КОНСТИТУЦИЯДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИГАН НОРМАЛАР НАЗАРДА ТУТИЛГАН

Бугун дунёда кўплаб мамлакатлар чинакам демократик давлат қуришнинг илғор тажрибаларини ҳаётга тадбиқ этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир давлатнинг ўз модели бўлиб, демократик давлат қуриш учун комплекс чораларни кўриш талаб этилади. Жамиятнингсиёсий маданиятини ошириш, аҳолининг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳурмат қилиш, миллий қадриятлар ва диний эркинликларни эъзозлаш, инсон ҳуқуқлариҳамда эркинликларини таъминлаш, бошқа мамлакатларга ҳурмат билан қараш чинакам демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган баъзи саъй-ҳаракатлардир.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ҳам самарали давлат ва жамият бошқаруви бўйича илғор халқаро тажрибаларни жорий этиб келмоқда. Энг муҳими, бу жараёнлар Ўзбекистоннинг кўп йиллик давлатчилик тарихи, мамлакатда яшаб келаётган халқларнинг кўп асрлик умумий қадриятлари ва анъаналари асосида амалга оширилмоқда.

Аҳолинингдавлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадидайўлга қўйилган халқ билан мулоқот, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларнинг пойдеворидир. Шубоис, муҳим қарорлар, жумладан қонунлар ва стратегик ҳужжатларни қабул қилиш фақат жамоатчилик билан маслаҳатлашилганидан кейингинақабул қилинмоқда. Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистонда жамоатчилик муҳокамаларини самарали ташкил этиш учун турли мулоқот майдонлари ва механизмлар мавжуд. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевтаъкидлаганидек, жамият ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиши,халқ давлат идораларига, давлат идоралари эса халққа хизмат қилиши керак.

Демократияни таъминлаш учун вазирлик ва идоралар очиқ ва ошкора фаолият юритиши шарт. Бинобарин, барча даражадаги давлат идоралари энди жамият ва парламент олдида ҳисобот беради. Вазирлик ва идоралар ўз қарорларини электрон платформаларга жойлаштириб боришлари лозим. Бу, ўз навбатида, мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдидаги масъуллигини оширади.

Сўнгги йилларда мамлакатда мансабдор шахсларни халққа янада яқинлаштириш ва ҳокимиятни номарказлаштириш мақсадида,фуқароларистиқомат қилаётган маҳаллаларида ўз муаммоларини ҳал қилишлари учун қатор маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда бюрократияни камайтириш мақсадида давлат аппарати ҳам қисқартирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро муносабатларда ҳам фаол бўлиб, инсоният учун муҳим ташаббусларни ўртага ташламоқда.

Ўз навбатида, ўзбек жамияти мазкур ижобий демократик ўзгаришларнинг давом этишини истайди ва ҳуқуқий кафолатларни энг юқори даражада кафолатланишини муҳим, деб ҳисоблайди. Шу боис, халқ Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар ташаббускори бўлиб, бир неча бор ташкил этилган жамоатчилик муҳокамалари доирасида янгиланаётган Конституция бўйича 220 мингдан ортиқ фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Натижада Конституциянинг 65 фоизи ўзгармоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг асосий тамал тоши, бу инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ нормалар 3 баробардан ортмоқда. Масалан, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар барча гумон қилинувчилар ва айбланувчилар учун айбсизлик презумпциясини кафолатлайди ва шу билан уларга сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, ҳар кимнингўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи ҳам таъминланади. Янги тузатишлар, шунингдек шахснинг айбига иқрор бўлиши унга қарши келтирилган ягона далил бўлса, айбдор деб топилиши ёки жазоланишининг олдини олиш имкониятини ҳам назарда тутади.

Маълумки, сўз ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш кўпмиллатли Ўзбекистонда ҳам муҳим устувор йўналиш ҳисобланади. Шу боис,янгиланаётганКонституцияда Ўзбекистон қонунларига мувофиқ фаолият юритаётган барча диний ташкилотлар учун фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шунингдек, шаффофлик ва ошкораликни ошириш мақсадида янгиланаётган Конституция оммавий ахборот воситаларининг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишларида кўпроқ фаолият эркинлигини таъминлашни ҳам назарда тутади.

Ундан ташқари, мамлакатда фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Янгиланаётган Конституциядаилк марта фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилмоқда. Бу, уларнинг мулоқотни таъминлаш ва ишончли жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдаги ролини оширади.

Шунингдек, янгиланаётган Конституцияда муносиб таълим ва соғлиқни сақлаш, уй-жой ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳам назарда тутилган.

Демократиянинг муҳим намунаси шундаки, амалдаги Конституцияга мувофиқ Конституцияга парламент томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин эди, аммо Президент, бу масалада Ўзбекистон халқи қарор қилиши керак, деган таклифни берди. Шу тариқа, 30 апрель куни Ўзбекистонда умумхалқ референдумини ўтказишга қарор қилинди. Бу қадамлар демократик тамойилларни, яъни фуқароларнинг бошқарувдаги иштирокини ҳам кафолатлайди.

Умуман олганда, янгиланаётган Конституция «давлат– жамият– инсон» тамойилини «инсон –давлат –жамият» тамойилига ўзгартириб, инсон манфаатларини устувор деб ҳисоблаган ҳолда, аҳоли фаровонлиги учун муҳим ҳуқуқий асос ва пойдевор яратмоқда. Қолаверса, у Ўзбекистонда демократик жараёнларни фаоллаштиришга, мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва самарали бошқариладиган давлатга айланишига ёрдам беради.