2026 йил 8–9 июль кунлари Ўзбекистон Президенти Беларусга расмий ташриф билан боради.
Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг замонавий босқичи барқарор ижобий динамика ва ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишлар бўйича изчил кенгайиб бораётгани билан тавсифланади.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларга 1993 йил 21 январь куни асос солинган. Беларуснинг Тошкентдаги элчихонаси 1994 йил февралдан фаолият юритмоқда, Ўзбекистоннинг Минскдаги элчихонаси эса 2017 йил октябрда ташкил этилган бўлиб, 2018 йил мартдан тўлиқ фаолият бошлаган. Ўтган давр мобайнида томонлар ўртасида кенг кўламли шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган ҳамда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг катта тажрибаси тўпланган.
Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базаси ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олади. Ҳозирги кунда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида 126 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.
Асосий ҳужжат 1991 йил 6 ноябрда Тошкентда тасдиқланган Давлатлараро муносабатлар асослари тўғрисидаги шартнома бўлиб, у Ўзбекистон–Беларусь шериклигини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини ташкил қилади. Бу томонларнинг суверен тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига содиқлигини ифодалайди.
Сиёсий мулоқот Ўзбекистон–Беларусь шериклигининг асосий пойдевори ҳисобланади. Юқори ва олий даражадаги доимий алоқалар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
1991–2026 йиллар давомида Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга олти марта ташриф буюрган. Жумладан 1994, 2018 ва 2024 йилларда расмий ташрифлар амалга оширилган. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 31 июль – 1 август кунлари Беларусга расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
Ҳукуматлараро ҳамкорлик икки томонлама алоқаларнинг муҳим таркибий қисми саналади. 2022–2026 йилларда Ўзбекистон ва Беларусь Бош вазирларининг қатор ўзаро ташрифлари амалга оширилган бўлиб, уларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, логистика ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Парламентлараро ҳамкорлик ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, сўнгги йилларда янада тизимли ва амалий тус олди. Парламентлараро ҳамкорлик тизимида Ўзбекистон–Беларусь аёллар бизнес-форумлари алоҳида ўрин тутади. Улар ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун самарали майдонга айланган.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳам Ўзбекистон–Беларусь шериклиги барқарор ижобий динамикани намоён этмоқда. Халқаро иқтисодий конъюнктуранинг мураккаблигига қарамасдан, томонлар ўзаро савдо ҳажмини изчил ошириш, инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлашга эришмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 5 баробардан зиёдга ошди ҳамда 2017 йилдаги 181,7 миллион доллардан 2025 йил якунлари бўйича рекорд 965 миллион долларга етди. Ижобий динамика жорий йилда ҳам давом этмоқда. 2026 йил январь–апрель ойлари якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 340,4 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб учдан бирга кўпдир.
Ўзаро савдо тузилмаси юқори даражада диверсификациялангани билан ажралиб туради. Беларусь Ўзбекистонга озиқ-овқат ва кимё саноати маҳсулотлари, машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва хомашё етказиб беради, Ўзбекистон эса саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, хизматлар ва қайта ишлаш саноати товарларини экспорт қилади.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида 244 та корхона фаолият юритмоқда, Беларусда эса Ўзбекистон бизнеси иштирокида 229 та компания ишламоқда.
2025 йилда Беларуснинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 104,4 миллион долларни ташкил этди. Иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш 2001 йилда ташкил этилган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон–Беларусь муносабатларини мустаҳкамлашда икки давлат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Бу эришилган сиёсий келишувларни аниқ иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳаларга айлантириш имконини беради.
2017 йилдан буён Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари делегацияларининг 40 дан ортиқ ўзаро ташрифлари амалга оширилган. Фаол алмашинув маҳаллий ҳокимият органлари, ишбилармон доиралар ва жамоат ташкилотлари ўртасида алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳудудлараро шерикликни ривожлантиришда форумлар алоҳида ўрин тутади. Улар анъанавий равишда давлат раҳбарлари расмий ташрифлари доирасида ташкил этилади ва миллий кўргазмалар, инвестиция салоҳияти тақдимотлари ҳамда ҳамкорлик келишувларини имзолаш маросимлари билан уйғунлашган ҳолда ўтади.
Маданий-гуманитар алоқалар ўзаро дўстлик, англашув ва таълим, фан ҳамда маданий алмашинувларни кенгайтиришга йўналтирилган.
Беларуснинг ижодий жамоалари мунтазам равишда Ўзбекистонда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиб келади. Ўзбек маданияти вакиллари эса Беларусь майдонларида, жумладан, Витебскдаги “Славян бозори” халқаро санъат фестивалида қатнашади. Икки давлатда маданият кунлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Маданий алоқаларни мустаҳкамлашда тарихий шахслар хотираси ҳам рамзий аҳамиятга эга. 2018 йилда Тошкентда беларусь адабиёти классиги Якуб Колас ҳайкали очилди. 2019 йилда эса Минскда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам алоқалар жадал ривожланмоқда. Тошкентда Беларусь–Ўзбекистон тармоқлараро амалий техник малака институти ташкил этилган. Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама диплом дастурлари амалга оширилмоқда. Муҳандислик-техник олий билим юртлари ректорлари форуми ва касбий таълим анжуманлари академик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Фан, кинематография ва туризм соҳаларидаги ришталар ҳам мустаҳкамланмоқда. Беларусда Ўзбекистон киноси кунлари ва Ўзбекистонда Беларусь киноси кунлари мунтазам ўтказилиб келинади. Икки давлат вакиллари халқаро кинофестивалларда иштирок этиб, туризм ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётган йўналишлардан бири ҳисобланади. 2023 йилда биринчи тиббиёт форуми –Ўзбекистон–Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим кунлари бўлиб ўтди. Форум давомида тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган 120 дан ортиқ келишувга эришилган.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган беларусь диаспораси гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда тахминан 18 минг этник беларусь яшайди. Миллий маданиятни сақлаш ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга Тошкентдаги “Свитанак” маданият маркази ва Ангрендаги беларусь маданият маркази катта ҳисса қўшмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон–Беларусь муносабатлари барқарор ривожланиш билан ифодаланади. Юқори даражадаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий шерикликнинг кенгайиши, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос равишда серқирра алоқалари янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади.
“Дунё” АА