Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги янгича тартибот бунёдкори

Халқаро муносабатларнинг бугунги босқичида бир-бирига қарама-қарши бўлган икки парадигма – конфликт ва ҳамкорликлар ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда.

Бироқ дунёда юз бераётган бугунги инқироз халқаро сиёсатга замонавий халқаро ҳаётнинг салбий ва ижобий томонларини, миллий ташқи сиёсатдаги “эскирган” ғоя ва вазифаларни, халқаро ҳамкорликнинг устувор тизимидаги сукунатни кўрсатиш баробарида, ўзгараётган халқаро муҳитда давлатлар ташқи сиёсати учун янги имкониятларни очиб беришга ҳам хизмат қилмоқда.Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик парадигмалари ўзгармоқда ва давлатлар ташқи сиёсатидаги янгича тенденциялар юзага келмоқда.

Аҳил қўшничилик мана шундай ҳамкорлик парадигмаларидан, қолаверса, халқаро муносабатларнинг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади. Тамойил амалиёти халқ дипломатияси (Public Diplomacy)билан ҳамоҳанг ва ўша халқчиллик шукуҳи айнан аҳил қўшничилик сиёсатининг истиқболини белгилаб беради.

Аҳил қўшничиликхалқаро муносабатлар тамойили сифатидаХХ аср ўрталарида Ғарб давлатлари томонидан илгари сурилган (масалан, Ф.Рузвельт маъмуриятининг Лотин Америкаси давлатларига нисбатан ташқи сиёсати) ва БМТ ҳужжатларида ҳам халқаро ҳуқуқ тамойилларидан бирисифатида қабул қилинган.

Халқаро муносабатларда аҳил қўшничилик давлатлараро ҳамкорликнинг фундаментал тамойилларидан бири саналади. Ҳамма даврларда ҳам давлатларнинг, аниқроғи, давлат раҳбарлари томонидан мазкур тамойилни амалиётга тадбиқ этишига шарт-шароит, имкониятетарли бўлмаган ёки давлатлар раҳбарларида сиёсий ирода етишмаган. Оқибатда дунё минтақаларида конфликтлар объектив реалликка айланган ёки минтақалар бирор етакчи давлатнинг “ҳаётий муҳим” манфаатлари маконидан чиқиб кетиши қийин бўлган.

* * *

Бугунги кунда ҳам аҳил қўшничиликка дунёнинг ҳар бир минтақасида турлича ёндашувларни кузатиш мумкин. Шунинг учун давлатлар ўртасидаги қўшничилик муносабатларига фақат классик талқинда тавсиф бериш эмас, ўзгараётган дунёдаги шарт-шароитлар нисбатида ҳам баҳо бериш шу куннинг долзарб масалаларидан бирига айланмоқда.

Аҳил қўшничилик тамойилининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Булар–

  1. тамойил амалиёти билан биргина давлатда эмас, унга туташ давлатлар – бутун бир минтақада конфликт ўрнига консенсус устувор бўлади;
  2. минтақадаги сиёсий мулоқот табиати айнан аҳил қўшничиликни илгари сураётган давлат ташқи сиёсатига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади;
  3. аҳил қўшничилик сиёсатининг яловбардори нафақат минтақада, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилади. Бу жиҳатдан тан олиш муаммоси халқаро муносабатларнинг муҳим категорияси эканлигини ҳам эслаш мумкин.

Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга ўзгача бир нигоҳ билан, аниқроғи, Марказий Осиё минтақасида конструктив диалог шаклланишининг ташаббускори сифатида қарамоқда ва эътироф этмоқда.Аҳил қўшничилик борасида юқорида таъкидланган учта муҳим жиҳатниЯнги Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсий фаолиятда кўриш мумкин.

Президент Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, Марказий Осиё – асрлар давомида қондош халқлар тинч ва тотув яшаб келаётган жаҳондаги кам сонли минтақалардан бири.3 962 790 км.кв. майдонга (Осиё минтақасининг 10%) эга бўлган Марказий Осиё минтақаси аҳолиси қарийиб 80 млн ва бу дунё аҳолисининг қарийб 1%ни ташкил қилади. Жаҳон миқёсида ушбу кўрсаткичлар кам бўлиши мумкин, бироқ тез ўсиб бораётган минтақавий масъулиятли давлат – Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан дунё Марказий Осиёни қайтадан кашф этмоқда.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик сиёсатининг бунёдкори Ўзбекистон ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, халқаро муносабатлар тарихий-тадрижий тараққиётида яқин қўшничиликнинг конструктив шакли айнан Президент Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини йўлга қўйиш ташаббуси билан бевосита боғлиқ.

