Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Ҳ.Комиловнинг МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича брифингдаги нутқи

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, деб белгиланган.

Ўзбекистон МДҲни кўп қиррали амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, биринчи навбатда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш соҳасидаги муҳим майдон сифатида кўради.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз ўз тарихида биринчи марта 2020 йилда МДҲ раислигини қабул қилди. Кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Шу мақсадда 70 га яқин турли тадбирларни ўз ичига олган раисликнинг Концепцияси ва уни амалга ошириш Режаси тасдиқланди. Ушбу тадбирларнинг 40 тасини Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилган.

Албатта, 2020 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси, МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси, шунингдек, МДҲ Иқтисодий кенгаши мажлиси раислигимизнинг энг муҳим ва аҳамиятли воқеалари бўлади.

Ҳамдўстлик мамлакатлари ва бутун дунёдаги оғир эпидемиологик вазиятга қарамай, бугун Ўзбекистон ташаббуси билан МДҲ фаолияти доирасида илк марта видеоконференция шаклида Ҳамдўстлик Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси самимий ва дўстона муҳитда ўтди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари билан биргаликда кун тартибидаги масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилдик ва кутилган натижаларга эришдик.

Хусусан, транспорт, таълим, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар кўриб чиқилди ва маъқулланди. Ушбу ҳужжатлар Ҳамдўстлик иштирокчи давлатлари раҳбарлари ва ҳукумат раҳбарларининг бўлажак мажлисларига тақдим этилади.

Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ташқи ишлар вазирликлари ўртасида кўп даражали Маслаҳатлашувлар режаси тасдиқланди.

Бугун фашизм устидан қозонилган умумий Ғалабамизнинг 75 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар билдирилди ва МДҲ мамлакатларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Ушбу борада 9 май куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб қурилган ноёб Ғалаба боғи очилиши барча МДҲ мамлакатларида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир кун тартибига киритилган Ҳамдўстлик халқлари фаровонлигини таъминлаш учун МДҲ доирасида кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликнинг қўшимча заҳираларини ишга солиш масалалари ҳозирги мураккаб даврда ҳар доимгидан ҳам долзарбдир.

Шу мақсадда жорий йилнинг 29 май куни Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисини ҳам видеоконференсалоқа шаклида ташкил этиш ташаббуси билан чиқдик.

Ишончим комилки, МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг бугунги мажлиси натижалари Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни тизимли ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистон раислиги олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга оширишга мустаҳкам замин яратади.

Эътиборингиз учун раҳмат.