкат Мирзиёев “Туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари ва беқиёс бойликлари бор. Ва мен ишонаман, Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда. Бу келажакни, ҳеч шубҳасиз, меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқларимиз билан биргаликда яратамиз”, деган эди. Бу стратегик нуқтаи назар Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ эканлигини яққол тасдиқлайди.
Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ташкилотининг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган саммити умумий мақсадларга эришиш йўлида биргаликда ташланган яна бир қадам бўлади ва унда илгари суриладиган ташаббуслар кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни туркий дунёнинг бундан кейинги тараққиёти ва равнақи учун янги мазмун билан бойитади.
«Дунё» АА