МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Маълумки, жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаравонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Сўнгги беш йил давомида юртимизда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Энг муҳими, «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган ҳамда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» қабул қилинди. Унда мамлакатда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бунинг учун бир нечта зарур мақсадлар назарда тутилди.

Хусусан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсади белгиланган бўлиб, ушбу мақсадга хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.

Шу нуқтаи назардан, шу кунларда қизғин давом этаётган Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ҳужжат, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Конституция лойиҳасидаги ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарздауй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.

Бундай норманинг киритилиши келажакда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг мулки билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни конституция орқали мустаҳкамлаш зарур.

Шу ўринда, хорижий тажрибага ҳам тўхталадиган бўлсак, тарихда хусусий мулк кафолатларини белгилаб берган конституциявий аҳамиятга эга бўлган биринчи ҳужжат Франциянинг 1789 йилдаги Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари декларацияси бўлиб, унда хусусий мулк инсоннинг табиий ва ажралмас, муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқи сифатида кўрсатилган.

Германия конституциясининг I-боб, 14-моддасида мулк ва мерос ҳуқуқлари кафолатланиши, уларнинг мазмуни ва чегаралари қонунлар билан белгиланиши қайд этилган. Дания асосий қонунининг VIII-боб, 73-моддасида эса, хусусий мулк дахлсиз эканлиги, ҳеч ким ўз мулкидан воз кечишга мажбурланиши мумкин эмаслиги, фақат жамоатчилик фойдаси учун талаб қиладиган ҳолатлар бундан мустаснолиги белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, турли тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, бу – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир.

Авазбек ХОЛБЕКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти