Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити тадбирларида иштирок этади.
ТДТга бешта давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Венгрия, Туркманистон, Шимолий Кипр ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ушбу тузилмада кузатувчи мақомига эга.
“Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили Остона шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммитидаги нутқида. – 175 миллион аҳолини қамраб олган Ташкилотимиз ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир. Бизнинг мамлакатимиз Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман”.
Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилоти ўзининг ҳозирги номини Ўзбекистон Президенти таклифи билан 2021 йил 12 ноябрда олган. Бундан аввал эса тузилма Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан юритилган.
Бугунги кунда ТДТ барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали халқаро тузилмага айланди. ТДТ давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 1,6 триллион долларни ташкил этади ва 2024 йил охирига келиб туркий давлатлар иқтисодиёти 1,9 триллион долларга етиши кутилмоқда.
ТДТнинг асосий мақсади – қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, энергетика, туризм, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Ушбу мақсадни илгари суришнинг концептуал асоси 2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбул шаҳрида давлат раҳбарларининг 8-саммити якунлари бўйича қабул қилинган “Туркий нигоҳ – 2040” концептуал дастуридир.
Аъзо давлатлар ўз олдига ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро муносабатларни муҳокама қилиш ва чуқурлаштириш учун платформа яратиш, ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада ва бутун дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш вазифаларини қўйган. Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар умумий манфаатларга эга бўлган ташқи сиёсат масалалари бўйича, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва форумлар доирасида келишилган позицияларни ишлаб чиқишдан манфаатдор. Минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда рағбатлантириш, савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар, капитал, хизматлар, технологияларнинг эркин ҳаракатланиши ва молия-банк операцияларини соддалаштириш, ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсиш, ижтимоий ва маданий ривожланишга йўналтирилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим мақсадлардир.
2019 йилда ТДТга қўшилган Ўзбекистон учун ушбу тузилмада иштирок этиш нафақат иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки туркий дунёнинг умумий маданий ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон ижтимоий лойиҳаларни илгари суришда ташаббускорлик кўрсатмоқда ва умумий меросни асраб-авайлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда ўзини асосий шерик сифатида намоён этмоқда.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон ТДТга раислик қилди. Раислик бошланиши 2022 йилнинг ноябрь ойида “Турк цивилизациясининг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ташкил этилган Самарқанд ТДТ саммити билан белгиланди.
Ўзбекистон раислиги даврида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорлик учун қатор янги платформалар яратилди. Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти, Коинот тадқиқотлари академияси, Географик кенгаш, Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти, Нотариуслар иттифоқи каби тузилмалар фаолият кўрсата бошлади. Бир қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар – БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ўз раислиги даврида очиқлик, инклюзивликка асосланган ҳамда турли минтақалар ва цивилизацияларни ўз ичига олувчи ҳамкорликнинг хилма-хил ва мослашувчан шаклларига интилди.
Самарқанд саммити якунлари бўйича “2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегияси”нинг қабул қилиниши муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Ушбу ҳужжат туркий мамлакатларнинг “Туркий нигоҳ – 2040” концепциясини амалга ошириш бўйича биринчи йўл харитаси бўлди.
2023 йил 3 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланди.
“Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан”, – деди маросимда давлатимиз раҳбари, ҳамкасбларга миннатдорлик билдириб.
Ўзбекистон ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича самарали ташаббусларни илгари суриб, фаол позицияни эгаллашда давом этмоқда. Бугунги кунга қадар давлатимиз раҳбари томонидан ТДТ саммитларида илгари сурилган 60 дан ортиқ ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилди ва амалга ошириш жараёнида.
Мамлакатимиз маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш, Марказий Осиёни Европа ва бошқа минтақалар билан боғловчи янги савдо ва транспорт йўналишларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Таълим соҳасида Ўзбекистон талабалар ва тадқиқотчилар алмашинув дастурларида фаол иштирок этиб, туркий мамлакатлар университетлари ва илмий марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, қўшма таълим дастурлари ва тажриба алмашиш учун академик платформалар яратиш фаол қўллаб-қувватланаётир. Ўзбекистон ташаббусларининг муҳим жиҳати ҳам энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқишдир.
Бугунги кунда мамлакатимиз ташкилотнинг молиявий механизмларини, хусусан, жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган ТДТ Инвестиция жамғармасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкилотнинг Тараққиёт банкини тезроқ ишга тушириш тарафдори.
Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчилари билан икки томонлама ҳамкорлиги ҳам ижобий динамика билан тавсифланади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ТДТнинг барча давлатлари билан муносабатларини, хусусан, Туркманистон ва Венгрия билан стратегик шериклик, Туркия ва Қирғизистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжон билан иттифоқчилик даражасига кўтарди.
Инвестициявий ҳамкорлик кўлами ҳам изчил ошиб бормоқда. 2017-2022 йилларда ТДТ мамлакатлари Ўзбекистон иқтисодиётига 4 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди, бу белгиланган даврдаги умумий хорижий инвестициялар ҳажмининг 8 фоизини ташкил этади.
Мухтасар айтганда, Туркий давлатлар ташкилотининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган саммити Ўзбекистоннинг ТДТ салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббусларини илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Саммит натижалари эса, шубҳасиз, туркий халқлар фаровонлиги ва тараққиёти йўлида кўп томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитади.
“Дунё” АА