Бугун Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўз навбатида, Марказий Осиёда рўй бераётган глобал иқлим ўзгариши фонида минтақани асосий сув билан таъминловчи энг йирик сув артериялари Амударё ва Сирдарё сувидан ҳавза давлатлари манфаатларини тенг ҳисобга олган ҳолда фойдаланишни тақозо этади.
Хусусан, Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштирувчи комиссияси (ДСХМК)нинг 2023 йилги сув олиш тақсимотига кўра, бир йил ичида (2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача) Амударё ҳавзасидан олинадиган сув миқдори 55,4 млрд куб метрни ташкил этиши ва шундан 15,7 млрд куб метр сув вегетациядан ташқари даврга (2023 йил 1 апрелгача) тўғри келиши белгиланган. Бироқ, 2022 йил вегетация даврида Амударё ҳавзасидаги сув миқдори анча ноаниқ бўлганлиги сабабли, апрель-май ойларида у меъёрий чегарада бўлса-да, июнь ойидан бошлаб 65-85%гача камайган ва кўзланган меъёрдан паст бўлган. Сирдарё ҳавзасидан сув олиш лимити 2022 йилнинг 1 апрелидан 30 сентябргача 11,8 миллиард куб метрни ташкил этган бўлсада, амалда 10,1 миллиард куб метр сув олинган. Бундан кўриниб турибдики, минтақада трансчегаравий сув ресусрларидан самарали фойдаланиш механизми жорий этилмаса, истиқболда ҳавза давлатлари сув тақчиллиги муаммосига дучор бўлиши муқаррар.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, айни вақтда Марказий Осиё мамлакатларида аҳоли жон бошига сув ресурслари етарлилиги (тахминан 2,3 минг м3) ва муаммо сув тақчиллигида эмаслиги, балки сувдан норационал фойдаланишда эканлиги таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, мазкур ташкилот томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига биноан, Туркманистон йилига 5319 м3, Қозоғистон 2345 м3, Ўзбекистон 2295 м3, Қирғизистон 1989 м3 ва Тожикистон 1895 м3 сув истеъмол қилиши аниқланган. Бу билан Марказий Осиё давлатлари жаҳондаги энг кўп сув истеъмол қилувчи давлатлар ўнталигига киритилди.
Трансчегаравий сув ресурслари билан боғлиқ бугунги холат ва истиқболда кутилаётган экологик инқироз таҳдиди Ўзбекистонда трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш соҳасида самарали давлат сиёсатини юритишни талаб этади.
Албатта, Ўзбекистон сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий шароитлар ва талабларга мослаштириб келмоқда. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ сувдан фойдаланиш масалаларини давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгилади. Биргина, 1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлса, халқаро миқёсда мамлакатимиз “Халқаро кўллар ва трансчегаравий сув артерияларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш Конвенцияси” (Хельсинки 1992 йил 17 март) ҳамда БМТнинг “Халқаро сув оқимларидан кема қатновисиз фойдаланиш ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”лари (Нью-Йорк 1997 йил 21 март) аъзоси сифатида мустақил сиёсат юритиб келмоқда.
Шунингдек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш (31-мақсад) кўзда тутилган бўлса, 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 3-бўлимида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ташкилий ва амалий чора-тадбирлар белгиланган. Шу билан бирга, соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва 2023 йил 23 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди. Умуман олганда, мамлакатимизда бу каби қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши, келгусида сув ресурсларини бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда давлатимиз раҳбарининг халқаро миқёсдаги ташаббуслари ва сиёсий иродаси натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳам янгича тус олди. Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим минтақа сифатида белгиланди. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бундай ёндашув, минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммоларини тинч йўл билан ҳал этишга ҳам ижобий таъсир ўтказганини айтиш лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги баёнотида сув муаммосига БМТ шафелигида минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ёндашиш зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган конвенция лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Мамлакатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилаётганлиги ва сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ҳамда атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини қайд этиб, Марказий Осиёни иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди. Президентимиз, Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамиздаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиш тенденциялари тўғрисидаги маълумотларни бутун дунё ҳамжамиятига маълум қилди. Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.
Мазкур сессияда Ш.Мирзиёев томонидан “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
2023 йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси Марказий Осиёни қийнаётган долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Ўзбекистон бошчилигида қатор давлатлар коалицияси ҳаммуаллиф бўлган ушбу ташаббус минтақамизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда жамоавий ҳаракатларга содиқлигини тасдиқлайди.
Покистон тадқиқот маркази ижрочи директори Холид Таймур Aкрам сўзларига кўра, “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” номли резолюцияда иқлим ўзгариши давримизнинг барқарор ривожланишига жиддий тўсиқ бўлаётган энг мураккаб муаммоларидан бири сифатида ифодаланган. Резолюция Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши туриш, жумладан, барқарор қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндини қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, “ақлли шаҳарлар”ни яратишга доир тавсияларни қамраб олган.
