Янги Ўзбекистон: сайлов кодекси, сайлов амалиёти ва янгича сайлов дунёқараши

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Cайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев ишончли ғалаба қозонди: 80,1 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига иккинчи муддатга сайланди.

Сайлов қонунчилигига жорий йил 8 февраль ва 31 май кунлари ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда, аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахборот воситалари ҳамда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилди.

Биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкасига ўрнатилган 414 та видеокамера (бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрсаткичдан 147 фоиз кўп) орқали узатилган онлайн намойиш миллионлаб одамлар овоз бериш жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиб бориши учун қулай имконият туғдирди. бу жараён, айниқса, марказий сайлов комиссиясининг сайлов портали ва матбуот хизмати биносидаги улкан экранда, шунингдек, “Ўзбекистон-24” телеканали орқали тўғридан-тўғри ҳамда узлуксиз тарзда кўрсатиб борилди.

Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, ушбу сайловнинг бир қатор алоҳида хусусиятларини санаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи хусусияти: Ўзбекистон Конституциясининг 117­моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, Президент сайлови илк марта октябрь ойида ўтказилди. Илгари аҳолининг сайлов овозига эга 6­7 миллион нафар вакили бу даврда пахта йиғим­теримида банд бўлиши ҳисобга олиниб, Бош қонунимизда сайловларни декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланганди.

Бу, бир томондан, жойлардаги сайлов участкаларини қишнинг совуқ ва қор­қировли кунларида овоз бериш учун тайёрлашда кўплаб муам моларни келтириб чиқарса, иккинчи томондан, фуқароларнинг сайловда иштирок этиш фаоллигига ҳам муайян даражада салбий таъсир кўрсатмай қолмасди. Шу маънода, бу галги Президент сайлови октябрь ойида ўтказилгани бундай муаммоларга осон ечим топиш имкониятини яратди.

Натижада сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчидан Президент сайловида, чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 16 миллион 212 минг 343 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизи. 421 минг 176 нафар сайловчи жорий йил 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Иккинчи хусусияти: сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур барча шарт­шароит яратилди. Сайлов пандемия шароити талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтди.

Округ ва участка сайлов комиссияларига бир марта қўлланиладиган 12 миллион 700 минг дона тиббий ниқоб, 21,5 минг литр антисептик восита ва бошқа турдаги ҳимоя ҳамда дезинфекция воситалари етказиб берилди. Сайлов комиссияларининг 142 минг нафардан зиёд аъзоси коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмланди.

Учинчи хусусияти: Президент сайлови илк маротаба 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси амалда жиддий синовдан муваффақиятли ўтди.

Бу ўринда сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берганига эътибор қаратиш лозим. Халқаро ва хорижий экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайлов ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.

Хусусан, сайлов қонунчилигига жорий йил 8 февраль ва 31 май кунлари ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда, аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахборот воситалари ҳамда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилди.

Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими янада такомиллаштирилди.

Тўртинчи хусусияти: сайлов демократик руҳда, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида бўлиб ўтди. Партиялараро қизғин кураш муҳитида ўтган сайловда ҳар бир партия номзоди ўз дастури билан ҳамда номзодларнинг ишончли вакиллари фаол қатнашди, барча ҳудудларда сайловолди ташвиқот-тарғибот тадбирларини ўтказди.

Президентликка номзодларнинг ҳар бири учун “Ўзбекистон­24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” ҳамда “Маданият ва маърифат” телеканалларида 210 дақиқа бепул эфир вақти ажратилди. Ҳар бир телерадиоканалда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар 150 сонияли блокда 4 мартадан эфирга узатиб борилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 13 та минтақавий телеканалида эса, шу мақсадлар учун 1 минг 900 дақиқа вақт ажратилди.

Бешинчи хусусияти: Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини Сайлов кодекси талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ва календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этгани сайловнинг сифати ҳамда савиясига бевосита ижобий таъсир кўрсатди.

Бунда, айниқса, сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилгани муҳим аҳамият касб этди.

Олтинчи хусусияти: сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали кенг ёритиб борилди. Бу борада, айниқса, ижтимоий тармоқлар ниҳоятда фаол бўлди. Ушбу омиллар, ҳеч шубҳасиз, Президент сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигига, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилишига яқиндан хизмат қилди.

Сайловолди ташвиқоти даврида президентликка номзодларнинг ҳар бири учун мамлакат аҳамиятига молик даврий нашрлар — “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари — 5 саҳифадан, шунингдек, “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари 5,5 саҳифадан жой ажратди. Ҳудудлардаги 26 та маҳаллий газета ҳар бир номзодга 42 саҳифадан жой тақдим этди.

Еттинчи хусусияти: илк бор номзодларнинг вакиллари ўртасида теледебатлар ўтказилди. Теледебатлар сайловчиларга ҳар бир сиёсий партия илгари сураётган ғояларни таққослаш, партияларга эса давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришларга доир қарашларини, янги таклиф ва ташаббусларини эркин ифода этиш имконини берди.

Саккизинчи хусусияти: президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайлов дастури акс этган 847 минг 370 дона ташвиқот плакати ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ҳамда илк маротаба тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида чоп этилди. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар мамлакат бўйлаб ўрнатилган 421 та электрон мониторда мунтазам намойиш этилди.

Тўққизинчи хусусияти: имконияти чекланган фуқароларнинг сайловда тўлақонли иштирок этиши учун тарғибот материаллари ва сайлов бюллетенлари брайль алифбосида чоп этилиб, аудиоёзувда тарқатилди, сурдо таржима билан таъминланди.

Ўнинчи хусусияти: фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳаллалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, миллий маданий марказларнинг кўп минг сонли вакиллари ҳамда волонтёрлар сайлов кампаниясининг барча босқичларида кенг ва фаол иштирок этди.

Ўн биринчи хусусияти: сайлов жараёнларини 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 1 минг 439 нафар вакили ва 140 дан ортиқ нуфузли хорижий ОАВнинг 233 нафар журналисти ёритиб борди. Шу мақсадда рўйхатдан ўтказилган жами оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 1 минг 672 нафарни ташкил этди.

Сайлов кампанияси давомида хорижий ва миллий нашрларда 76 мингдан зиёд материал эълон қилинди. Бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрасткичдан 34 мингта кўпдир.

Ўн иккинчи хусусияти: сайловни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамб леяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби 20 га яқин нуфузли халқаро ташкилотдан 631 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди.

Шунингдек, 50 га яқин давлатдан 340 нафар хорижий кузатувчи ташриф буюрди ва сайлов жараёнларини кузатишда фаол иштирок этди. Сайлов жараёнларини кузатишда жами 971 нафар халқаро ва хорижий кузатувчи қатнашди.

Ўн учинчи хусусияти: сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар вакил миллий кузатувчи сифатида сайлов жараёнида фаол бўлди.

Ўн тўртинчи хусусияти: биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкасига ўрнатилган 414 та видеокамера (бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрсаткичдан 147 фоиз кўп) орқали узатилган онлайн намойиш миллионлаб одамлар овоз бериш жараёнларини тўғридан­тўғри кузатиб бориши учун қулай имконият туғдирди. Бу жараён, айниқса, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов портали ва Матбуот хизмати биносидаги улкан экранда, шунингдек, “Ўзбекистон­24” телеканали орқали тўғридан­тўғри ҳамда узлуксиз тарзда кўрсатиб борилди.

Ўн бешинчи хусусияти: ватандошларимиз учун 37 та давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига киритилган 299 минг 780 нафар фуқаромизга овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналарида расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловда қатнашарди.

Бу галги сайловда мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлмаган 11 та мамлакатда ҳам хориждаги юртдошларимиз учун зарур шароитлар туғдириб берилди. Яъни дунёнинг 149 та шаҳрида жами 380 та қўшимча кўчма сайлов участкаси ташкил этилди.

Ўн олтинчи хусусияти: ушбу сайловда илк бор овоз бериш кўрсаткичлари анча салмоқли бўлгани кузатилди. Бунда, бир томондан, биринчи марта конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган 887 минг 686 нафар ёш йигит­қиз, иккинчи томондан, кейинги даврда Ўзбекистон фуқаролигини олгани учун илк бор сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган минглаб юртдош ларимизнинг улуши кўзда тутилмоқда.

Буларнинг барчаси сўнгги йилларда жамиятимизда тобора мустаҳкамланиб бораётган очиқлик ва ошкоралик руҳининг сайлов жараёнида ҳам яққол намоён бўлганини исботлайди. Бинобарин, бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон улуғ аждодларимизнинг миллий ва тарихий анъаналарини давом эттириб, янада бойитиб, ҳар томонлама муттасил ривожланаётган замонавий демократик давлат сифатида бутун дунё эътиборини тортмоқда.

Шу маънода, Президент сайлови халқимиз юксак тафаккури ва донишмандлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу сайлов янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давомидир.

Президент сайлови: самарадор Ҳаракатлар стратегиясига муносиб баҳо ва “Янги Ўзбекистон стратегияси”га юксак ишонч ифодаси

Президент сайловида халқимиз нафақат давлат бошлиғини сайлади, балки янги Ўзбекистонимизнинг келажагини ҳам танлади. Эл­юрт истиқболи учун овоз берди.

Қолаверса, сайловда халқимиз ўтган беш йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ва самарадор ислоҳотларни муносиб баҳолади. Юртдошларимиз Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги шиддатли ва демократик ислоҳотларга ҳақиқий баҳо берди: халқимиз ушбу стратегик дастур муаллифи ва ташаббускори, ҳақиқий ватанпарвар ва фидойи инсон Шавкат Мирзиёевдан рози эканини амалда тасдиқлади.

Чиндан ҳам, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган қисқа даврда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар кечди. Давлат раҳбарининг халқпарвар ички ва ташқи сиёсати натижасида жонажон Ватанимиз изчил тараққий этиб, халқимизнинг бахти тўкис ва ҳаёти тобора фаровон бўлиб бормоқда.

Мамлакатимизда демократик тамойиллар асосида ижтимоий­иқтисодий ва маънавий­сиёсий муносабатларни қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, аҳолининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Инсон ҳуқуқлари, инсон қадри устувор аҳамият касб этмоқда.

Бугун Ўзбекистонда “Инсон қадри учун!” шиори кенг амал қилмоқда. Бунда, авваламбор, “Халқ — давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ҳаётимизга изчил жорий этилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари ташкил этилгани инсонни қадрлаш, қадр­қиммати ва иззат­обрўсини жойига қўйиш учун унинг муаммоларига ечим топиш, ташвишларини ҳал этиш ва дардига малҳам бўлиш жуда муҳим эканини амалда кўрсатди.

Дунёда дўстларимиз ва яқин ҳамкорларимиз янада кўпаймоқда. Мингдан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчи, жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократия ва рақобат руҳида, қонуний ва адолатли, очиқ ва шаффоф, холис ва ошкора асосда бўлиб ўтганини эътироф этди.

Сайловда Ўзбекистон халқи, бир томондан, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида амалга оширилган шиддатли ислоҳотларимиз самараларига юксак баҳо берди. Иккинчи томондан, сайловчилар ана шу ибратли ишларнинг давоми бўлган янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига комил ишонч билдирди.

Халқимиз Шавкат Мирзиёев билан ҳамиша биргалигини — биргаликда ягона ва якдил янги Ўзбекистонни бунёд этишга тайёр эканини шоён этгани бунинг яққол тасдиғи бўлди. Сайловчилар Ўзбекистон Президентининг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги эзгу ва ғоятда масъулиятли ишларини яна бир бор ўз овозлари ёрдамида фаол қўллаб­қувватлади.