Ташаббус барча Марказий Осиё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланди ва илкМаслаҳат учрашуви 2018 йил Нур-Султонда (Қозоғистон), иккинчи бор 2019 йил Тошкент (Ўзбекистон),учинчиси 2021 йил Аваза (Туркманистон), тўртинчиси 2022 йил Чўпонота (Қирғизистон) ва бешинчи учрашув Душанбе (Тожикистон) шаҳарларида бўлиб ўтди. Мазкур учрашувлар Марказий Осиёнинг минтақавий дипломатиясида янги бир босқични бошлаб берди.

Яқин қўшничиликка асосланган Маслаҳат учрашувларининг амалий аҳамияти қуйидагилар билан боғлиқ:

биринчидан,Марказий Осиёда кейинги етти йилда юз бераётган сиёсий жараёнлар ортидан етакчи давлатлар минтақага ўз манфаатли сиёсатларининг объекти эмас, балки у ерда жойлашган давлатлар ҳам “тирик организм”, ўз геосиёсий куч-қудрат манбаларига эга давлатлар эканлигини тан олишгамажбур бўлмоқда.Бу жиҳатдан Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан шаклланган янги формат – минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташқи кучларнинг иштирокисиз бўлиб ўтаётганлиги геосиёсий аҳамиятга молик;

иккинчидан,бугун Марказий Осиёда конфликтдан кўра, консенсус шукуҳи устувор.Минтақа давлатларида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга муҳим омил сифатида қаралмоқда. Эътиборли томони шундаки, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бу жараёнга инновацион технологияларни жалб қилиш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик тизимининг бир қисми бўлган Афғонистонга анъанавий таҳдид манбаси сифатида қарашни давом эттирмасдан, ушбу мамлакатда тинчлик ва тараққиёт йўлида қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш Марказий Осиё давлатларининг минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги умумманфаатларига тўлиқ мос келади.

“Марказийосиёликлар Афғонистоннинг жанубга боғланиш учун муҳим мамлакат эканлигини англаб, бу давлат муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этишмоқда”. Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланиш истиқболларини минтақага жанубдан чегарадош бўлган Афғонистонда тинчликка эришиш ва унинг тикланиши билан боғлиқ эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қардош давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият томонидан доим хавф-хатар ўчоғи сифатида кўриб келинган қўшни Афғонистон билан ҳам муносабатлар фаоллашди. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсатнинг ижобий натижаларидан бири эканлиги бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф қилинаётганлиги бежиз эмас;

учинчидан, иқтисодий ҳамкорлик яқин қўшничилик алоқаларининг муҳим тармоғига айланиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан умумий товар айланмаси 7,2 млрд АҚШ долларга етган. Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида минтақа давлатларининг улуши 11,5%га тўғри келади ва бу кўрсаткичлар минтақа давлатларига нисбатан олганда Қозоғистон билан 61%, Туркманистон – 15%,Қирғизистон 13% ва Тожикистон – 11%ни ташкил этади.

Маслаҳат учрашувлари минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга жиддий ҳисса қўшаётгани шубҳасиз. Бироқ Ўзбекистониқтисодий дипломатияси минтақадаги реал ҳолатни (status-quo) инобатга олиб, минтақа давлатлари томонидан мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлик ҳамда савдо-сотиқ ҳажми ўсиб бораётганига қарамай, ташқи бозорлар ҳам Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати учун жиддий аҳамият касб этаётганлигига эътиборни қаратиш лозимлигини илгари сурмоқда;

тўртинчидан,одатда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликлар механизми икки томонлама алоқалардан ташқари, кўп томонлама — бирор сиёсий институтлар доирасида амалга оширилади. Бугун Марказий Осиё давлатлари ҳам турли форматдаги ҳамкорликлар тизимида иштирок этиб келмоқда. Минтақадаги беш давлат Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЕХҲТ) аъзо.

