Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали институтларидан бири сифатида адвокатуранинг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, адвокатура институти ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнларининг барча босқичларида тарафларнинг тортишуви тамойили асосида ишни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди, адвокатларнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг олий юридик кучга эга эканлиги, мамлакатимизнинг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, Конституцияда адвокатура институтига алоҳида боб ажратилганлиги унинг суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида муҳимлигидан далолат беради. Ўзбекистон Конституциясининг 141-142-моддаларини ўз ичига олган ХХИВ бобида адвокатура институтига оид асосий қоидалар белгиланган. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, адвокатура фаолиятининг тамойиллари, адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд жараёнларининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи конституциявий нормани ҳаётга татбиқ этиш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, адвокатлар мустақиллигининг кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мазкур институтдаги муҳим ўзгаришлар адвокатурага оид асосий нормаларни белгилаб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда адвокатура институтига оид қуйидаги қонунлар мавжуд. Булар 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”гиЎзбекистон Республикаси қонуни.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатлар мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хусусан: адвокатларга низоларни судгача ҳал этиш, тарафларни яраштириш чораларини кўриш, шунингдек ҳакам сифатида фаолият юритиш ҳуқуқи берилди; адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировкадан ўтиш муддати олти ойдан уч ойгача қисқартирилди, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари, шунингдек, судя, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил ишлаган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилиши белгиланди; адвокатнинг узрли сабабларсиз ўз касбий мажбуриятларини бажармаслиги муддати уч ойдан олти ойгача узайтирилди; адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш фақат Адлия вазирлиги мурожаатига кўра, Олий малака комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан амалга оширилиши белгиланди; адвокат мақомини олиш учун малака имтиҳонини қайта топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилди.
Миллий адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар халқнинг адвокатура институтига бўлган ишончини ошириш, адвокат мақомини янада мустаҳкамлаш, адвокатларнинг касбий фаолиятни амалга оширишдаги ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун асос яратди. Ижобий жиҳатлардан бири шундаки, мамлакатимизда адвокатлар иштирокидаги суд жараёнларида ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Адвокатура – одил судловнинг ажралмас қисми, адолатни қарор топтиришда ушбу институтнинг ўрни беқиёс” эканлиги таъкидланди. Бу ҳам адвокатура институтига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Адвокатура тўғрисидаги қонунчиликка киритилган адвокатлик тузилмаси бўлган адвокатлик бюроси билан боғлиқ муҳим ўзгаришни алоҳида таъкидлаш лозим. 2018 йил 11 октябрда қабул қилинган қонунга мувофиқ адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган турар жойларда амалга ошириши мумкин, бунда адвокатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш учун нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб этилмайди. Бу эса адвокатура институтига кираётган янги адвокатлар учун кенг имкониятлар яратди. Шу сабабли, бугунги кунда адвокатлик бюроси энг кўп ташкил этиладиган адвокатлик тузилмалари орасида етакчи ўринни эгаллайди.
Адвокатура фаолиятидаги ортиқча сансалорлик, бюрократия ва қоғозбозликни бартараф этиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида 2022 йил 30 майда Ўзбекистон Президентининг “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра муҳим ўзгаришлар сифатида қуйидагиларни таъкидлаш лозим: адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш жараёни талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади ва расмийлаштирилади; адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш фақат “ягона дарча” тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда амалга оширилади; адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолиятига лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича комплекс хизмат кўрсатиш алоҳида таъкидланган.
Бундан ташқари, фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизимининг ишга туширилиши адвокатлар учун қатор имкониятлар яратди. Хусусан, адвокатларнинг электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинетини шакллантириш, адвокат мақомини ўз аризасига кўра тўхтатиб туриш электрон хабарнома шаклида амалга оширилиши белгиланди, адвокатлик тузилмалари томонидан муайян ишни юритиш учун адвокатларга бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-кодга эга “Электрон адвокатлик ордери”ни бериш амалиёти жорий этилмоқда. “Юридик ёрдам” ахборот тизими жорий этилиши муносабати билан асосий ўзгаришлардан бири адвокатларни инсон омилисиз электрон тарзда тасодифий танлаш орқали давлат ҳисобидан ишга жалб этиш тартиби белгиланганлигидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги мурожаатида адвокатура институтида муҳим ўзгаришлар амалга оширилиши зарурлиги таъкидланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонининг 19-мақсади қуйидагича ифодаланган: инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали юридик хизматларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш. Мазкур фармон адвокатуранинг тизимли муаммоларига мақбул ечимлар таклиф этганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, адвокатура институтини тўлақонли ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб этиш, адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали ортиқча бюрократия ва сансалорликни бартараф этиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш, нафақат жиноий, балки фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш назарда тутилган. Буларнинг барчаси адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва унинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилди.
2023 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”гиқонуни ЎЗҚ-848 қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланди. Шунингдек, қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, бундай ёрдам кўрсатувчи шахслар, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар тоифалари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни рад этиш ва тўхтатиш асослари, ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни молиялаштириш асослари ва манбалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларга кўра, 2024 йил 1 январ ҳолатига адвокатлар 85339 та ишда тайинланган тартибда (барча асослар бўйича) иштирок этган. Бу эса мазкур кўрсаткичларнинг йилдан-йилга кескин ошишига олиб келди. Мамлакатимизда адвокатурага ишга қабул қилиш ҳамда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш тартибини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2023 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36599764 нафардан ортиқни ташкил этган. Адвокатлар палатасининг маълумотларига кўра эса, 2023 йил 1 июн ҳолатига мамлакатимизда 5665 нафар адвокат адвокатлик фаолияти билан шуғулланган. Ушбу статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2023 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ҳар 6460 нафар аҳолига ўртача 1 нафар адвокат тўғри келади. “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун имтиҳон топширишга талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талабни бекор қилувчи ўзгартиришлар киритилди. Бу эса адвокатликка талабгорлар сонининг кескин кўпайишига, соғлом рақобатнинг вужудга келишига ва адвокатура соҳасининг жозибадорлигини оширишга, шунингдек, соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратишга хизмат қилди.
ДИЛШОДБЕК НУРУМОВ
ТДЮ Суд, ҳуқуқни муҳофаза
қилувчи органлар ва адвокатура
кафедраси доценти, ю.ф.ф.д. (ПҳД) Э-маил: д.нурумов@tsul.uz