Туркий маконнинг транзит салоҳияти: Интеграциялашаётган иқтисодиётлар ва янги логистик ечимлар

XXI асрда глобал иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланиши транспорт ва логистика тизимларининг стратегик аҳамиятини янада оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, Европа ва Осиёни боғлаб турувчи муҳим геоиқтисодий ҳудудда жойлашган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бирига айланди.

ТДТ доирасида замонавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш ва ягона логистика маконини шакллантириш бўйича амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бу эса нафақат минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга, балки Евроосиё ҳудудида барқарор иқтисодий ўсиш ва ўзаро боғлиқликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

ТДТ мамлакатларини Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериклари қаторига киритиш мумкин. Жумладан, Қозоғистон билан йирик савдо айланмаси, Озарбайжон билан эркин савдо, Туркия ва Венгрия билан энг кўп қулайлик режими амал қилади.

2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан юк ташиш ҳажми 17,5 млн тоннани ташкил этиб, умумий экспорт-импорт ташувларининг қарийб 38 фоизига тўғри келди.

Ташкилот доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” шиори остида Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммити бўлиб ўтди.

Саммит якунлари бўйича томонлар 121 банддан иборат Габала декларациясини қабул қилдилар. Ушбу ҳужжатда сиёсий, иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор устувор вазифалар белгиланди. Хусусан, декларацияда транспорт соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлигини янада кучайтириш, минтақа давлатларининг транзит салоҳиятини ошириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак)ни ривожлантириш ташкилот доирасидаги стратегик устувор йўналишлардан бири сифатида эътироф этилди. Мазкур йўлакни такомиллаштириш орқали Евроосиё маконида юк ташиш занжирларининг самарадорлигини ошириш, транспорт маршрутларини диверсификация қилиш ва минтақанинг глобал логистика тизимидаги аҳамиятини кучайтиришга алоҳида урғу берилди.

Бундан ташқари, саммит доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг ташқи ҳамқорлар ва учинчи давлатлар билан ҳамкорлик географиясини кенгайтиришга қаратилган «ТДТ+» форматини жорий этишга келишиб олинди.

Мазкур саммитда давлатимиз раҳбари томонидан Ўрта йўлакни «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли ва Трансафғон йўлаги билан боғлаш ҳамда божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Билдиралган ташаббуслар ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда мазкур йўналишларда ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрлик изҳор этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли Хитойдан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига олиб борадиган энг қисқа йўлакни шакллантириши, масофа 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақти эса 7-8 кунга қисқариши кутилмоқда.

«Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темир йўли қурилиши трансминтақавий ҳамкорликнинг яна бир муҳим лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди.

Сўнгги йилларда Транскаспий йўлагига бўлган эътибор ортган сари ундаги юк ҳажми тобора ошиб бормоқда. 2025 йилда мазкур йўналиш бўйлаб Ўзбекистон юкларининг Боку порти орқали транзити 1,2 млн тоннадан ошди ва яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 1,5 млн тоннага етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ТДТга аъзо давдатлардан иборат «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон / Қозоғистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» стратегик йўналишидан фаол фойдаланмоқда. Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликда ушбу йўналишни ривожлантиришга урғу берилмоқда. Хусусан, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда логистика жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолган айни дамда Туркий давлатлар бирлашмасидан келиб чиқадиган салоҳиятни амалга ошириш илғор масалага айланмоқда.

Шунингдек, ТДТ доирасида етказиб бериш занжирларида рақамли ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида электрон рухсатнома алмашиш тизими e-Permit йўлга қўйилган, Озарбайжон билан e-TIR тизими жорий этилган. Шу билан бирга, электрон божхона, автоматик юк кузатув тизимлари, «рақамли божхона коридори» каби ечимлар ТДТ мамлакатларида кенг жорий этилмоқда.

Юқоридаги ташаббуслар туркий давлатлар ўртасида ягона транспорт маконини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Рақамлаштирилган тизимлар, янги транспорт йўналишлари ва қўшма инвестициялар туфайли ТДТ мамлакатлари ўзаро интеграцияни чуқурлаштириб, Евроосиё транспорт тармоғида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.

“Дунё АА