“ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ” ижодий ишлар танлови

Ўзбекистонда яшовчи фуқаролар ҳамда яқин ва узоқ хорижда яшовчи ўзбек диаспораси, хориждаги “Ўзбек тили дустлари” клублари аъзолари, шунингдек, барча ўзбек тилини ўрганувчилар ўртасида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” ижодий ишлар танловини (бундан кейинги ўринларда Танлов деб юритилади) ўтказиш режалаштирилган.

Танлов қуйидаги боскичларда ўтказилади:

  • ижодий ишларни қабул килиш – 2020 йилнинг 15 июлидан 20 сентябригача;
  • ижодий ишларга ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида онлайн овоз – бериш 2020 йилнинг 20 сентябридан 1 октябригача;
  • ижодий ишларни кўриб чиқиш ва бахолаш – 2020 йилнинг 2 октябридан 10 октябригача;
  • ғолибларни тақдирлаш – 2020 йилнинг 11 октябригача.

Танловда иштирок этиш тартиби:

  • Танловда ёшидан ва миллатидан қатъи назар, Ўзбекистонда яшовчи фуқаролар ҳамда яқин ва узоқ хорижда яшовчи ўзбек диаспораси, хориждаги “Ўзбек тили дўстлари” клублари аъзолари, шунингдек, барча ўзбек тилини ўрганувчилар, шунингдек, видеомаҳсулотлар яратиш билан шуғулланувчи барча шахслар иштирок этишлари мумкин.
  • Танловга такдим этиладиган ижодий иш якка тартибда ёки жамоавий тарзда бажарилган булиши мумкин.
  • Иштирокчилар (иштирокчилар жамоаси)нинг тақдим этиши мумкин бўлган ижодий ишлари миқдори чекланмаган.

Танловга қуйидаги йўналишлар бўйича ижодий ишлар қабул қилинади:

Бадиий асарлар:

  • шеърий асарлар (хажми 30 мисрагача);
  • насрий асарлар (кичик ҳикоя, ҳажми 3600 босма белгигача);
  • публицистика (мақола, очерк, лавҳа, ҳажми 5400 босма белгигача);
  • ўзбек тилининг хориждаги тарғиботи (ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан хорижда ўзбек тилини илмий, бадиий, мусиқий, аудио, видео маҳсулотлар яратиш орқали тарғиб қилишга қаратилган);
  • Ижтимоий видеороликлар танлови икки йўналишга кўра амалга оширилади:
  • ҳаваскор видеотасвир (бунда қатнашувчи етарлича тасвир зичлигига эга бўлган ҳар қандай қурилма ёрдамида тасвирга олинган видеолавҳа билан қатнаша олади);
  • профессионал видеотасвир (профессионал видеомаҳсулот яратишга ихтисослашган якка кишилар ёки ижодий жамоалар томонидан яратилган видеомаҳсулотлар).

Танловга такдим этиладиган ижодий ишлар қуйидаги мавзу йўналишларида бўлиши тавсия этилади:

  • ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши (архив маълумотлари мажмуи), давлат тилининг амал қилинишининг тарихий босқичлари;
  • мустақиллик йилларида давлат тилини ривожлантириш, давлат тили туғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг ҳолати, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини бунёд этишга қаратилган шарт – шароитлар;
  • мамлакатимиздаги тарихий жойлар, қадимий шаҳарлар, тарихий – меъморий ёдгорликлар, меъморий мажмуалар, обидаларнинг номларини тарихий ва илмий асослар билан шарҳлаш;
  • мамлакатимизда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш борасидаги фаолиятни ёритиш;
  • давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб- қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттириш;
  • ўзбек тилининг ривожланиши ва ўзбек тили қоидаларининг назариясини яратишга ҳисса қўшган ўзбек адабиёти дурдоналари ва уларнинг муаллифлари ижодини тараннум этувчи материаллар яратиш;
  • ўзбек тилининг халқаро мавкеини мустаҳкамлашни тарғиб этиш, шунингдек, халқ оммасида давлат тилига нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялашга қаратилган ишлар жараёнига эътибор қаратиш;
  • ёшлар онгу шуурига она тилига нисбатан эҳтиром туйғусини сингдирувчи таъсирли воқеаларни тасвирлаш;
  • эркин мавзу танланса-да ўзбек тилига муҳаббатни тараннум этувчи залворли хулосани бериш.

Танловга ижодий ишларни такдим этиш тартиби ва бахолаш мезонлари:

  • Танлов учун ижодий ишлар электрон шаклда тақдим этилади ва www.til.gov.uz сайтига жойлаштирилади;
  • Танлов иштирокчиси уз ижодий ишига шарҳ сифатида ижодий ишнинг бош ғоясини тушунтирувчи (бўшлиқлар билан ҳисоблаганда) 300 босма белгидан ошмайдиган матн ёзиб қолдириши мумкин;
  • Танловга белгиланган мавзу ва йуналишларга мос келадиган бадиий – назмий, насрий асарлар, публицистик мақолалар, ўзбек тилининг хориждаги тарғиботи (ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан хорижда ўзбек тилини бадиий, мусиқий, аудио, видео маҳсулотлар яратиш орқали тарғиб қилишга қаратилган) ва видеороликлар тақдим этилиши мумкин.

Такдим этилган ижодий иш ёки дастурий маҳсулот сайтга жойлаштирилгандан кейин иштирокчи info@til.gov.uz электрон почта манзилига:

  • сайтга жойлаштирилган ижодий ишига ҳавола;
  • танлов иштирокчисининг анкетаси;
  • хажми 300 dp дан кичик бўлмаган портретли фотосуратини юбориши лозим.

Электрон шаклда тақдим этилмаган ижодий ишлар танловда иштирок этмайди.

Ижодий ишлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

  • Ғоянинг оригиналлиги ва долзарблиги. Ижодий иш танлов талабларига жавоб бериши ҳамда унда акс эттирилган воқеа-ҳодисанинг аҳамияти тўлиқ очиб берилиши керак;
  • Мавзуга мослиги. Ижодий иш танлов мавзусига ҳамда танлов олдига қуйилган мақсад ва вазифаларга мос келиши керак;
  • Ғоянинг янгилиги ва антиқалиги. Ижодий иш сюжети оригинал бўлиб, аввал яратилган бошқа ижодий ишларнинг сюжет ва ғоясини такрорламаслиги керак.
  • Видеороликларни баҳолаш жараёнида мусиқали фон, видеоэффектлардан фойдаланилганлиги, томошабинда туйғу ва тасаввур уйғота олиши, креативлик, ишнинг услубий жиҳатдан ўзига хослиги, бадиий ва техник даражаси, эфирга узатиш имконияти ҳам инобатга олинади.

Видеороликларга қуйиладиган талаблар:

  • видеоролик формата – эркин (MPEG, DV, AVI, MOV, DVD, HD, FLV, MKV);
  • видеороликнинг минимал ҳажми – экран кенглиги 16:9, тасвир зичлиги 1280×720 (HD) ёки 1920×1080 (Full HD), битрейт 1000 кбит/с;
  • видеороликнинг максимал давомийлиги – 3 дакика;
  • Видеоролик тасвирида муаллифнинг бевосита иштироки шарт эмас;
  • Видеороликни суратга олиш ва монтаж жараёнида махсус дастур ва ускуналардан фойдаланиш иштирокчи (ижодий иш муаллифи)нинг ихтиёрига ҳавола этилади;
  • Видеоролик жанри (репортаж, видеоклип, анимацион сюжет ва бошқалар)ни иштирокчининг ўзи белгилайди;
  • Видеороликда мавзуга оид фотосуратлардан фойдаланиш мумкин.

Танлов иштирокчиси ижодий иш(лар)ини исталган видеохостингда жойлаштириб, иштирокчи анкетасини тўлдиришлари ёки “Кадринг баланд бўлсин, она тилим” танловига” қайди билан ўз исм-шарифи, ёши, телефон рақами ва манзили хақидаги маълумотларни танловнинг электрон почта манзилига юбориши мумкин.

Танловга такдим этилган ижодий ишлар олдиндан кўриб чиқилгач, материаллар www.til.gov.uz сайтига жойлаштирилади.

Ижодий ишлар танлов мавзусига мос келмаса, бадиий-эстетик савияси паст бўлса ёки уларни яратишда техник талаблар бузилган тақдирда танловга қуйилмаслиги мумкин.

Танловга реклама, ғайриахлокий, шунингдек, бошқа инсонлар (халқлар)нинг урф-одатлари, анъаналарини камситувчи, сиёсий беқарорликка ундовчи ва диний экстремистик рухдаги ишлар қабул қилинмайди.

Муаллифлик ҳуқуқлари:

  • Танловда иштирок этаётган ижодий ишларда муаллифлик ҳуқуқлари бузилганида ишни танловга тақдим этган муаллиф (муаллифлар жамоаси) жавобгар ҳисобланади;
  • Ижодий ишни танловга тақдим этиш билан муаллиф (муаллифлар жамоаси) ташкилотчиларга мазкур ишдан фойдаланиш (интернет тармоғи, теледастурларда жойлаштириш ва бошқа) ҳуқуқини топширади;
  • Ижодий ишда бошқа иштирокчи ёки муаллифларнинг ҳар қандай ижодий ишларидан (назмий, насрий ва публицистик асарлардан, шу жумладан, видео, реклама роликлари, киноматографик асарлари)дан нусҳа олишга йул қўйилмайди;
  • Танлов иштирокчиси тақдим этилган ижодий иш(лар)нинг муаллифи эканлигини, уларнинг ижодий ишида бошқа шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқини бузилмаганлигини кафолатлайди. Мазкур талаб бузилган тақдирда, иштирокчи ташкилотчиларга етказилган барча зарар ҳамда ташкилотчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун сарфланган ҳаражатларини қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олади;
  • Танлов иштирокчиси сайтда рўйхатдан ўтаб, ўз ижодий ишини жойлаштириш билан ушбу ижодий иши баҳолаш жараёнида ошкора намойиш этилиши ва муҳокама қилинишига ўз розилигини билдиради;
  • Танлов иштирокчиларининг ижодий ишларига муносабат билдирилмайди ва қайтарилмайди;
  • Танловда тегишли ўрин олмаган ишлардан келгусида муаллифлар ўз хохишига кўра фойдаланишлари мумкин.

Танловга тақдим этилган ижодий ишлар тегишли номинация бўйича икки (хаваскор ва профессионал) йўналишда қуйидаги тартибда аниқланади:

  • ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида онлайн овоз бериш орқали энг кўп овоз тўплаган иштирокчилар орасидан учта ўрин (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланади;
  • экспертлар кенгашида овозга қўйиш йўли билан энг кўп овоз тўплаган ишлар муаллифлари орасидан учта ўрин (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланади.

Танлов натижалари ва ғолибларнинг рўйхати тантанали тақдирлаш онлайн ўтказилади ҳамда танловнинг расмий сайта ҳамда ахборот ҳамкорлари ҳисобланган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг махсус совғалари билан тақдирланади.

Танлов натижалари www.til.gov.uz сайтида эълон қилинади. Қўшимча маълумотлар учун телефон: +77292777117.