““Инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро конференциянинг УРГАНЧ ДЕКЛАРАЦИЯСИ

Биз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида 2022 йил 20 июнь куни Урганч шаҳрида ўтказилган ““Инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари:

инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги тамойили ҳамда “Давлат – инсон учун” ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади”, деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганган, мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ва амалиётда мустаҳкамлаш борасида фикр алмашган,

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш каби вазифаларни назарда тутувчи тегишли халқаро ва минтақавий ҳужжатларини қўллаб-қувватлаган,

ҳозирда Янги Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий ҳаётдаги ижобий жараёнлар шиддат билан давом этиб, инсон қадри улуғланадиган ва қонун устуворлиги қарор топган демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш борасида аниқ мақсад ва марраларга тадрижий равишда эришилаётганлигини эътироф этган,

дунё халқларининг демократик жиҳатдан ривожланиш тарихи ҳар қандай ислоҳот кучли конституциявий-ҳуқуқий асосга таянсагина, кўзланган эзгу мақсадлар ва марраларга эришиш мумкинлигидан далолат беришини таъкидлаган,

Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот, авваламбор, “Янги Ўзбекистонга – янгиланган Конституция” лозим, деб ҳисоблаётганаҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар амри, хоҳиш-иродаси, замон талаби эканлигини эътироф этган ҳолда,

инсон қадрини янада улуғлаш, “Инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини ҳаётга татбиқ этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссияга қуйидаги ТАКЛИФ ВА ТАВСИЯЛАРНИ билдирамиз:

Инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида:

• инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан тегишли эканлиги ва уларни таъминлаш – давлатнинг олий мақсади эканлиги;

• Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги;

• ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш ва уни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч кимга қонунда белгиланмаган мажбуриятлар юкланиши мумкин эмаслиги;

• ҳеч бир шахс ўзига, ўз турмуш ўртоғига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги ҳамда қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа муносабат ва жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбурмаслиги, айблашга оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги;

• мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигига қаратилган нормаларни мамлакат конституциясида акс эттириш масаласини кўриб чиқиш.

“Ижтимоий давлат” ғоя ва тамойилларини ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиш мақсадида:

• жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтини ўрнатиш ва ривожлантириш;

• “қашшоқлик чегараси” ва ҳар қандай шахсга (айниқса, ногиронлиги бор инсонлар, пенсионерлар, болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтожлар) давлат томонидан тақдим этилиши мажбурий бўлган ҳамда инсон ҳаёти учун зарур минимал товарлар ва хизматлар тўпламини назарда тутувчи “истеъмол савати”ни ўрнатиш;

• хусусий мулкнинг ижтимоий жавобгарлиги”ни белгилаш ;

• ҳар бир шахс ишсизликда, ногиронликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалигини белгилаш, “энг кам истеъмол харажатлари” тушунчасини киритиш;

• давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиши, давлат пенсиялари, нафақалари ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилаш;

• давлат ва жамият томонидан етим ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларнинг соғлом ва баркамол ривожланишининг таъминланиши тўғрисидаги янги конституциявий нормаларни киритиш.

Ўзбекистон халқининг миллий қадриятлари ва анъаналарини инобатга олиб, Конституцияда миллий ўзликни ифода этиш ва маънавий тараққиётни жадаллаштириш бўйича:

• тарихий, маънавий ва маданий мерос давлат муҳофазасидадир, давлат ва жамият миллий қадриятлар ва ўзига хос хусусиятларнинг сақлаб қолиниши ва қўллаб-қувватланиши учун масъул бўлиши, Ўзбекистон халқининг маданий меросини келгуси авлодларга безавол етказиш ҳақида ғамхўрлик қилишини;

• давлат ва жамият болалар ҳамда ёшларда азалий миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга садоқат, буюк аждодларнинг бой маданий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантиришни, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва аҳлоқий тарбиялаш учун зарур шароитлар яратишини;

• никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланишини алоҳида қайд этиш, оталикнинг ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинишини алоҳида кўрсатувчи нормаларни акс эттириш.

Учинчи Ренессанс пойдеворини янада мустаҳкамлаш борасида:

• педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришларига тўсқинлик қилишга йўл қўймаслик;

• ҳар кимга илмий ва техникавий, бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқининг кафолатланиши;

• ҳар ким танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқига эга эканлиги;

• умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги каби масалаларни мустаҳкамлаб қўйиш.

Адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўналишида:

• фуқароларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

• фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш;

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш.

Инсонларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида:

• атмосфера ҳавосини умуммиллий бойлик сифатида тан олиш;

• барча фуқароларнинг яшаш учун қулай атроф-муҳитга ва унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли маълумотга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш. Ҳар бир шахс экологик ҳуқуқбузарлик натижасида соғлиғига ва мулкига етказилган зарарни ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлиши;

• инсонларнинг тоза ичимлик сувига бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамлаш;

• барча турдаги давлат таълим муассасаларида экологик таълимнинг мажбурий равишда ўқитилишини таъминлаш каби масалаларни Конституцияда акс эттириш.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида:

• инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиниши;

• ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилишга ҳақлилиги;

• ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга бўлиши;

• мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги;

• Ўзбекистон Республикасида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлашга қаратилган нормаларни киритиш.

Конституцияга миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган:

• Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлигини кафолатлаш;

• давлат ва диний конфессиялар ўртасида тинчлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлаш;

• Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ваколатларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқишни;

• Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш;

• Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатларига халқаро ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларни эшитиш, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш;

• Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини тузиш/шакллантириш ва бошқариш/раислик қилиш ваколатини бериш каби масалаларни ҳал этишга қаратилган нормаларни киритиш.

Халқаро конференция ташкилотчиларига қуйидаги ТАВСИЯЛАРНИ билдирамиз:

• ушбу халқаро конференция материаллари асосидаИнсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ва Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан тайёрланган тўплам, шунингдек, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” кўп жилдли китобини хорижий ва халқаро ҳамкорлар кўмагида чоп этиш;

• конституционализмни ривожлантириш, такомиллаштириш, кодификация қилиш ва янада демократлаштириш, қонунчиликни инсонпарварлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва халқаро анжуманларни ташкил этиш амалиётини давом эттириш.

Биз, халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишдек конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имконини бераётганига ишонч билдирамиз.

Инсон қадрининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган ушбу халқаро форумнинг барча ташкилотчилари ва иштирокчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Хусусан, халқаро конференциянинг юксак даражада ўтказилишини таъминлагани учун Хоразм вилояти ҳокимлигига алоҳида миннатдорчилик изҳор этамиз.

Урганч,

2022 йил, 20 июнь