8-9 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида «Дунё» АА мухбири мазкур ташкилот Бош котиби Хусрав Нозирий билан ИҲТни янада ривожлантириш истиқболлари ва ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида суҳбатлашди.
– Жаноб Нозирий Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда бўлиб ўтадиган 16-саммитидан кутилаётган натижалар ва форум кун тартибидаги устувор мақсадлар ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Раҳмат. Аввало, таъкидлаб ўтиш жоизки, ИҲТнинг 16-саммитининг аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари иштирокида Тошкентда ўтказилиши биз учун катта шарафдир.
Ўзбекистоннинг ИҲТдаги фаол позицияси мамлакатнинг сўнгги йиллардаги ҳайратланарли ривожланиш саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Ўзбекистоннинг жаҳон ва минтақавий обрў-эътибори сезиларли даражада ошганидан, шунингдек, мамлакатнинг сўнгги иқтисодий ривожланишига гувоҳ бўлишдан, унинг истиқболли эканини кўришдан мамнунмиз.
Ушбу саммит минтақага таъсир этаётган муайян халқаро ўзгаришлар фонида ўтказилмоқда. Шу маънода, саммит ташкилот фаолиятини таҳлил қилиш ва келгусидаги саъй-ҳаракатларни йўналтириш учун етакчиларимизни тўплайдиган халқаро форум сифатида юксак аҳамият касб этади. Саммитда ИҲТ фаолияти муҳокама қилинади ва савдо, энергетика, транспорт, атроф-муҳит, туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат ва «яшил» ривожланишга оид устувор тармоқлардаги минтақавий ҳамкорликнинг ҳолати кўриб чиқилади.
Шунингдек, тадбир доирасида аъзо давлатлар раҳбарлари самарали икки томонлама ҳамкорлик учрашувлари ва конструктив муҳокамалар ўтказишларига ишонаман, бу ҳам минтақадаги тинчлик, фаровонлик ва барқарорликка катта ҳисса қўшади, деб умид қиламан.
– Ўзбекистон 2022 йилда биринчи марта Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик қилди. Мамлакатимизнинг ташкилотга раислиги даврида қайд этилган натижаларни қандай баҳолайсиз?
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкилот билан жуда фаол ҳамкорлик қилаётганини эътироф этишим лозим. Жорий йилнинг бошида, январь ойида Тошкентда барча аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирокида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтгани аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистонга юксак эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
2022 йилда, албатта, Ўзбекистон раислигида ИҲТ ўз олдига қўйган мақсадларни жадал суръатда амалга оширди. Ўзбекистон томонидан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича бир қанча олий даражадаги ва вазирлар учрашувлари муваффақиятли ташкил этилди. Бу эса аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни, хусусан, транспорт ва алоқа соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришда жуда самарали натижалар берди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил ИҲТ маконида «Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилингани юқори баҳоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ўз раислик даврида халқаро олим ва экспертлар иштирокида экологик ҳамкорлик бўйича «Юқори даражадаги мулоқот платформаси»ни ташкил этишга раҳбарлик қилди. Биз Ўзбекистоннинг ташкилотнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини бошқаришдаги фаол позициясини, шунингдек, биологик хилма-хиллик, ерларнинг деградацияси ва иқлим ўзгариши бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишдаги ташаббускорлигини юқори баҳолаймиз.
Ўзбекистон ўз раислиги даврида туризм соҳасида ҳам жуда фаол бўлди. 2022 йилда ИҲТ туризм вазирларининг IV йиғилиши Ўзбекистон томонидан самарали ташкил этилди. Бундан ташқари, 2022 йилда Озарбайжон, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистондан 242 туроператор ва сайёҳлик агентликларини бирлаштирган ИҲТ Туроператорлари тармоғи ташкил этилди. Ўзбекистон ўзининг буюк тарихий ва табиий неъматлари билан алоҳида ажралиб туради. Шу муносабат билан биз Ўзбекистонни Шаҳрисабз шаҳри «2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти» этиб танлангани билан табриклаймиз.
-ИҲТнинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва логистика, шунингдек, туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Ушбу соҳаларда сўнгги йилларда эришилган қайси натижаларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Савдо соҳасида ИҲТ биринчи навбатда, имтиёзли савдо тизими орқали савдони эркинлаштириш, осонлаштириш ва устуворликларимиз асосида рағбатлантиришни кўзда тутади. Асосан экспортга йўналтирилган сиёсатни ўз ичига олган бизнинг ёндашувимиз минтақага савдо оқимларини жалб қилиш ва кўпайтириш, бизнес юритиш харажатлари ва вақтини қисқартириш, минтақанинг жаҳон бозоридаги улушини ошириш ва якуний мақсад ИҲТ минтақасининг савдо профилини оширишга қаратилган.
Биз энергетика соҳасида барқарор ва самарали энергия манбаларига ўтиш муқаррар эканлигини тан оламиз. Шу нуқтаи назардан, Бокуда ИҲТ «Тоза» энергия марказининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди. Ушбу марказ энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақадаги фаолиятни кучайтиради. Энергетика соҳасида яна бир энг муҳим лойиҳа ИҲТ минтақавий электр энергияси бозорини ташкил этишдир. Бу минтақадаги илғор ва интеграциялашган электр энергияси бозори ва инфратузилмасига олиб келадиган тегишли энергия савдоси учун минтақавий соябон яратишга қаратилган. Биз уни эрта ишга тушириш учун Энергия хартияси ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.
