Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Чўлпонота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтадиган давлат раҳбарларининг Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи форматидаги иккинчи саммитида иштирок этади.
Ушбу форматдаги биринчи учрашув 2022 йил 27 октябрь куни Остона шаҳрида Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳамда Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель иштирокида бўлиб ўтган эди.
Давлатимиз раҳбари Остона шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда минтақамиз билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш тарафдори экани, минтақалараро ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди, шунингдек, икки минтақа давлатларининг тинчлиги, барқарор ривожланиши ва фаровонлиги манфаатлари йўлида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматида самарали мулоқот учун Ўзбекистон очиқ, тизимли ва изчил ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқининг ўтган даврдаги ҳамкорлиги якунлари сарҳисоб қилинди ҳамда умумий қадриятлар ва ўзаро манфаатлар асосидаги шерикликни давом эттиришга тайёр эканликлари билдирилди.
Европа кенгаши Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ЕИнинг пандемиядан кейин иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишга қўшган ҳиссасини юқори баҳоладилар. Томонлар бизнес юритиш учун қулай муҳит яратилиши минтақага хорижий сармоя, минтақадаги ўзаро боғлиқлик ва савдо ҳажмини янада оширишини таъкидладилар.
Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Европа кенгаши раҳбарининг бу галги учрашувида минтақалараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари, долзарб халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари ва ЕИ давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён минтақалараро ҳамкорлик кўплаб йўналиш ҳамда тармоқларда ривожланиб, бугунги кунда фаровонлик ва барқарорлик йўлида кўп томонлама шериклик намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мазкур ҳамкорлик форматида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» ТИВ раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказиб келинмоқда: хусусан, 18-учрашув 2022 йил 17 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Эртаси куни у ерда биринчи «ЕИ – Марказий Осиё» конференцияси юқори даражада ташкил этилди.
Ушбу тадбирларда Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель иштирок этди ва мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Мулоқот чоғида Жозеп Боррель Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатини олқишлади ва бу борада Марказий Осиё давлатлари катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади. Унинг айтишича, Европа Иттифоқи минтақа давлатлари билан сиёсат, савдо, сармоя, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида.
2013 йилдан бошлаб ҳар йили «ЕИ – Марказий Осиё» ўртасида сиёсат ва хавфсизлик бўйича юқори даражадаги мулоқот ҳам ўтказиб келинмоқда. Охирги учрашув 2022 йил 17 май куни Брюсселда бўлиб ўтган.
Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ўртасидаги муносабатлар 1992 йил 15 апрелда ўзаро англашув Меморандумининг имзоланиши билан йўлга қўйилган. 1994 йил 16 ноябрда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1995 йилдан бери Брюсселда Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсатиб келмоқда, у ЕИ ҳузуридаги миссия вазифиларини ҳам бажаради. 2011 йилда Тошкентда Европа Иттифоқининг дипломатик ваколатхонаси очилди.
Ўзаро муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси 15 та ҳужжатдан иборат бўлиб, улар Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (ШҲТБ), Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим, ЕИнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим, Энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, ШҲТБга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома ва Тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдоси тўғрисидаги битим ташкил қилади.
2022 йил июль ойида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида уч йиллик музокаралар якунланди ва Брюсселда 20 йилдан ортиқ вақт давомида амалда бўлган ШҲТБ ўрнини босувчи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) матни парафланди.
Ўзбекистон-ЕИ ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ олтита қўшма орган – Ҳамкорлик кенгаши, Ҳамкорлик қўмитаси, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси, Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмита, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича қуйи қўмита, Ривожланиш мақсадларида ҳамкорлик бўйича қуйи қўмита ташкил этилди.
ЕИ Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини қатъий қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг 2022 йил 28 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида маълум қилинди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган музокаралар чоғида етакчилар кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, кенг қамровли тус олганини тасдиқладилар.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон Президентининг ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала билан учрашувида ҳам ЕИнинг қўллаб-қувватлаши билдирилди. Учрашувда Европа томони Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, гендер тенглиги, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бошқа соҳалардаги ютуқларини юқори баҳолади.
Ўзбекистон ва ЕИ давлатлари ўртасидаги савдода энг қулай давлат режими ўрнатилган. Сўнгги йилларда Европа томонидан тақдим этилган «GSP+» шартлари туфайли ўзаро савдо ҳажми ва муваффақиятли инвестиция лойиҳалари сонининг динамик ўсиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинув соҳасида ҳам муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.
Таъкидлаш керакки, 2022 йилда ЕИ мамлакатлари билан умумий савдо ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг январь-март ойларида бу кўрсаткич 1,8 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистоннинг ЕИдаги асосий савдо ҳамкорлари Германия, Чехия, Литва, Латвия, Италия, Франция, Нидерландия ва Польша давлатлари ҳисобланади.
Ўзбекистонда ЕИ давлатлари сармояси иштирокида 1069 та корхона, жумладан, 100 фоиз Европа капиталига эга 304 та компания фаолият кўрсатмоқда.
ЕИ, шунингдек, Ўзбекистонга икки томонлама лойиҳаларни амалга оширишда, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда молиявий ва техник ёрдам кўрсатади. 2021-2024 йилларга мўлжалланган тегишли дастурлар доирасида ЕИ Ўзбекистонга 83 миллион евро ажратди.
Бундан ташқари, ЕИнинг молиявий ва техник ёрдами доирасида қиймати 5,2 миллион евро бўлган «ЕИнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасига ҳиссаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликнинг ажралмас қисми маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳисобланади.
25 йил давомида Европа Иттифоқи билан биргаликда Ўзбекистоннинг 55 та олий таълим муассасаси ва ЕИга аъзо давлатларнинг 71 та университети иштирокида «Темпус» таълим дастурининг 32 миллион евродан зиёд 80 дан ортиқ лойиҳаси амалга оширилди.
2014 йилдан буён «Эразмус+» таълим дастури доирасида олий таълим салоҳиятини оширишга қаратилган бюджети қарийб 40 миллион евро бўлган 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларда Ўзбекистоннинг 70 га яқин университетлари, 20 дан ортиқ тармоқ бошқарма ва ташкилотлари, шунингдек, 120 га яқин Европа олий таълим муассасалари иштирок этмоқда.
Минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, таълим, қонун устуворлиги, чегараларни бошқариш, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2013 йилдан буён Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан ҳамкорликда ҳар йили Тошкент шаҳрида Европа кинофестивалини ўтказиб келади. Ушбу фестиваль бугунги кунда Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган ва йирик маданий лойиҳалардан бирига айланган. Унда ҳар йили беш мингга яқин томошабин қатнашади.
2016 йилдан бошлаб фестиваль ўз географиясини кенгайтирди ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилаётир. Фестиваль 2017 йилда Тошкентдан ташқари Навоий ва Нукусда, 2018 йилда Шаҳрисабз ва Фарғонада, 2019 йилда Урганч, Нукус ва Жиззахда ташкил этилган.
Ўтган ва жорий йилда Европада Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишланган кўргазмалар катта муваффақият билан ташкил этилди. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида иккита кўргазма Париждаги Лувр музейида ва Араб дунёси институтида очилди. Биринчи кўргазма кўпроқ археологик топилмаларга бағишланган бўлса, иккинчисида XIX ва ХХ асрга оид тўқимачилик, заргарлик буюмлари, гиламлар намойиш этилди. Араб дунёси институтидаги кўргазма жорий йилнинг июнь ойи охиригача ўз ишини давом эттиради.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида ГФРга ташрифи доирасида Берлин шаҳридаги жаҳонга машҳур Жеймс Симон галереясида «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача» номли ноёб кўргазма очилди. Кўргазмага бир неча йил давомида тайёргарлик кўрилди. Унда Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та ва Ўзбекистон музейлари тўпламларидан 285 та экспонат намойишга қўйилган. Ушбу кўргазма 2024 йил 14 январгача давом этади.
Мухтасар айтганда, юқорида қайд этилганлар Ўзбекистон ҳам, Европа Иттифоқи ҳам ўзаро боғлиқликни ривожлантириш манфаати йўлида нафақат икки томонлама, балки минтақавий форматдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани ва ўзаро боғлиқликни кенгайтираётганидан гувоҳлик беради. Бу эса келгусида мамлакатларимиз ҳамда минтақаларимиз халқларининг фаровонлиги ва тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади.