Ўзбекистон дипломатлари Қозоғистонда вақтинчалик меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олди

АКТАУ, 18 апрель. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Актау шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари ушбу шаҳардаги 17 ва 18 кичик-туманларда жойлашган “КазЭлитСтрой” ва “Zelmar Stroy”  корхоналарига қарашли қурилиш объектларига 2021 йил 17 апрель куни Ўзбекистондан вақтинчалик ишлаш учун келган 118 нафар фуқаромиз ҳолидан хабар олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида ватандошларимиз ишлаётган  объектларда меҳнат меъёрлари яхши йўлга қўйилгани, иш ва дам олиш вақтлари ўзаро келишилган ички тартиб асосида белгилангани, ойлик маошлари ўз вақтида берилаётгани ва иш жараёни билан боғлиқ масалаларда муаммолар йўқлигини маълум қилди

Ўз ўрнида консуллик ходими юртдошларимизни иш берувчи ва ишчилар ўртасида тузилган келишув шартларига тўлиқ амал қилиш, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузмаслик, мезбон дават қонунчилиги ҳамда карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Шунингдек Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар жараёни ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги янгиликлар, “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолияти, меҳнат мигрантлари учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берди.

Ватандошларимиз консуллик-ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

https://dunyo.info/cyrl/site/inner/ozbekiston_diplomatlari_qozogistonda_vaqtinchalik_me%D2%B3nat_qilaiotgan_vatandoshlarimiz_%D2%B3olidan_habar_oldi-idD