Ўзбекистон раислигида ўтказилган МДҲга аъзо давлатлар Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ўттизинчи йиғилиши иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёев табрик йўллади

Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги доирасида 9 октябрда видеоконференцалоқа шаклида МДҲга аъзо давлатлар Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ўттизинчи юбилей йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди.

Тадбир муқаддимасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш иштирокчиларига йўллаган табриги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Қайд этиш ўринлики, бу каби халқаро нуфузли анжуманларнинг Ўзбекистон раҳбарлигида юқори савияда ўтказилаётгани давлатимизнинг тубдан янгиланган ташқи сиёсати самарасидир.

Жумладан, 2016 йилнинг декабрида Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари Кенгашининг Бош прокурорлар Мувофиқлаштирувчи кенгашига оид қарорларига қўшилди.

Бу эса, Ўзбекистон Бош прокуратурасига Кенгаш фаолиятидаги иштирокини кучайтириш, унинг майдонидан конструктив мулоқот ва ўзаро тажриба алмашиш учун самарали фойдаланиш имконини яратди.

Маълумки, Ўзбекистон жорий йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилмоқда.

Ушбу ваколат доирасида Бош прокуратура томонидан МДҲга аъзо давлатлар Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ўттизинчи, яъни, юбилей йиғилиши, ушбу Кенгаш ташкил этилганининг 25 йиллигига ҳамда унга давлатлараро орган мақоми берилганининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилаётгани муҳим аҳамиятга, ўзига хос рамзий маънога эга.

Зотан, Президентимизнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган қутловида қайд этилганидек, Бош прокурорлар Мувофиқлаштирувчи кенгаши замонавий жиноий таҳдидларнинг самарали олдини олиш ва уларга адекват жавоб қайтаришга қодир бўлган МДҲ давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган тузилма бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича қўшма дастурлардаги тадбирларни рўёбга чиқаришдаги ўзаро фаол ҳаракатлар эса Ҳамдўстлик доирасида идоралараро ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Анжуман якунида қабул қилинган қарорлар ҳам МДҲ маконида жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлигини ва ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳаларида давлатларимиз прокуратураларининг ҳамкорликдаги фаолиятини янги босқичга кўтариши шубҳасиздир.

Айниқса, бугунги қарорларнинг пандемия шароитида орттирилган тажриба ва сабоқлар ҳисобга олиб қабул қилингани хавфсизликни таъминлаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, МДҲ ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши алоҳида таъкидланди.

Жумладан, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан прокурор назоратини таъминлаш, коррупция, экстремизм ва терроризмга қарши курашда прокуратура органлари ролини кучайтириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш, шунингдек, прокуратура органлари кадрлар салоҳиятини юксалтириш каби қатор долзарб масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларида инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг сўзсиз рўёбга чиқарилишига хизмат қилади.

Йиғилишда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг аъзолари, Кенгаш ижроия котиби Леонид Ермолаев, МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг 1-ўринбосари Виктор Гуминский ҳамда Прокурорлар халқаро ассоциациясининг президенти Чхоль-Кю Хван иштирок этди.

МДҲга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг навбатдаги йиғилишини 2021 йил Қозоғистон Республикасида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қайд этиш керакки, Кенгаш аъзолари, хусусан Кенгаш раиси, Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан ўтказилган мазкур анжуманни ташкил этиш жараёнларини юқори баҳолади ҳамда уни ижобий тажриба сифатида ўрганиш таклифини илгари сурди.