Камбағалликни қисқартириш бўйича II Халқаро форум ўз ишини якунлади. 6 та тематик панел сессиялари доирасида кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди, ривожланаётган мамлакатлар учун муаммолар ва таклифлар билдирилди. COVID-19 пандемияси, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва бошқалар каби муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ютуқлар қайд этилди.
Нобель мукофоти лауреати Абҳижит Банержи Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, ижтимоий дастурлар яратиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қабул қилинаётган турли дастурлар самарадорлигини тушуниш учун қўлланиладиган воситаларга эътибор қаратди.
Тошкент шаҳридагиHilton Tashkent City меҳмонхонасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (кейинги ўринларда Бандлик вазирлиги деб юритилади) билан ҳамкорликда ташкил этилган «Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш» II Халқаро форуми (кейинги ўринларда Форум деб юритилади) БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида бўлиб ўтди.
Форумда 300 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг 100 дан ортиқ таниқли экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янги босқичга кўтарилган камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши алоҳида таъкидланган.
Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш мақсадида камбағалликка қарши курашнинг бешта асосий йўналиши белгиланди.
Биринчидан, хусусий сектор ва тадбиркорлик учун энг қулай шароитларни яратиб бериш.
Иккинчидан, “ижтимоий реестр” тизими доирасида камбағал оилаларни индивидуал ёндашув асосида манзилли қўллаб-қувватлаш дастурларини жадал давом эттириш.
Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, нуронийлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламларига маҳалланинг ўзида юздан ортиқ ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйиш.
Тўртинчидан, аҳоли ўзи танлаган лойиҳаларга “очиқ бюджет” тизими орқали ажратилаётган маблағлар ҳажмини кескин кўпайтириш.
Бешинчидан, ҳар бир шахснинг сифатли таълим ва тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларимизни тобора кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати, АҚШ Миллий фанлар академияси аъзоси Абҳижит Банержи, Франция тараққиёт агентлиги Бош ижрочи директори Реми Риу, Жорж Вашингтон университетининг фаровонлик иқтисодиёти ва камбағалликни ўлчаш бўйича иқтисод профессори Жеймс Фостер ҳамда Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори Сабина Алькайр, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов Форум иштирокчиларига ўз самимий тилакларини билдиришди.
Форумда Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашдаги фаол ҳаракатлари юқори баҳоланди. 2 млн 300 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олингани қайд этилди.
Р. Риу таъкидлаганидек, фаол иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўрни ва ролини ўзгартирди. Унинг сўзларига кўра, Брюссел ва Париж камбағалликка қарши кураш атроф-муҳит билан уйғунлашган – атмосферага чиқиндиларни камайтириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланишни яхшилаш билан боғлиқ бўлган мамлакатнинг ютуқларини диққат билан кузатиб бормоқда.
Иқтисодиёт бўйича Алььфред Нобель ёдгорлик мукофоти совриндори А. Банержи камбағалликка қарши сиёсатни шакллантириш бўйича кейинги тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларини қайд этди. Профессор Ўзбекистон ҳақида гапирар экан, мамлакатимизда ижтимоий дастурлар яратиш ва ислоҳотларни мақсадли йўлга қўйишда қўлланилаётган воситаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
«Буларнинг барчаси жуда қийин иш, лекин мен сизнинг мамлакатингиз камбағалликка қарши қандай курашиш кераклигини ўз мисолида бошқа мамлакатларга кўрсатаётганидан хурсандман. Бугун шу ерда туриб, мен бу мамлакатдаги ўзгаришлар руҳини ҳис қиляпман ва сиз билан бирга: «келинглар, буни қилайлик», дейишдан фахрланаман”, – деди Нобель мукофоти совриндори.
Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари бугунги кунда Ўзбекистон бутун Марказий Осиёнинг двигатели ва юраги эканлигини таъкидлади.