“БМТ – сув ресурслари” техник маслаҳат механизми дастури раҳбари Леанне Берней “биз БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинганини олқишлаймиз. Ушбу муҳим резолюцияда белгиланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, экотизимларни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш каби асосий устувор вазифалар “БМТ – сув ресурслари” дастури мақсадларига тўла мос келади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблеянинг 78-сессиясидаги маърузасида сув ресурслари муаммоларига алоҳида эътибор қаратганидан хурсандман. Ўзбекистон раҳбари ўз маърузасида олти марта сув муаммосини тилга олди. Бу бизни чуқур руҳлантирди. “БМТ – сув ресурслари” давлатингиз раҳбарининг халқаро ташаббусларини амалга оширишда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қатъий интилишини тасдиқлайман”.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 15 сентябрда Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг навбатдаги саммитида Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш муаммолари узоқ муддатга мўлжалланган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этаётганини таъкидлаб, қуйидаги бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди:
биринчидан, Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш;
иккинчидан, асосий ҳужжатлар ва битимларни хатловдан ўтказиш, жумладан, 1990 йилларда қабул қилинган жамғарма низомини қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилма фаолиятини биргаликда таҳлил қилиш ва жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш;
учинчидан, жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ – овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш;
тўртинчидан, жамғарма бошқарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини беришни ва бунда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлаш;
бешинчидан, сув ресурслари, энергетика ва экология вазирларининг мунтазам учрашувлари учун минтақавий платформа ташкил этиш;
олтинчидан, Афғонистон вакилларини сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқиш кабилар.
Шавкат Мирзиёев ўз маърузаси якунида Афғонистон томонидан Амударёда қурилаётган Қўштепа канали ҳақида тўхталиб, мазкур каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлигини айтди ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ҳамда унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг қўшнилар билан дўстона муносабатларни йўлга қўйиши натижасида трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш бўйича зиддиятлар барҳам топиб, сув бўйича муаммолар ҳам ечилмоқда. Қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки тарафлама ва кўп томонлама манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ишлари тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
2017-2024 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан сув дипломатияси тарихий натижаларга олиб келди. Ўзбекистоннинг ушбу давр мобайнидаги минтақа давлатлари билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш масалалари юзасидан олиб борган сиёсати соҳадаги кўплаб муаммоларнинг дипломатик ечимларини топишга кўмаклашганлигини қуйидаги тарихий келишувлар мисолида кўришимиз мумкин:
2017 йилда Ўзбекистон – Қирғизистон сув масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузилиб, ҳар икки давлат Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни 2022 йилда ратификация қилишга эришди.
2018 йилда Ўзбекистон – Тожикистон Фарход ва Роғун ГEСлари юзасидан ўзаро манфаатли келишувга эришган бўлса, 2022 йилда ҳар икки мамлакат давлат раҳбарлари Зарафшон дарёсида Ёвон ГEС қурилишини бошлаб беришди.
2021 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Тўқтағул сув омборидан фойдаланиш масалаларида келишувга эришилди. 2023 йилнинг январь ойида ушбу давлатлар Қамбарота-1 ГEС қурилиши лойиҳасини тасдиқлашди ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота-1 ГEС қурилиши юзасидан инвестициявий битим имзоланди.
2023 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ҳамда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасида “Бахри тожик” сув омборини 2023 йил июнь-август ойларида ишлатиш бўйича уч томонлама баённома имзоланди ва бу келишув 2023 йил ёзги вегетация даврини муваффақиятли ўтказишга хизмат қилди.
2023 йил 21 август куни Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти Чўк-Таль қишлоғида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги хизмати ўртасидаги қўшма сув хўжалиги комиссиясининг учинчи йиғилиши ўтказилди ҳамда Давлатлараро сув манбаларидан сув олиш режа-жадвалларини келишиш ва тасдиқлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
2024 йил февраль ойида Швейцария ҳукуматининг Blue Peace Central Asia ташаббуси билан Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ҳамда Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазири томонидан трансчегаравий Катта Фарғона канали ва Шимолий Фарғона канали бўйлаб иккита гидропост очилди. Мазкур гидропостлар Сирдарёнинг юқори оқимидан сув олувчи Шимолий ва Катта Фарғона каналлари сувини аввал Ўзбекистонга, кейин эса Тожикистонга қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш салоҳиятини яхшилашга хизмат қилди десак, адашмаган бўламиз.
Аҳамиятли жихати, 2024 йил март ойи аввалида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзени қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, шу жумладан Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва келажакда биргаликда амалга ошириладиган режалар кўриб чиқилди. Марказ билан ҳамкорлик тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, тинчликни мустаҳкамлашда аёллар ва ёшлар салоҳиятидан фойдаланиш, низоларнинг олдини олиш ва ҳал этиш, шунингдек, трансчегаравий сув ва энергия ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади. Каха Имнадзе Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ўзаро муносабатлари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳар жиҳатдан ўсишни таъминлашга хизмат қилаётганига, бунда Ўзбекистоннинг алоҳида ҳиссаси бор эканлигини таъкидлаб ўтди.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистоннинг ташаббускорлиги ва сиёсий иродаси натижасида эришилган мазкур тарихий келишувлар, авваламбор, халқимиз, давлатимиз иқтисодиёти ва келажак авлоднинг сувга бўлган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган. Зеро, Ўзбекистон трансчегаравий сув ва энергия ресурсларидан оқилона ҳамда комплекс фойдаланиш тарафдори бўлиши билан бирга, Марказий Осиёнинг экологик барқарорлигига доимий равишда аҳамият беради. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёга ҳар томонлама ёндашуви минтақада тинчлик, иқтисодий тараққиёт ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка кўмаклашишга қаратилган, дея хулоса қилишимиз мақсадга мувофиқ.
Санжар Умирзақов,
мустақил тадқиқотчи