Бироқ ҳарбий-сиёсий мақомга эга бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) таркибида минтақанинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон сингари давлатлари бор. Қозоғистон билан Қирғизистон 2015 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда 2015 ва 1998 йилларда мос равишда Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиб кирди. 2013 йилда Тожикистон ЖСТга аъзо бўлса, 2020 йилда Туркманистон ташкилот таркибида кузатувчи-давлат мақомини олди.

Минтақа давлатларининг халқаро ташкилотларда турлича аъзолик шакллари улар ҳамкорлигига қандай таъсир кўрсатади?– деган савол туғилиши табиий. Бунга жавоб шундай – турли минтақавий ташкилотларга аъзолик бўйича тафовут, чуқур ва яқин тарихий, сиёсий ва маданий алоқаларга эга бўлган ҳамфикр давлатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликка тўсқинлик қилмайди.

Тўғри, йиллар давомида Ўзбекистон юқоридаги ташкилотлардан четда қолди. Янги Ўзбекистон шароитида ўтказилаётган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, 2017 йилдан бошлаб ЖСТга кириш учун шахдам қадамлар ташланди. Ўзбекистон ЕОИИ таркибида (2020 й.) кузатувчи-давлат мақомини олди.

* * *

Бугун ўзбек давлатчилиги тарихида Янги Ўзбекистон фавқулодда кескин бурилишлар даврини бошлаб берганлиги билан тавсифланмоқда. Бундай эътироф миллий манфаатларимизни изчил ҳимоя қилишга, дунё давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга, ҳамкор мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббусларини халқаро ва минтақавий миқёсда илгари суришга қаратилган қатор амалий саъй-ҳаракатларнинг натижаси ҳисобланади.

Янги Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг шунчаки иштирокчиси эмас, халқаро сиёсат кесимида ўз ташқи сиёсий ташаббусларини дадил илгари сураётган ҳамда иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораётган минтақавий масъулиятли давлат сифатида намоён бўлмоқда. Жумладан, Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Бош Асссамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (июнь, 2018), “Маърифат ва диний бағрикенглик” (декабрь, 2018), “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” (декабрь, 2019), “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги (май, 2021) резолюциялари қабул қилинишида Ўзбекистоннинг муносиб ҳиссаси бор.

2020 йилда Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ҳамкорлигида янги саҳифа очилди – Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси этиб сайланди.ЕХҲТ экспертлариЎзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади.

БМТ шафелигида Термез шаҳрида Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун кўп функцияли Марказ (сентябрь, 2021) ташкил этилди. Бу жиҳатдан, “БМТга аъзо давлатлар глобал муаммоларни ҳал этишни таъминлаши керак, Ўзбекистон эса бунинг яққол тимсоли бўлмоқда”.

Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Марказий Осиё минтақасида бутунлай  янги, очиқ, соғлом ва дўстона сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар муҳит яратилди. Биринчи навбатда қўшни давлатлар билан прагматик ва стратегик муносабатларимиз мустаҳкамланди ва кенгайтирилди.Марказий Осиёда узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган чегара, сув ва энергия тақсимоти, эркин ҳаракатланиш ва бошқа муаммолар ўз ечимини топа бошлади.

Марказий Осиё мамлакатлариМустақил Давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ – фақат Туркманистон аъзо эмас) каби платформаларда ҳамкорлик қилаётган бўлса-да, 2018 йилгача ҳамкорликнинг соф минтақавий формати мавжуд эмас эди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан юзага келган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашув формати минтақадаги “геосиёсий плюрализм”га барҳам бериб, яқин қўшничилик дипломатияси учун шарт-шароитларни яратиб берди. Аҳамиятли томони, мазкур формат қандайдир интеграцион тузилма ёки сиёсий институт эмас, учрашувлар кун тартибида бундай масала ҳам йўқ. Минтақа давлатлари етакчилари расмий интеграция йўлини такрорлаш, бирор сиёсий институтлар барпо этиш нияти йўқлигини қатъий билдириб, маслаҳатлашув форматини афзал билишини ва бу йўлдаги ҳаракатларни бошқа мамлакатлар манфаатига қарши йўналтиришни истамасликларини қайд этди.

Яқин қўшничилик тамойилининг амалиёти Марказий Осиёнинг жаҳонда тутган ўрнини янги бир босқичга олиб чиқди. Бугун Марказий Осиё халқаро сиёсатнинг чекка бир нуқтасида эмас, балки жаҳон жамоатчилигининг эътибори минтақага нисбатан табора ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан ҳамкорлик қилиш учун интеграцион бирлашмалардан ҳоли бўлган янгича форматларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйганлиги аҳамиятли. “Марказий Осиё –АҚШ”, “Марказий Осиё –Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё – Корея республикаси”, “Марказий Осиё – Япония”, “Марказий Осиё – Ҳиндистон”, “Марказий Осиё – Хитой”, “Марказий Осиё – Россия”каби форматларетакчи хорижий давлатларнингминтақа давлатлари билан сиёсий мулоқотлар олиб боришдан нечоғли манфаатдор эканлигини кўрсатиб турибди.

Экспертлар бундай платформанинг афзаллигини “Марказий Осиёдаги институтларнинг мустақил, ташқи кучлар таъсирига тушмаган”лиги билан боғлаб, бу борада минтақа давлатларининг тажрибага эгалигини Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд ёки бугун фаолияти тўхтатилган Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти (МОИҲ) билан боғлашади.

Ф.Старр фикрича, минтақавий ҳамкорлик йўлидаги дадил қадамларга қарамасдан, Марказий Осиё сиёсий ландшафтига “ташқи альянсларнинг тиқилиши” ортидан давлатларнинг бирор ташкилот атрофида бирлашмаслиги сақланиб келмоқда. Бу жиҳатдан Марказий Осиёни дунёда кучли минтақавий институт фаолиятига эга бўлмаган ягона минтақа сифатида тавсифлаш мумкин.

Тўғри, 2018 йилдан буён Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари ўтказилиб келинмоқда. Форматнинг навбатдаги олтинчи йиғилиши шу йил Остона шаҳрида бўлиб ўтади. Иштирокчи давлатларнинг ҳар бири учун муҳим бўлган институционал тузилмаларни яратиш масаласи бундай учрашувлар кун тартибидан четда қолмоқда.

* * *

Ўтган йиллар давомида ташқи дунё Марказий Осиёга доир мулоқотларда бир-бирига қарама-қарши бўлган икки тенденция – ё ҳамкорлик, ё рақобатдан баҳс этар эди. Ҳамкорликдан гап кетганда асосан минтақа халқлари маданияти, урф-одатларининг яқинлиги, тарихий муштараклик, минтақадан етишиб чиққан мутафаккирларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссалари ва ислом цивилизацияси ривожида Марказий Осиёнинг тутган ўрнига доир фикр-мулоҳазалар юритишган. Давлатларнинг геосиёсий жойлашуви, иқтисодий имкониятлари ва уларнинг бир-бирига таъсири, табиий ресурслардан фойдаланиш, сиёсий етакчилик каби масалаларга халқаро экспертлар минтақавий рақобат, давлатлар ўртасидаги ихтилофларнинг асосий сабаблари сифатида қарар ва буни зўр бериб тарғиб қилишарди.

Халқаро муносабатлар тарихий-тадрижий тараққиётининг бугунги босқичида Марказий Осиёга нисбатан ёндашувлар мундарижаси тубдан ўзгарди. Норвегия халқаро муносабатлар институти етакчи илмий ходими Р.Вакульчук фикрича, “бугун ҳамкорлик минтақавий муносабатларнинг бош мезонига айланди ва бу йирик ташқи кучлар (масалан, Хитой, ЕИ) томонидан ҳам эътироф этилмоқда”. Ташқи дунё сингари минтақадаги ҳар қандай масалага рақобат воситаси сифатида эмас, Марказий Осиёда ҳамкорлик пиллапояларини кенгайтирувчи омил сифатида қаралмоқда ва “бундай ташаббус Ўзбекистонга тегишли”.

