ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ – УСТУВОР ВАЗИФА

Ўзбекистонда сўнгги йиллар давомида Ҳаракатлар стратегияси ва унинг мантиқий давоми саналмиш Тараққиёт стратегияси доирасида, ривожланган давлатлар каби узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш, сифатли таълим-тарбия бериш, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар учун давлат бюджетидан харажатлар сўнгги 6 йилда 4,3 бараварга оширилди, мактабгача таълим ташкилотлари сони 2016 йилдаги 5211 тадан 2021 йилга келиб 19316 тага, мактаблар сони 9719 тадан 10289 тага етказилди, 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта тикланди, мактаб ўқитувчиларининг иш юкламаси мақбуллаштирилди ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Таълим соҳаси вакилларининг ойлик маоши қарийб 4 бараварга оширилди, ОТМ сони 70 тадан 191 тага етказилди,  олий таълимдан кейинги таълимнинг икки поғонали таянч докторантура (PhD) ва докторантура (Doctor of Science) тизими жорий этилди.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 67 фоизга, мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар улуши 81,8 фоиздан 87,8 фоизга, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.

Соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2026 йилга қадар Тараққиёт стратегияси доирасида мактабгача таълимда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш бўйича йўлга қўйилган ижобий амалиётни  2023/2024 ўқув йилидан қолган барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этиш кўзда тутилди. Шунингдек, олий таълимда қамров даражасини 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш белгилаб олинди.

Юқорида келтирилган ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш ва бардавом бўлишини таъминлаш, конституциявий қонунчиликда ёшларнинг узлуксиз таълим олишга бўлган имкониятларини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, янгиланаётган Конституцияда илк маротаба боғча ёшидаги болаларнинг таълим ва тарбияси соҳасидаги давлат кафолатининг жорий этилиши, боланинг ўрта таълим олиши мажбурийлиги ва давлат томонидан бепул таъминланиши,  фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиши каби қўшимчалар билан тўлдирилмоқда.

Таълим соҳасида давлатнинг алоҳида мажбуриятлари сифатида имконияти чекланган болаларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган аниқ механизмлари назарда тутилган бўлиб, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши ҳақида ижтимоий норма киритилмоқда.

Юқоридаги ислоҳотларни амалга ошириш учун таълим бериш сифатига эътибор бериш ва ушбу соҳада ишлашнинг жозибадорлигини доимий равишда оширишиб бориш зарур. Зеро, миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Ўқитувчи илм-фан сирлари, маънавий ва маданий меросни ёшларга етказишда муҳим бўғин ҳисобланади. Демак, ўқитувчиларга ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш даркор.

Шу боис, Конституцияга ўқитувчининг жамиятдаги мақомига бағишланган алоҳида модда киритилмоқда. Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши мустаҳкамланмоқда. Давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши назарда тутилмоқда.

Ўз навбатида, мазкур янгилик мамлакатда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ педагогнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш ва касбий ўсишини таъминлаш имкониятини яратади.

Хулоса шуки, инсон капитали сифатини оширмасдан туриб, кейинги иқтисодий ўсишни таъминлаш қийин кечади. Шу боис, зарур куч ва ресурсларни таълим сифатини оширишга, малакали кадрлар тайёрлашга йўналтириш нафақат бугун, балки эртанинг ҳам устувор вазифасига айланмоқда.

Шу боисдан ҳам, ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ва вазифаларини, аввало ўз Конституциясида мустаҳкамлайди. Бунга эса, асло шубҳа йўқ.

Элдор ТУЛЯКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

ижрочи директори