Жорий йил 26-28 май кунлари Тошкентда заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва жиҳозларнинг биринчи халқаро «Uzbek Jewellery Fair-2023» кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.
«Uzbek Jewellery Fair-2023» Ўзбекистонда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар, улгуржи ва чакана сотувчилар, агентлар, дистрибюторларга мўлжалланган биринчи ва ягона ихтисослаштирилган заргарлик буюмларининг кўргазмасидир.
Мазкур халқаро тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад янги тармоқ ичидаги ва халқаро ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, технологик янгиликлар ҳамда хорижий компаниялар муваффақиятлари билан яқиндан танишиш, заргарлик буюмлари дизайнининг энг оммабоп йўналишларини ўзлаштириш, маҳсулот сифати ва миқдорини оширишдан иборат.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Заргарлик саноати ассоциацияси томонидан мамлакатимиз заргарлик саноати ривожига қўшган ҳиссаси учун «Uzbekistan Jewellery Awards» мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.