Эксперт фикрича, минтақада Қозоғистон сингари ва катта эҳтимол билан Туркманистон бугун ҳам ўз энергоресурсларини экспорт қилишга боғланиб қолмоқда. Ўз навбатида Қирғизистон ва Тожикистон учун МДҲ давлатларидаги ишчи миграцияси давлатлар иқтисодининг асосий манбасини белгилаб бермоқда. Улардан фарқли тарзда Ўзбекистонга минтақада саноати кўп жиҳатдан диверсификациялашган давлат бўлганлиги учун ташқи таъсирларнинг даражаси паст бўлмоқда.

Халқаро миқёсда Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар иқтисодиётни либераллаштириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар билан боғлиқли равишда тан олинмоқда. 2019 йилда «The Economist»халқаро нашри (журнал) режалаштирилган ислоҳотларни амалга оширган йил давлати сифатида Ўзбекистонни эътироф этди. 2020 йилда биринчи марта Ўзбекистон 2016 йилдан буён “Ривожланган бозор”, “Инфраструктура” ва “Инсон капитали ва тадқиқот” кўрсаткичлари бўйича ўз натижаларини такомиллаштириб халқаро “Глобал инновация индекси”да қайд этилди.

Кристин Лагард бугун Ўзбекистон ўсиш тенгламасини ўзгартирмоқда ва яна қайтадан интеграция ва инновациялар ўчоғига айланишга ҳаракат қилмоқда, – деган эди Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида. – Охирги йилларда давлатдаги ислоҳотлар кенг жамоатчилик эътиборини ўзига тортмоқда.Ҳозир давлатда мавжуд импульсдан фойда олиш имконияти мавжуд ва беқиёс ўсишга имкон яратаётган йўлда давом этиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тараққиётида муҳим катализатор ролини ўйнаши табиий. Марказий Осиёдаги сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш учун Ўзбекистон иқтисодиётидаги модернизм ва сиёсий очиқлик катта аҳамиятга эга бўлади.

Марказий Осиё минтақаси, жумладан Ўзбекистон узоқ йиллар давомида Европа томонидан инкор этиб келинган. Ажабланарли томони 2019 йилдан ЕИ Марказий Осиё давлатларининг барчаси учун асосий савдо шеригига айланиб, умумий савдо ҳажмининг 24,1% унга тўғри келган. Шу маънода Ўзбекистон ЕИнинг минтақадаги бизнеси учун идеал макон ҳисобланади. Минтақда кўзланган бизнес учун давлатда энг қулай шароитлар яратилган. Бунга Жаҳон банкининг бизнес юритиш осонлиги бўйича рейтингида Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан юқори кўрсаткичда эканлиги ҳамда давлатдаги кўплаб Европа корхоналарининг бугунги фаолиятларини қўшимча қилиш мумкин.

Минтақа давлатлари билан яқин қўшничиликка асосланган муносабатларда Ўзбекистон Президентининг узоқ йиллар давомида Марказий Осиёда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга доир ташаббуслари, хусусан, минтақа давлатлари чегараларини делимитация ва деморкация қилиш, сув ва чегара олди сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш масалалари, ва шу каби қатор тадбирлар Ўзбекистон томонидан минтақавий ривожланиш фаол мувофиқлаштирилаётганлигини кўрсатмоқда. Давлат ўзининг барқарорлиги, ривожланиши ҳамда ташқи сиёсий таъсир доираларидан ҳоли бўлишдан манфаатдор.

Давлат ва жамиятда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказишдек туб ислоҳотлар ҳеч қачон осон кечмаган. Бироқ Янги Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар замон талаб қилаётган, орқага қайтмайдиган жараён ва бунда мураккаблик ва турли курашларнинг бўлиши табиий. Курашлар қанчалик машаққатли бўлмасин, айни пайтда у миллионлаб кишиларни ўзига эргаштириб келажакка қатъий ишонч билан қарашга ундамоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг яқин қўшничилик сиёсатижаҳон сиёсий майдонида мутлақ янги ҳодиса бўлгани,хусусан, Президент Ш.Мирзиёевнинг муаммоларга бутунлай янги назар билан қараши, нафақат минтақа, балки дунёда юз бераётган ихтилофларни янгича тафаккур билан идрок қилиши, уни янгича тушуниши, бутунлай янги йўналишларга буриб юбориш йўлини тутганлиги билан баҳоланмоқда.

Хўжанов Б.А.

Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби Геосиёсат ва халқаро муносабатлар кафедраси мудири, сиёс.ф.н., доцент