Энг асосийси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида баён этилган ва халқимиз юксак ишонч билдирган янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида бугун ўзбекистонликлар ўз олдига жуда катта марраларни белгилаб олди. Ушбу эзгу йўлда халқимизни жипслаштирсак, барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган марраларга албатта эришамиз.

Янги Ўзбекистон ва янгича сайлов дунёқараши

Энг муҳими, Президент сайлови янги Ўзбекистонда янгича сайлов дунёқараши шаклланганини яққол кўрсатди. Бу, ўз навбатида, фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги юксалиб, янги Ўзбекистон тақдирига, демакки, ўзи ва оиласи келажагига дахлдорлик ҳисси янада ошиб бораётгани тимсолида рўй­рост намоён бўлди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш ҳамда эртанги кунимиз равнақида бугунги Президент сайлови ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда ушбу сиёсий жараёнга пухта ва қизғин ҳозирлик кўрилди.

Фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Сайлов демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси, халқ хоҳиш­иродасининг эркин ифодасидир. Мамлакатимизда яратилган мутлақо янги сайлов тизими фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилмоқда.

Сайлов жараёни халқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда, ошкоралик, кўппартиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ равишда бўлиб ўтди. Бунда сайлов тизимига оид қонунчиликда фуқароларнинг сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашиши, овоз бериш яширинлиги, буни ҳар бир фуқаронинг ўзи бевосита амалга ошириши белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этди. Аксарият халқаро, хорижий ва миллий кузатувчилар овоз бериш куни сайлов участкаларидаги гавжумлик, кўтаринки кайфият эътиборини тортганини алоҳида таъкидлагани диққатга сазовордир. Зеро, бу муҳим воқелик аҳолининг сиёсий онги ошганини кўрсатади.

Яъни юртдошларимизнинг сайловда фаол иштирок этгани ва овоз беришдек масъулиятли ишни сидқидилдан бажаргани халқимиз Ватанимизнинг келгуси тақдирини белгилаб олишдек фуқаролик бурчига асло бефарқ эмаслигидан ёрқин далолат беради. Энг муҳими, бундай фаол лик нафақат пойтахтимизда, балки барча ҳудудларда ва хорижий давлатларда ҳам бирдек намоён бўлди.

Давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий бурчидир. Президент мамлакатда ички ва ташқи сиёсатни юритиш, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни амалга оширувчи энг асосий ва муҳим шахс ҳисобланади.

Албатта, ғоятда масъулиятли ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш, мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш осон иш эмас. Шу жиҳатдан сайловда муносиб номзодга овоз беришнинг аҳамияти жуда катта эканини халқимиз теран англаб етди. Бу ҳақиқатни сайлов якунлари амалда тасдиқлади.

Сайловга мажбуран чорловларга йўл қўйилмади. Қолаверса, оила аъзоларидан бир кишининг барча бюллетенларни ташлашидек эскирган амалиёт бу галги овоз бериш жараёнида деярли учрамади.

Янги Ўзбекистон учун бўлиб ўтган янгича сайлов чин маънода шаффоф ва очиқ тарзда ташкил этилгани билан тубдан фарқ қилди. Сайлов кунига қадар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан обдон танишиб чиқиш имконияти яратилди.

Президентликка номзодларнинг чиқишларини оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали нафақат бутун халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги эмин­эркин кузатиб борди. Буларнинг барчаси, албатта, ўзбекистонлик ҳар битта сайловчи келгуси беш йилда Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун садоқат билан хизмат қилишга қодир, ўзи муносиб топган номзодга овоз бериши учун талаб этиладиган барча шароит ва имкониятлар ифодасидир.

Хулоса қилиб айтганда, дунёқарашнинг ўзгариши — энг катта ютуқ. Инсоннинг онги ва дунёқараши ўзгарса, унинг ҳаёти албатта, ўзгаради. Шу асосда, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Барчамиз биргаликда янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини албатта, амалга оширамиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этамиз! Учинчи Ренессанс пойдеворини биргаликда яратамиз”.

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори