ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида

Мазкур қарор билан қонунчиликка мувофиқ ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда бериладиган мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиология хулосаси, экологик сертификат мавжуд бўлиш талаб этиладиган товарларни «Ягона ойна» – http://singlewindow.uz/, http://sw2.customs.uz/ божхона ахборот тизимида уларнинг берилиши тасдиқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишга рухсат берилиши ҳамда аввал дастлабки божхона декларацияси тақдим этилган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона юк декларацияси рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб уч соат ичида амалга оширилиши тартиблари ўрнатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги
762-сон “Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён қилиниши белгиланган:

“2. Белгилаб қўйилсинки, ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида дастлабки электрон тарзда олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали:

автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;

темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин;

узоқ йўналишни амалга оширишда – ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан икки соат олдин;

қисқа йўналишни амалга оширишда – ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши шарт.”.

Мазкур ҳужжат 2020 йил 2 апрель кунидан бошлаб кучга киради.