Ўзаро боғлиқлик контекстида биз денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларимизни кучли ички минтақавий ва минтақалараро алоқаларга эга бўлишига ёрдам беришга интиламиз. Шу мақсадда глобал ҳамкорларимиз, энг муҳими, БМТнинг тегишли агентликлари билан ҳамкорликни давом эттираяпмиз. Ўзаро боғлиқлик борасидаги саъй-ҳаракатларимиз, жумладан, минтақанинг шарқий қисмида ИҲТ ҳаво марказини ташкил этиш, турли йўлакларни, жумладан, Транскаспий ва Олмаота-Теҳрон-Истанбул йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, Исломобод-Теҳрон-Истанбул йўналишини кенгайтиришдан иборат. Болгарияга темир йўл коридори – бу ИҲТнинг Жанубий Осиёни темир йўл орқали Европа билан боғлайдиган илк ташаббусидир.
Туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бошқа муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ИҲТ туризм бўйича ҳаракатлар режаси ва ИҲТ туризм пойтахтларининг муваффақиятли концепцияси, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ИҲТ минтақавий дастури, ИҲТнинг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий мувофиқлаштириш марказини дастурга асосланган ташкилотдан ўзини ўзи таъминлайдиган институтга айлантирилиши ва халқаро олим ҳамда экспертлар иштирокида ИҲТда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик юзасидан юқори даражадаги мулоқот платформаси шакллантирилди.
-Транспорт ва логистика ИҲТ доирасида устувор соҳага айланиб бормоқда. Келинг, бу борадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳақида гаплашсак.
– Ўзаро боғлиқлик ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ, биз минтақада консолидациялашган транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга эътиборимизни қаратдик. Ташкилот низомини ишлаб чиқиш, қонунчилик базасини яратиш, халқаро стандарт тартиб ва конвенцияларини амалга ошириш, инфратузилмани ривожлантириш, салоҳиятни ошириш, техник ҳамкорлик, мувофиқлаштириш механизми ҳамда тегишли халқаро ҳамкорлар ва банклар билан муносабатларни ўз ичига олган яхлит ёндашувни қабул қилди.
Шу нуқтаи назардан, 2022 йилнинг ИҲТ маконида «Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили», 2023 йилни эса «Яшил» ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили» деб эълон қилиниши минтақада транспорт тизимини ривожлантириш муҳимлигини янада кўрсатади. Дарҳақиқат, транспорт ва логистика соҳаси бугунги кунда минтақавий ҳамкорлик кун тартибимизнинг энг муҳим соҳасидир.
Мақсадларимизни амалга оширишда 2-3 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида транспорт вазирларининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди, унда минтақавий алоқаларни кенгайтириш бўйича масалалар юзасидан умумий тушунча ва келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш истаги пайдо бўлди.
Хусусан, ИҲТ транзит транспорт бўйича асосий келишув ташкилот доирасида транспорт алоқаларини кенгайтириш сиёсатининг максимал таркибий қисмларини қамраб олувчи ўзаро боғлиқлик борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий манбаи ҳисобланади. Ушбу келишув Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва техник қўмиталар орқали аъзо давлатлар ўртасидаги алоқа бўйича ҳамкорликни тартибга солиш ва мустаҳкамлашга интилади.
Биз, шунингдек, БМТ Европа иқтисодий комиссияси билан Транскаспий ва Олмаота-Теҳрон-Истанбул йўлаклари бўйича мувофиқлаштириш қўмитаси доирасида ҳам ҳамкорлик қиламиз.
Транспорт ва уланиш соҳасидаги бошқа муҳим тадбирлар сифатида иккита муҳим янги йўлакларни, яъни Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон ва Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия коридорларини ташкил этиш ва бошқа қатор тадбирларни санаб ўтиш мумкин.
Ўзбекистоннинг ИҲТдаги ролини қандай баҳолайсиз?
– Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон ИҲТ аъзо жуда муҳим давлатдир. Ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг 2022 йилда раислиги даврида ИҲТнинг минтақадаги ўзаро тараққиёт ва фаровонлик кун тартибидаги таҳсинга лойиқ роли ва мукаммал бошқарувини муносиб равишда эътироф этади.
Ўзбекистоннинг географик ўрни Марказий Осиёни боғловчи нуқта сифатида унга минтақани боғлашда жуда муҳим рол ўйнаш ва атрофдаги мамлакатлар тараққиётига ҳисса қўшиш учун муҳим имконият яратади.
Ўзбекистоннинг ИҲТдаги ўрни ортиб бораётгани, айниқса, раислик йилларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш жараёнини олға суриш ва қўллаб-қувватлашда айниқса муҳим бўлди. Ташкилот Ўзбекистоннинг ИҲТ фаолиятидаги роли ортиб бораётганини, бу тузилманинг ўсиши ва ривожланишига жуда катта ҳисса қўшганини мамнуният билан қайд этади.
Хусусан, ИҲТ фаолияти 2022 йилда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мавзусига мувофиқ минтақада боғлиқлик мақсадларини имкон қадар амалга оширишга қаратилган эди. Шу муносабат билан ИҲТ Котибияти минтақавий боғлиқликларга бевосита ҳисса қўшадиган янги ташаббусларга устувор аҳамият қаратди. Булар Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия мультимодал коридори ва Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия йўлаклари бўлиб, минтақадаги транспорт алоқаларининг ривожланишига ҳисса қўшади.
Ҳаво алоқаси ҳам мамлакатлар ва минтақамиз иқтисодий ўсишига катта ҳисса қўшганлиги сабабли, ташкилот Марказий Осиёдаги ИҲТ минтақавий маркази концепциясини ҳам ишлаб чиқди. Умид қиламанки, бундай ҳаво хабининг ташкил этишга бўлган қизиқиш ортиб боради ва тўғри кўриб чиқилади.
Биз Ўзбекистоннинг барча устувор жабҳаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича умумий ишимизга қўшаётган ҳиссасидан жуда хурсандмиз.