ЕХҲТ ДИИҲБ Миссияси: Сайловга юқори даражада тайёргарлик кўрилган

Бугун пойтахтимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, 8 май куни Президентнинг “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди. Сайлов кодексида Президент муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши белгилаб қўйилган. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сайловга тайёргарлик миллий қонунчиликда назарда тутилган ташкилий ишлардан бошланади. Марказий сайлов комиссияси томонидан 2023 йил 10 майдан муддатидан илгари Президент сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилди. Шу тариқа мамлакатда Президент сайлови эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора тайёргарлик ишлари бошланди. Президент сайловини ўтказиш билан боғлиқ барча ишлар Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан Конституция, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссияси қарорлари, шунингдек, календарь режага мувофиқ амалга оширилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги холис ахборотларни сайловчилар ва сиёсий партияларга белгиланган тартибда оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказиш таъминланди.