«2022 йилда Ўзбекистонда камбағалликнинг камайиши, оғир глобал вазиятга қарамай, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё учун шов-шувли. Биз мамлакатингиздаги ислоҳотлардан мамнунмиз ва тажрибангиздан сабоқ олишга тайёрмиз. Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнунмиз ва тажрибангизни ўрганишга тайёрмиз. Кузда бизда шунга ўхшаш тадбир бўлиб ўтади, мен мутахассисларни унда иштирок этишга таклиф қиламан. Мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли бугунги кунда чегаралар тўлиқ келишиб олинди, бу Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини сезиларли даражада яхшилади”, – деди Э. Байсалов.
Форум доирасида Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов модераторлигида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш тажрибасини ўрганишга бағишланган Ялпи сессияи бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаев, Покистон ташқи ишлар ва инсон ресурсларини ривожлантириш федерал вазири Сажид Ҳусайн Тури, Жорж Вашингтон университети қошидаги Эллиот халқаро алоқалар мактаби профессори Д.Фостер, Хитойнинг камбағалликни камайтириш халқаро маркази директори Лю Жунвен, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Консуэло Видаль Брюс ва бошқалар тақдимот қилди.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска камбағалликка барҳам бериш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг келгусидаги ислоҳотлардаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилганини таъкидлади.
Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ўз стратегияларини мамлакат контекстига мослаштириш, аҳолининг энг кам таъминланган қатламларини қамраб олиш, одамларнинг эҳтиёжлари ва имкониятларини таҳлил қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилдик. Шу мақсадда БМТТД Ўзбекистон учун кўп ўлчовли камбағалликни ўлчашнинг воситасини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди. БМТТД инклюзив иш ўринлари яратиш, гендер тенглиги, инсон салоҳияти, қишлоқ тараққиёти ва албатта, яшил иқтисодиётга ўтиш ва рақамлаштириш орқали камбағалликнинг кўплаб жиҳатларини ҳал этиш йўлида Ўзбекистонга ҳамроҳлик қилмоқда», – деди БМТТД Ўзбекистондаги раҳбари.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги болалар камбағаллигига қарши курашиш бўйича комплекс миллий стратегияларни қўллаб-қувватлашга содиқлигини таъкидлади.
«Ёш болаларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимояга инвестицияларни биринчи ўринга қўйиш жуда муҳимдир. Бунинг натижасида Ўзбекистон демографик имкониятлардан фойдаланиши ва минтақада инсон капиталини ривожлантириш бўйича илғор тажриба намунасига айланиши мумкин», – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.
Ялпи сессия якунида А.Банержи журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, J-PAL ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорлиги ҳақида гапирди.
“Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликда ишлаб, гувоҳи бўлганимиз энг катта устунлик бу тадқиқотларга жиддий ёндашув ва ишга бўлган садоқатдир. Кўриб турибманки, бу ерда (таҳр. Марказ) кўплаб мутахассислар бор, улар камбағалликка қарши курашишга тайёр ва шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти камбағалликка қарши кураш муҳим вазифа эканлигига қатъий ишонади. Биз эса, ўз навбатида, ушбу вазифани амалга оширишга илмий ёндашувни таклиф қиламиз ва ўйлайманки, ташкилотларимизнинг бундай саъй-ҳаракатлари пировардида самарали натижалар олиб келади”, – дея хулоса қилди камбағалликка қарши кураш бўйича глобал ташаббус ҳаммуассиси.
Форум якунида бир қатор ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди ва янги қўшма лойиҳалар, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва J-PAL ўртасидаги ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Форум доирасида хорижлик экспертлар ва ҳамкорлар Ўзбекистон ҳудудларига ташриф буюришди, Бухоро вилоятидаги «Маданият» маҳалласи мисолида «маҳаллабай» тизими асосида жойларда олиб борилаётган ишлар намойиш этилди. Ҳудудлардаги ишларни ўрганиш натижаларига кўра, экспертлар Ўзбекистондаги стратегия ва давлат дастурлари таъсирини мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, орттирилган тажрибани ривожланаётган мамлакатларда янада кенг тарқатиш мақсадида камбағалликни қисқартиришнинг ўзбек моделини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.